Аччиқ ҳақиқатлар хабарчиси

Уруш бир кун давом этадими, юз йилга чўзиладими, бундан қатъи назар, моҳияти ҳам, оқибати ҳам битта: барибир қирғин бўлади, барибир одам ўлади, умрлар бевақт завол топиб, хаста-ногиронлар кўпаяди. Йиллар давомида қурилган, боягина гуллаб-яшнаб турган шаҳар-қишлоқлар кўз очиб юмгунча вайронага айланиб, кўли кўкка совурилади. Энг даҳшатлиси, хунрезликни одатда бир тўда ғаламис-разил кимсалар бошлайди-ю, жабрини ҳамиша бегуноҳ одамлар – оддий халқ тортади. Унинг асоратлари эса йилларга, ҳатто асрларга татийди...
Навбатдаги урушдан кейин Францияда худди шундай мудҳиш вазият вужудга келганди. Шаҳид кетганларнинг ғамбода жигаргўшалари йиғлаб-сиқтаб мотам тутишар, минглаб-миллионлаб ота-оналар, аёллар ва болалар бедарак кетган жигаргўшалари йўлига умид-ла кўз тикишарди. Қирғинбарот жабрдийдалари сафида Ивонн Берто исм-шарифли жувон ҳам бор эди. У жанг чоғи ном-нишонсиз йўқолган эрини кутар, «Зора топилиб қолса!» деган илинжда ҳали у-ҳали бу ташкилотга мурожаат қиларди.
Афсус, бояқишнинг тинимсиз изланишлари ва узоқ йиллик куйинишлари зое кетди. Орадан йиллар ўтса-да, ҳеч ким дардига малҳам қўя олмади, эрининг ўлигидан ҳам, тиригидан ҳам хабар беролмади. Охир-оқибат у умидсизликка тушиб, ёлғизлик ва беваликни бўйнига олди. Бора-бора ҳамма нарсага лоқайдларча қарашга одатланди. Энди унга бу дунёда яшашнинг гўёки мутлақо қизиғи қолмагандай эди.
Ана шундай афсус-армонга йўғрилган қора кунларнинг, яна денг, дилгир оқшомларнинг бирида ғалати воқеа рўй берди. Ивонн уйқуга ётишдан олдин хона бурчагидаги катта тошойнага одатдагидек бирров қаради-ю, ҳам қўрқув, ҳам ҳайрат ичра турган жойида донг қотди. Бу сафар кўзгуда ўз сиймосини эмас, роҳибалар либосини кийган, қош-кўзлари чиройли, қадди-қомати келишган, майингина жилмайиб турган ёшгина аёл аксини кўрди. Кўрди-ю, икки қўли билан жон ҳолатда бошини маҳкам чангаллаганча, ерга тиз чўкди...
Шу-шу, ётоқхонага киришга ва кўзгуга қарашга юраги бетламади. Ўлганнинг устига тепгандай, басма-басига соғлиғи ёмонлаша бошлади. Ахийри, бўлмади. Ишхонаси тақдим этган йўлланма бўйича санаторийда даволанишга чоғланди.
Ўша куни Ивонн сиҳатгоҳ ҳовлисидаги кўздан холироқ шийпончада танҳо ўзи китоб ўқиб ўтирганди. Бир маҳал ердан чиқдими-осмондан тушдими, англолмай қолди, рўпарасида ёшгина аёл пайдо бўлди. Ивонн унга қарагани ҳамон илкис ҳушёр тортди. Негаки, бу жувон гўзал чеҳраси кўзгуда намоён бўлган роҳибанинг қуйиб қўйгандек ўзгинаси эди.
– Келинг, танишайлик, менинг исм-шарифим Флоранс Бланш, – деди «кутилмаган меҳмон» роҳиба сингари мулойим кулимсираб. – Ҳув, анови бўлмада ҳам дам, ҳам муолажа оляпман. – У шундай дея ҳовли этагидаги бинога ишора қилгач, муддаога ўтди. – Сизни бу ерга келганингиздан бери четдан кузатиб, ёқтириб қолдим. Шу боис иккимиз дугона тутинсак, деган ниятда эдим...
Қандайдир ички туйғулар измига бўйсунган Ивонн фавқулодда илтимосни рад этолмади. Тез-тез у билан бирга сайр қиладиган бўлди. Аммо бу дилкашлик узоққа чўзилмади, ҳаммасидан ачинарлиси, армонли хотима топди.
Танишганларининг учинчи куни эди. Улар санаторий ёнидан ўтган дарё соҳилини кезиб юришганди. Флоранс Ивоннини қўлтиқлаб олганди. У оҳиста қадам ташлар экан, негадир оғир ўйга толди. Анчадан сўнг чуқур хўрсиниб, шу атрофда рўй берган бир фожиани ҳикоя қила кетди. Айтишича, уруш йиллари худди шунақа дарё бўйидаги ялангликда аёвсиз жанг бўлибди. Отишма туфайли ҳар икки томондан талай аскар нобуд бўлиб, анчаси яраланибди. Улардан бирининг мияси қаттиқ лат еган экан, жароҳатлари битса-да, хотираси тикланмабди. У ўз кечмиши, насл-насаби, қариндош-уруғларини эслолмайдиган бўлиб қолибди. Хотирасиз яшаш эса даҳшат! Руҳан эзилган йигит аламига чидолмай қалтис йўлни танлабди. Ўзини пишқириб оқаётган дарёга отиб, тилсиз ёв қурбони бўлибди.
Флоранс сўзлашдан тўхтаб, анча вақт жим қолди. Сўнгра Ивоннга маъюс назар ташлади-да, марҳум жангчининг юз-кўзларини, гавда тузилишини тасвирлай бошлади. Унинг гапларини эшитиб, Ивоннинг юраги бехосдан ҳапқириб кетди. Негаки, Флоранс таърифлаган одам унинг турмуш ўртоғи, бор-йўқлигини билолмай йиллар оша зор-зор кутган энг азиз одами эди...
Ивонн ўша тун мижжа қоқмади. Ўксиб-ўксиб йиғлади, аччиқ-аччиқ кўз ёши тўкди. Эрталабга борганда эса мутлақо бошқа аёлга айланди. Қалбида ҳаётга қайта муҳаббат уйғонди. Бундан буёғига фақат ўзи учунгина эмас, балки жувонмарг кетган эри учун ҳам яшашга аҳд қилди. Бу қарорини Флорансга маълум қилмоқчи, ҳарчанд аччиқ бўлса-да, бор ҳақиқатни рўй-рост айтгани учун минатдорчилик билдирмоқчи эди. Шунингдек, ундан фожиа содир бўлган дарё қаерда эканлигини сўраб олмоқчи, ўша жойни зиёрат қилиб, эрининг руҳини шод этмоқчи эди. Таассуфки, дугонасини учратмади. Шифокорларнинг таъкидлаши ва ҳужжатларни текширишдан аниқланишича, бу аёл санаторийга умуман келмаган, бирон-бир муолажа олмаган экан. Флоранс ҳеч кимга сездирмай қандай пайдо бўлган бўлса, худди шу зайлда сас-садосиз кўздан йўқолган эди. Ўзидан бирор из ёки белги қолдирмаганди.
Начора, Ивонн энди эри қолиб, у ҳақда хабар етказган роҳибани излашга киришди. Муддаоси ушалмагач, газетага эълон берди. Шу муносабат билан юзлаб аёллардан хат олди. Қизиғи, мактублар эгаларининг барчаси уруш бевалари бўлиб, шу пайтгача дараги чиқмаган турмуш ўртоқлари фронтда ҳалок бўлишганини, бу шум хабарни орадан йиллар ўтиб, ўзлари тасодифан учратган роҳиба Флоранс Бланшдан эшитганларини ёзишди. Айни чоғда, уни минбаъд қайта кўрмаганларини таъкидлашди.
Савол туғилади: хўш, Флоранс Бланш аслида ким эди? Роҳибами?..
Йўқ! Диний ташкилотлар маълумотларига қараганда, ўша кезлари ҳеч бир аёллар ибодатхонасида бундай исм-шарифли роҳиба яшамаган. У ҳолда ким аниғини айта олади: Флоранс ҳаётда бўлганми ўзи? Эҳтимол, у замин фарзанди эмасдир?.. Эҳтимол, умр йўлдошининг тириклигини ҳам, ҳалок бўлганини ҳам аниқлай олмай икки ўт орасида қолган, нима қиларини билолмай боши қотган аёлларни бор гапдан воқиф этиб, аросатдан чиқариш ҳамда уларга таскин-тасалли бериш учун ўзга оламдан ерга юборилган номаълум зотдир?!.
Бу саволларга ҳозиргача жўяли жавоб топилгани йўқ. Баски одамзод ҳамиша Худонинг қудратига инонмоғи, тириклиги ва соғ-саломатлиги учун шукрона келтириб яшамоғи жоиз!
Абдунаби Ҳайдаров.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter