Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

1 июндан бошлаб нима ўзгаради

1 июндан бошлаб нима ўзгаради

2021 йил 1 июндан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар бўйича norma.uz портали батафсил шарҳ тақдим этди.

Қурилиш устидан назорат жорий қилинади 

Объектлардаги қурилиш-монтаж ишлари бўйича шартнома мажбуриятларининг бузилганлиги учун буюртмачи фойдасига суд ва судгача ҳал қилиш тартибида ундирилган жарима (санкция) ва пенялар, шунингдек, харидлар жараёни талаблари бузилганда, гаров, кафолат, закалат тарзида таъминлаш учун киритилган давлат харидлари иштирокчилари маблағларининг 50%и - давлат бюджетига ҳамда қолган 50%и - буюртмачи хизмати ҳисобрақамига йўналтирилади;

  • буюртмачи хизматининг штатлар жадвали ва таъминот ҳаражатлари сметасини рўйхатдан ўтказишда техник назорат мутахассислари учун хизмат сафари харажатларининг объектлар жойлашган масофадан келиб чиқиб, жорий нархларда белгиланади.

Пенсия - соддалаштирилган тартибда

2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади;

  • уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш бекор қилинади;
  • ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади;
  • пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади;
  • пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банклари филиалларида банк пластик карталарини очиш жараёнида ёки банк мобиль иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади;
  • пенсияларни нақд пулсиз шаклда олувчи шахслар томонидан ҳар 6 ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш ҳамда масъул ходимлар томонидан жойларга чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинади.

 Бюрократия камаяди

 Қуйидаги тартиб ўрнатилади:

  • фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади;
  • нотариал ҳаракатларни амалга оширишда ФҲДЁ билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» АТ орқали олинади;
  • тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда уларнинг вакили томонидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат берилади;
  • давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар ва давлат хизматини тезлаштирилган тартибда кўрсатиш учун қўшимча тўланган йиғимлар суммаси (тезлаштирилган тартибда кўрсатилмаган тақдирда) соддалаштирилган тартибда Давлат хизматлари агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир иш куни ичида қайтарилади.

  Қуйидагилар бекор қилинади:

  • хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон ҳудудидаги ваколатхона ходимини аккредитация қилишда унда ОИВ касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти;
  • давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилганда уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинади. Ушбу ҳужжатлар электрон шаклда ЯИДХП орқали чекланмаган миқдорда бепул олинади;
  • ФҲДЁ органлари томонидан давлат статистика органларига далолатнома ёзувларининг нусхаларини юбориш ва ҳисоботларни топшириш амалиёти;
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотларни Агентлик ва давлат хизматлари марказларидан сўраш амалиёти;
  • давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан ҳамда тадбиркорлик субъектларидан қуйидаги фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш:
    • руҳий касалликлар бўйича диспансер ва наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
    • судланганлик, фуқаронинг номида шахсий уй-жой, солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
    • манзил-маълумот ахбороти ва бошқалар.

Тўлиқ рўйхат бу ерда.

Уй-жой масаласи

Қуйидагилар жорий этилади:

  • ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади, унга мувофиқ:

а) фуқаролар томонидан субсидия олиш учун аризалар йил давомида топширилиши мумкин;

б) субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчининг даромадларига у билан бирга яшамаётган яқин қариндошларининг даромадлари ҳам киритилиши мумкин;

в) субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчидан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» АТ (кейинги ўринларда - Тизим) орқали олиш мумкин бўлган ҳужжатларни (маълумотларни) талаб қилиш ман этилади;

г) уй-жой сотиб олиш учун субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарнома улар берилган вақтдан бошлаб 12 ой давомида амал қилади;

  • Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган фуқароларга ойлик пул компенсацияни тўлаш тартиби жорий қилинади. У Тизимда рўйхатга олинган фуқароларга ижара харажатларининг бир қисмини қоплаш учун маҳаллий бюджет маблағларидан 6 ой давомида ойлик ижара тўловининг 50%и миқдорида, бироқ 2,5 БҲМдан (612 500 сўм) ошмаган ҳолда тўланади.

 Болаларга витаминлар - бепул

 Аҳолининг қуйидаги тоифалари қуйидагилар билан бепул таъминланади:

  • 6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан;
  • 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар «A» витамини билан;
  • 2-10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан.

Давлат органларининг функцияларини бажариш хусусий секторга ўтказилади 

Давлат органлари ва ташкилотларининг ички маъмурий-хўжалик фаолиятини таъминлаш ва сақлаш бўйича функцияларини бажариш хусусий секторга ўтказилади.

Бунда:

  • Молия вазирлиги олиб борилган таҳлиллар, самарадорликни ўрганиш натижалари ва аниқ ҳисоб-китоблари асосида салбий хулоса бериши мумкин – бунда уларни ўтказиш амалга оширилмайди;
  • давлат органлари ва ташкилотлари кўрсатилган функцияларни ўзи муассис бўлган давлат корхоналарига юклай олмайди;
  • Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг (ДЙҲХХ) назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш бўйича фаолиятини тўхтатилади. Бунда ИИВга қуйидагилар топширилди:

- ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари ҳамда давлат хизматлари марказлари билан ўзаро ахборот алмашинуви йўлга қўйилишини ташкил этиш чораларини кўриш;

- тадбиркорлик субъектларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўтказиладиган назарий ва амалий имтиҳонлар жараёни устидан ДЙҲХХ вакилининг бевосита ёки онлайн назоратини таъминлаш.

«Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар қўллаб-қувватланади 

«Ёшлар дафтари»га киритилган тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бино ва иншоотларни ижарага олган ёш тадбиркорларга бир йиллик ижара харажатларининг 30%и, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача бўлган (6 125 000 сўм) миқдори «ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан компенсация қилинади;

  • профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олаётган «ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга улар ишлаб-чиқариш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарида амалиёт ўтаган вақтида, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда профессионал таълим ташкилотлари томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан БҲМнинг икки баравари миқдорида (490 000 сўм) ҳар ойлик субсидия ажратилади;
  •  «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг 50%и, бироқ умумий ҳисобда БҲМнинг 5 бараваригача бўлган миқдори (1 225 000 сўм) ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатлари Ёшлар ишлари агентлигига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади;
  • «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчилари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг ҳайдовчилик курсларида ўқиш харажатлари БҲМнинг 4 баравари миқдоригача (980 000 сўм) ва сафарбарлик чақируви резерви хизмати бадали Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади;
  • ХК ва ташкилотларга ишга қабул қилинган ҳамда фаолият бошлаганига 6 ойдан ошмаган «ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг БҲМнинг 4 бараваригача бўлган қисми кўрсатилган юридик шахсларга давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади;
  • ёшларга халқаро IT-сертификатларини олиш харажатларининг 50%гача бўлган қисми қоплаб берилади.

Тадбиркорларга - ер, солиқларни ва божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш

Инфратузилмага яқин жойларда, шу жумладан республика аҳамиятидаги йўлларга туташ бўлган, белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича унумдорлиги паст, фойдаланишда бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерларини саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун лойиҳа асосида инвесторларга «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали ажратишга рухсат берилади;

  • 3 йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият кўрсатаётган ҳамда ҳисобланган солиқларни муддатида тўлаб келган, лекин молиявий аҳволига кўра солиқ қарзини тўлаш имкониятига эга бўлмаётган тадбиркорлик субъектларига солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади;
  • 3 йилдан ортиқ вақтдан буён товарларни импорт қилиш билан шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаётган ТИФларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг