Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

ЙПХ ходимида видеокамера бўлмаса ҳужжат тақдим этмаслик ҳуқуқи қолдириладими?

ЙПХ ходимида видеокамера бўлмаса ҳужжат тақдим этмаслик ҳуқуқи қолдириладими?

Фото: «Xabar.uz»

Кеча Адлия вазирлиги 1 июлдан ЙПХ ходимида видеокамера бўлиши шартлиги, мобил видеокамераси бўлмаган ЙПХ ходимига ҳайдовчи ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эгалигини эслатганди.

Буни қарангки, regulation.gov.uz порталидаги бир лойиҳа назаримиздан четда қолган экан. 14 июнь куни Ички ишлар вазирлиги томонидан порталга Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси жойлаштирилибди. Лойиҳа Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарорига бир қатор ўзгартиришлар киритишни назарда тутмоқда.

https://regulation.gov.uz/uz/document/3901

Унга кўра, мобил видеокамерага оид талаблар 2019 йил 1 июлдан эмас, балки 2020 йил 1 январдан кучга киришини белгилашмоқчи.

Бу нима дегани, биласизми? Бу Ҳукумат қарорлари қай даражада ўйинчоқ бўлиб қолганини кўрсатади. Ким нимани хоҳласа, шуни қиляпти. Ҳозир хоҳласа 2020 йил 1 январгача узайтиришади, ундан кейин хоҳласа 2030 йил 1 январгача узайтиришади, ундан кейин хоҳласа бутунлай бекор қилиб юборишади.

Ҳукумат қарорини ўз муддатида бажаришни эплай олишмадими, унда ҳадеб қарорларни ўйинчоқ қилавермасдан ва Бош вазир имижини соя остига қўймасдан (қарорни Бош вазир имзолайди-ку ҳар ҳолда), тинчгина айбни тан олиб, узр сўраб, келган жойидан давом эттирса бўлмайдими?

1 июлдан мобил видеокамераси бўлмаган ЙПХ ходимига ҳайдовчи ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эгалиги белгиландими, тамом, бу қоида ўзгармасин. Сиз улгура олмаган бўлсангиз, унда токи қарор ижросини таъминлагунингизгача ҳайдовчилар ҳужжатини текширишга ҳуқуқингиз бўлмаслиги керак.

Наҳотки шу қарорни халқ олдида ҳеч бир хижолат бўлмасдан тасдиқлашса? Наҳотки...

Видеоларни ГАИни рухсати билан жойлайсиз

Бундан ташқари ИИВ ўз лойиҳасида янада ажойиб ўзгаришларни таклиф этилмоқда.

Жумладан, ҳайдовчилар ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага ЙПХ ходими билан ўзаро муносабати қайд қилинган маълумотларни Интернет жаҳон ахборот тармоғига рухсатсиз жойлаштирмаслиги ҳақида талабни қўшишмоқда. Бунинг учун ўша ЙПХ ходимидан рухсат олиш керак эмиш.

Бу нима учун қилиняпти, ЙПХ ходимларининг хатолари, қонунга хилоф ҳаракатларини бировлар кўрмаслиги учунми? ЙПХ ходими давлат идорасининг вакили ҳисобланади ва жамоатчилик назорати нуқтаи назаридан унинг ҳаракатлари оммавий эълон қилиниши мумкин. Бу фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатишга оид конституциявий ҳуқуқи билан чамбарчас боғлиқ.

Хўп, ўша видеони Интернетга ўзимас, ўртоғи жойлаштирди, унда нима бўлади? Хўп, ўша видеони ўзи жойлаштирди, ундачи, унда нима бўлади? Жарима солинадими? Қайси модда билан? Бу саволларнинг бирортасига жавоб йўқ.

Хуллас, Ички ишлар вазирлигининг бир-биридан ажойиб таклифлари акс этган лойиҳа 29 июнгача муҳокама қилинади. Сиз ҳам муҳокамада қатнашинг ва фикрларингизни қолдиринг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг