Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Mirzo Ulugbek Innovation Center»: 1 йил ичида нималар ўзгарди?

«Mirzo Ulugbek Innovation Center»: 1 йил ичида нималар ўзгарди?

«Mirzo Ulugbek Innovation Center» фаолиятидан лавҳалар.

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 30 июнь куни «Ўзбекистон Республикасида ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонни имзолаган эди.

Мазкур фармон асосида Мирзо Улуғбек номидаги инновация маркази ташкил этилиб, иқтисодиёт соҳаларига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини марказлаштириш, ахборот технологиялари маҳсулотлари ишлаб чиқувчилари ва буюртмачиларига қўшимча имтиёзлар, преференцияларни тақдим этиш белгиланди. Бундан эса мамлакатда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси, дастурий таъминот саноати ривожланиши, экспортбоп АКТ-ишланмалар кўлами кенгайиши кўзда тутилганди.

Ҳудудийлик тамойили

Инновация маркази ҳудудийлик тамойили асосида ташкил қилинган. Яъни, АКТ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни кенгайтириш, ишлаб чиқарувчиларга максимал даражадаги мақбул шароитларни яратиб бериш мақсадида мамлакатнинг хоҳлаган ҳудудида фаолият олиб бораётган IТ-ишлаб чиқарувчиларига мазкур тузилмага аъзо бўлиш ҳуқуқи берилган. Инновация марказининг ишлаш муддати 10 йилни ташкил қилиб, келгусида уни узайтириш имконияти сақлаб қолинади.

Асосий йўналишлари

  • Инновация маркази резидентларига ички ва ташқи бозорларга мўлжалланган рақобатбардош АКТ лойиҳаларни амалга оширишлари учун хорижий инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашиш;
  • олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларининг «ахборот технологиялари» мутахассислиги бўйича битирувчиларини иш билан таъминлашга кўмаклашиш;
  • АКТ соҳаси учун кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил қилиш;
  • иқтидорли ёшларнинг стартап IТ-лойиҳаларини, ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқиш соҳасида истиқболли йўналишлар бўйича инновацион лойиҳаларини амалга оширишда ёш тадбиркорларни қўллаб-қуватлаш.

Имтиёз ва преференциялар

Фармонга мувофиқ, инновация маркази резидентларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашда қатор имтиёз ва преференциялар кўзда тутилади.

Биринчидан, 2028 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга:

  • барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли фондларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек ягона ижтимоий тўловни тўлашдан;
  • ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалари учун божхона тўловларини тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари);
  • ўзи ишлаб чиқарадиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан келиб тушадиган валюта тушумининг қисмини мажбурий сотишдан озод этилган.

Иккинчидан, инновация маркази резидентларининг ходимлари учун қўшимча имтиёзлар, жумладан 2028 йилнинг 1 январигача олинган меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадлар жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган қайд қилинган ставка бўйича 7,5 фоиз солиқ ундирилиши, фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига 4,5 фоиз ставка бўйича суғурта бадаллари тўлашлари белгиланган. Бунда солиқ солиш мақсадида белгиланадиган жисмоний шахсларнинг умумий йиллик даромадлари ҳажмига киритилмаслиги белгиланган.

Учинчидан, инновация маркази резидентларига ўзи ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан келиб тушган пул маблағлари доирасида ходимларга иш ҳақини ва дивидендларни халқаро тўлов карталарига ўтказиш йўли билан нақд бўлмаган шаклда Ўзбекистон ҳудудида чет эл валютасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек Интернет тармоғидаги онлайн дўконлари орқали экспорт шартномаси мавжуд бўлмасдан ишлар ва хизматлар экспортини чет эл валютасида амалга ошириш ҳуқуқи берилган.

Илк резидентлар

Марказ ўз фаолиятини 2017 йилнинг 25 августида бошлади. Шу кундан бошлаб «Mirzo Ulugbek Innovation Center» дирекцияси юридик шахслардан марказ резиденти мақомини олиш учун илк аризалар қабул қилинди.

2017 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, марказга 70 дан зиёд юридик шахслар ўз аризаларини топширдилар. Улардан 28 нафари марказнинг илк резиденти мақомини қўлга киритдилар.

Бугунги кунга келиб марказ резидентлари сони 300дан ошиб кетган.

Резидентлар бюрократик тўсиқлардан озод этилди

2018 йилнинг январидан бошлаб «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази резидентлари, «Резидент» имтиёзли тарифи остида амал қиладиган, ўзида «бошидан охиригача» барча босқичларни мужассам этган банк хизматидан фойдаланишларига имкон яратилди. «Mirzo Ulugbek Innovation Center» ва АT «Алоқабанк» ўртасида имзоланган ҳамкорлик Меморандумида шу имтиёз назарда тутилди.

Инновация маркази ишончли вакил сифатида валюта ҳисобини очишдан бошлаб, экспорт-импорт операцияларни амалга оширишгача бўлган банк хизматлари билан боғлиқ масалаларда резидентларнинг манфаатларини ҳимоя қилади.

— Кўрилаётган чоралардан асосий мақсад — резидентларни бюрократик тўсиқларни мустақил равишда енгиб ўтиш шартидан озод қилган ҳолда, уларнинг ишларини максимал даражада енгиллаштиришдан иборатдир, — деган эди «Mirzo Ulugbek Innovation Center» Инновация маркази директори Фарҳод Ибрагимов.

Халқаро экспертлар тажрибаси

«Mirzo Ulugbek Innovation Center» маркази ўтган бир йил вақт давомида дунёнинг кўплаб таниқли экспертлари, бизнесменлар, инвесторлар, йирик компаниялар раҳбарлари иштирокида марказ резидентлари учун мастер-класслар, учрашувлар ташкил этди.

Белорус Юқори технологиялар парки асосчиси Валерий Цепкало марказнинг экспертига айланди ва бир неча бор юртимизга ташриф буюриб, резидентларга ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Америкалик бизнесмен Ўзбекистоннинг Кремний водийсидаги элчиси бўлди.

Бундан ташқари, «Mirzo Ulugbek Innovation Cente» инновация маркази резидентлари хорижда ташкил этилган халқаро кўргазмаларда ҳам иштирок этиб қайтишмоқда.

Резидентларга имтиёзлар давлат бюджетига тушумларни камайтирадими?

«Mirzo Ulugbek Innovation Center» маркази директори Фарҳод Ибрагимовнинг сўзларига кўра, резидент компаниялар ушбу имтиёзлар сабаб кўпроқ ходимларни расман ишга олаётгани сабабли норезидент компанияларга қараганда давлат бюджетига кўпроқ солиқлар тўлашмоқда.

Ҳозирда 319 та компания MUIC резиденти ҳисобланиб, уларда 4500дан ортиқ ходим ишламоқда. 2017 йилда улар 22 млн долларлик хизматларни кўрсатиб, 1,5 млн доллардан зиёд хизмат ва маҳсулотларини экспорт қилди. 2021 йилгача бу кўрсаткични 30 млн доллардан ошириш кўзда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг