Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Абитуриентлар учун 086 шаклдаги тиббий маълумотнома олиш бепул

Абитуриентлар учун 086 шаклдаги тиббий маълумотнома олиш бепул

Фото: «Доктор Боголюбов»

Шу кунларда юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида 2018/2019 ўқув йили учун қабул жараёни қизғин давом этмоқда.

Маълумки, олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш ҳам анча масъулиятли жараён бўлиб, бунга жиддий тараддуд кўриш талаб этилади. Яъни, олий ўқув юртлари қабул комиссияларига ўрта ва ўрта махсус маълумот олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар билан бирга саломатлиги ҳақида 086-ҳ шаклдаги тиббий маълумотномани ҳам тақдим этиши лозим.

Шу ўринда, ота-оналар ва ёшларда бундай маълумотномани қаердан олиш керак, қайси тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш керак, шифокорлар кўриги ва таҳлиллар пуллими ёки бепул, деган саволлар туғилиши табиий.

Ушбу мавзуга аниқлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи Фурқат Санаевга мурожаат қилдик:

— Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 25 декабрдаги 777-сонли буйруғига мувофиқ тасдиқланган 086-ҳ шаклдаги тиббий маълумотнома амбулатор-поликлиника муассасаларида юритиладиган тиббий ҳужжат ҳисобланиб, уни юритишдан мақсад ёшларнинг саломатлик ҳолатини назоратдан ўтказишдир. Зеро, ўз олдига катта мақсадлар қўйган, олий таълим олиб эл-юртга хизмат қилишга бел боғлаган йигит-қизлар, аввало, ҳар томонлама соғлом ва тетик бўлиши лозим.
086-ҳ шаклдаги тиббий маълумотномани тўлдириш учун ёшлар терапевт, жарроҳ, невропатолог, эндокринолог, окулист, отоларинголог, стоматолог, дерматолог каби шифокорлар кўригидан ўтади. Рентген, флюорография, лаборатория таҳлилларини топширади. Мазкур ҳужжатга профилактик эмлашлар ҳақидаги маълумотлар ҳам қайд этилади.

Кўриб турганингиздек, тиббий кўрик жараёни анча чуқур, тор мутахассислар текширувини талаб этади. Шу боис, бундай кўриклар асосан туманлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларда ташкил этилади. Ушбу бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида эса бундай тиббий текширувларни талаб даражасида ташкил этиш учун барча шароитлар яратилган. Тиббиётнинг турли соҳалари бўйича тор мутахассислар, замонавий лаборатория таҳлил ва диагностика воситалари тиббий кўрикларни талаб даражасида ташкил этишга замин яратмоқда. Барча абитуриентлар бу имкониятдан оқилона фойдаланиб, саломатлигини тўлиқ текширувдан ўтказиши мумкин.

Энг муҳими: абитуриентлар учун тиббий кўриклар ва текширувлар, шунингдек, 086-ҳ шаклдаги тиббий маълумотномани тўлдириб бериш бепул. Тиббий маълумотноманинг барча бандлари тегишли шифокорлар томонидан тўлдириб бўлинганидан кейин уни даволаш-профилактика муассасаси бош шифокори тасдиқлаб, имзо қўяди ва ҳужжатнинг пастига тиббиёт муассасаси муҳри босилади. Ана шундай талаблар асосида тўлдирилган 086-ҳ шаклдаги тиббий маълумотнома абитуриентнинг саломатлик ҳолати ҳақидаги асосий ҳужжат бўлиб, у олий ўқув юртлари қабул комиссияларига тақдим этилади.

Шу ўринда, шуни ҳам эслатиб ўтишим лозимки, агар абитуриентлар ва ота-оналар бундай тиббий маълумотнома олиш учун ортиқча оворагарчиликка дуч келса ёки бу жараёнда пул талаб қилинса, тиббиёт муассасасида ташкил этилган «Ишонч телефонлари»га қўнғироқ қилиб, ҳақ-ҳуқуқингизни талаб этишга ҳақлисиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг