Ўзбекистон ва Япония ўртасида соғлиқни сақлашга доир муҳим ҳужжат имзоланди
20 январь куни Тошкент шаҳрида умумий қиймати 22,953 млрд иена бўлган «Соғлиқни сақлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаш лойиҳаси» доирасида Япония томонидан Ўзбекистон Республикасига кредит ажратилишига доир алмашинув ноталари имзоланди.
Ҳужжатга Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Япониянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори имзо чекди.
«Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши билан биргаликда турмуш тарзининг ўзгариши туфайли инсульт каби юқумли бўлмаган касалликлардан вафот этаётганлар сони ошиб бормоқда. Тошкент шаҳрида неврологик касалликларга чалинган беморларга хизмат қиладиган шифохоналар сони етарли эмаслиги, вилоятлардаги учинчи даражали шифохоналарда неврологик касалликлар учун тиббий жиҳозлар йўқлиги ёки етарли бўлмагани сабабли тегишли тиббий хизматдан ўз вақтида фойдалана олмаслик муаммоси юзага келмоқда», – дейилади Япония элчихонаси матбуот хизмати хабарида.
Қулай шартларда (паст фоиз ставкалари ва узоқ тўлов муддати) ажратиладиган кредит лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт марказини қуриш ҳамда уни жиҳозлаш, шунингдек, Самарқанд ва Бухородаги учинчи даражали тиббиёт муассасаларини тиббий жиҳозлар билан таъминлаш кўзда тутилган.
Юқумли бўлмаган касалликлар бўйича илғор тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, марказнинг кадрлар тайёрлаш бўйича базавий ўқув маркази сифатидаги функцияларини кучайтириш орқали Ўзбекистон аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш мақсад қилинган.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳам Япония ҳукумати билан соғлиқни сақлашга доир лойиҳа бўйича 150 миллион долларлик кредит шартномаси имзоланганини тасдиқлаган.
Вазирлик матбуот хизматига кўра, шу куни Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида чорвачилик, энергетика, таълим ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи ҳамкорлик протоколи ҳам имзоланди.
Учрашувда JICAнинг Ўзбекистон–Япония стратегик шериклигини жадал ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси ва агентликнинг Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадларига содиқлиги юқори баҳоланган.
Маълумот ўрнида, JICA кўмагида Ўзбекистонда энергетика, таълим, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмавий ривожланиш ва соғлиқни сақлаш каби муҳим иқтисодиёт тармоқларида умумий қиймати 3,7 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter