«Ucell» раҳбари Владимир Кравченко: «Гапга уста эмасман, менга ишлаш ёқади» (видео)
Ucell компаниясининг раҳбари Владимир Кравченко оммавий ахборот воситалари ва блогерларга мурожаат билан чиқди:
«Ассалому алайкум, ҳурматли ва азиз дўстлар.
Ucell компаниясининг раҳбари этиб тайинланганимдан сўнг мени ҳаммасиданам кўп таъсирлантирган нарса – бу ҳар куни миллионлаб инсонларга хизмат кўрсатиш ва улар учун ишлаш бўлди.
Бу улкан масъулият одамга куч беради, аммо ўз ўрнида маънавий чарчатиб ҳам қўяди. Айниқса ҳозирги пандемия, карантин даврида бу масъулият ҳам, иш ҳам каррасига ошиб кетди.
Шу кунларда Фейсбукдаги ўзимнинг шахсий саҳифамда бир пост эълон қилган эдим. Унинг скриншотлари турли блогларда тарқалди.
Мен ўз сўзларимдан тонмайман, аммо шуни айтмоқчиманки, ўша постни бир қатор блогерлар ва бошқа ҳамюртларимиз сал бошқачароқ тушунишибди. Балким, бу менинг айбимдир, очиғи, гапга унчалик уста эмасман.
Менга ишлаш ёқади, ва атрофимдагиларни ҳам доимо шунга ундайман. Жамоамиз билан қилган меҳнатимизнинг натижалари ҳам намоён бўлмоқда: шу кунларда Ucell абонентлар сони бўйича Ўзбекистонда биринчи ўринга чиқди. Бундай ютуқлар янада кўпайиши учун бунданда кўпроқ ишлашга тайёрман.
Бўлиб ўтган вазият ҳақида узоқ гапириб ўтиришни лозим кўрмаяпман. Ягона нарсани тасдиқламокчи эдим: мен барча меҳнаткаш инсонларни, шу қаторда блогерларни ҳам ҳурмат қиламан. Ҳар куни турли янгилик ва фикрларни айнан уларнинг канал ва саҳифаларидан ўқиб бораман.
Бу вазиятдан шундай хулоса чиқардимки, мен раҳбар сифатида жамоатчилик эътиборида эканман. Бу мени кўпроқ қувонтирди хам ва албатта айтаётган гапларим ва уларнинг оқибатлари борасида масъулиятни сезишимга туртки бўлди.
Шуни айтиш жоизки, Ucell компаниясининг бош директори сифатида барча оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар билан ҳамкорликка доимо тайёрман».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter