22 йилдан буён сотилган машиналардан 5 литрдан бензин ўғирланганмиди ёки «Ўзавтосаноат» АЖ юзидаги доғ
Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқарилаётганига қарийб 22 йил бўлди. Маълум бўлишича, ҳар бир янги сотилаётган машина «бензобак»ида камида 5 литр бензин бўлиши кўзда тутилган. Ахир, харидор машина билан яқинроқ АЁҚШга етиб олиши керак-ку. Лекин, шу пайтгача сотилган машиналар захирасида 5 литр бензин билан сотилганига гувоҳ бўлганлар борми? Янги машина сотиб олган харидорлар доим «бензобак» бўшлигидан ва яқин орадаги АЁҚШга аранг етиб олганларини айтишади. Тан олиш керак, янги машиналар харидор қўлига етиб боргунича уни фақат ёқилғисини «туя қилишмаган». «Ўзавтосаноат»АЖ фаолиятига нисбатан халқ томонидан билдирилган норозиликлардан бемалол достон битиш мумкин, дейилади «ЎзА» томонидан эълон қилинган мақолада.
Бугун Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги учрашувида «Ўзавтосаноат» АЖ, Асака заводи раҳбарияти ва Турин политехника университети ректори қатнашди. Одатда Пресс-клуб меҳмонлари оқ юмшоқ ўриндиқларда ўтириб, журналистларнинг саволларига жавоб берар эди. Бу сафар халққа қиммат, аммо сифатсиз машиналарни сотаётган «Ўзавтосаноат» АЖ раҳбарияти тик турган ҳолда интернет орқали одамлардан келган саволларга жавоб беришга ҳаракат қилдилар.
Очиқ қолган саволлар
Учрашувни бошқарган Шерзод Қудратхўжаев 5 литр бензин муаммосидан тортиб, «Дамас» автомобилларини олишдаги қийинчиликлар ва «шапка»лар ҳақида саволлар билан Пресс-клуб меҳмонларига мурожаат қилди. Табиийки, Ўзбекистон автомобиль саноати раҳбарияти вакилларидан ушбу саволларга аниқ жавоблар бўлмади. Ҳозирча бундай аччиқ саволларни очиқ янграганидан мамнунмиз, холос.
Нима учун автосалонларда харидорларни очиқ юз билан кутиб олишмайди. Харидор ўзи хоҳлаган машинани бемалол миниб кўриб, яйраб сотиб олмайди? Харидорни салонда «келинг-келинг», деб кутиб олиб, унга қаҳва дамлаб бериб, яна ўша ернинг ўзида янги автомобилнинг суғуртаси ва давлат рақамларини олиш масаласини ҳам ҳал этиб беришмайди. Лўнда қилиб айтганда, автосалондаги сотувчилар хизмати деҳқон бозорларидаги савдогарникичалик ҳам эмас.
Сессияда яна декабрь, март ойларида машина тўловни амалга ошириб, ҳамон машина ололмаётган фуқароларнинг саволлари ҳам ўқиб эшиттирилди, бироқ ҳал этилмади.
Нега биз сифатсиз машинани қимматга харид қиламиз?
«Ўзавтосаноат»га билдирилган норозиликлардан бири шу бўлди:
- «Нега биз сифатсиз машинани қимматга харид қиламиз? Хорижда бизни машиналардан сифатлироқ уловлар анча арзон нархда сотилади.»
- «Ўзавтосанаот» АЖ раҳбари Шавкат Умурзоқовнинг айтишича, бизда машиналар сифатли ва арзон бўлиши учун уни янаям кўпроқ ҳажмда ишлаб чиқариш керак. Ҳозирда Ўзбекистонда енгил автомобилга бўлган эҳтиёж 220 мингтани ташкил этади. Заводнинг ишлаб чиқариш ҳажми эса 140 мингтани ташкил этмоқда.
Хўш, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга бизга нима қаршилик қилмоқда?
«Машинани арзонлаштирсак, завод касодга учрайди»
Ш.Умурзоқовнинг айтишича, машиналар нархи арзонлаштирилса, завод касодга учрайди. Асака заводининг 10 фоизлик кредитлари бор, бунинг устига, ишлаб чиқариш шу пайтгача ўз зарарга ишлаган. Автомобиль саноатини реабилитация қилиш учун нархларини 14 фоизга қимматлаштириб, кейинчалик 7 фоизгача арзонлаштириш кутилмоқда.
Маълумот ўрнида, ҳозирда касодга учрай, деб қолган автомобиль саноати раҳбариятидаги маошлар 2 миллиондан 8 миллионгача.
Машина ишлаб чиқаришдан воз кечсак бўлмайдими?
Сессия давомида Ўзбекистонда машина ишлаб чиқаришни тўхтатиб, худди қўшни Қозоғистон Республикаси каби импорт автомобиллари учун божхона тўловини арзонлаштириш ҳам таклиф этилди. Бироқ, бу таклиф Шавкат Бўронович томонидан асосли далиллар билан рад этилди.
Катта-катта ваъдалар
«Ўзавтосаноат» АЖ раҳбари Шавкат Умурзоқов, 22 йил давомида Ўзбекистон автомобиль саноатида катта муаммолар йиғилиб қолгани ва уни тизимли равишда ҳал қилишга бел боғлаганини айтиб, катта ваъдалар берди. Унинг айтишича, яқин орада автомобиль сотувида катта ўзгаришлар бўлади. Яъни харидор интернет орқали ҳам автомобилга тўлов амалга ошира олади. Унга сотиб олган автомобилини уйининг эшиги тагига олиб келиб беришади. Янги автомобилнинг рақам олиш ва суғурталаш ишлари салоннинг ўзида ҳал этилади.
Бугунги кундаги машина сотиб олишдаги муаммолар олдида унинг бу ваъдалари эртакдек туюлган бўлса-да, тез орада шундай ижобий ўзгаришларни бўлишига умид қиламиз.
Яна Умурзоқовнинг сўзларига кўра, бизда интеллектуал салоҳият машина ишлаб чиқариш бўйича мутахассислар умуман шаклланмаган ва етарли эмас. Турин политехника университети ўқув тизими ҳам ислоҳотларга муҳтож.
Хулоса қилиб айтганда, сессияда машина нархларининг оширилишига 22 йиллик муаммолар рўкач қилинди ва эндиликда арзонлашади, дея қоп-қоп ваъдалар берилди. 5 литр бензин, сифатсиз автомбиль ва «шапка»лар каби жавоби топилмаган саволлар эса «Ўзавтосаноат» АЖ юзида доғлигича қолиб кетмоқда.
Анора Содиқова, ЎзА
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter