Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Адвокатни «олиб чиқиб ташлашни» буюрган ИИБ мансабдорига нисбатан хизмат текшируви тайинланди

Адвокатни «олиб чиқиб ташлашни» буюрган ИИБ мансабдорига нисбатан хизмат текшируви тайинланди

Фото: «Xabar.uz»

Фарғона шаҳри ИИОФМБ 4-сонли милиция бўлими бошлиғи ходимларига касбий фаолиятини амалга ошираётган адвокатни ташқарига «олиб чиқиб ташлаш»ни буюрганига оид мақола эълон қилинганидан хабарингиз бор.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси мутасаддиларининг  бизга маълум қилишларича, Палата ва унинг Фарғона ва Андижон ҳудудий бошқармалари саъй-ҳаракати билан мазкур муаммо бартараф этилиб, адвокатнинг ўз ҳимоя вазифасини қонун доирасида, тўсиқларсиз амалга ошириш ҳуқуқи тўла тикланган.

Аммо...

Ҳолатга атрофлича кеча (26 февраль) ойдинлик киритиш мақсадида адвокат Дилмуроджон Мадраҳимов билан боғландик. У ўз касбий ҳуқуқларининг тикланганини тасдиқлаб, ҳолат юзасидан прокуратура идораларига йўллаган шикоятларига ҳамон жавоб олмаганидан алоҳида таъкид этди. Яъни, адвокат Фарғона шаҳри ИИОФМБ 4-сонли милиция бўлими бошлиғи томонидан ўзининг касбий фаолиятига тўсқинлик қилингани, ҳимоясидаги фуқаронинг ноқонуний ва ёмон шароитда ушлаб турилгани юзасидан прокуратура органларига қилган мурожаати ҳамон муаллақ турибди. Шунингдек, адвокат ҳуқуқлари тикланишига  Фарғона шаҳри ИИОФМБ 4-сонли милиция бўлими бошлиғининг алоқаси  йўлигини ҳам урғулади.

— Бугун ҳимоям остидаги шахснинг уйидагилари келишиб, отасини Фарғона шаҳридаги қамоқхонага олиб кетишганини маълум қилишди, — дейди Д. Мадраҳимов. — Бугун улар билан бирга эл орасида «Фарғона турмаси» деб ном олган муассасага бордик. Белгиланган тартибда гувоҳнома ва ордеримни кўрсатиб кирдим. Ҳимоям остидаги шахс билан кўришиш ва гаплашишга муяссар бўлдим. Шу ерда ундан ким томондан тергов қилинаётгани ҳақидаги маълумотни олиб, бугуннинг ўзида терговчи билан кўришдим. Сўнг Фарғона шаҳар 2-милиция бўлими катта терговчиси Музаффаржон Жўрабоев билан учрашиб, жиноят иши билан тегишли тартибда лозим жойлари билан танишдим, ўзимга керакли жойлардан нусхалар олдим».

Яна бир гап. Адвокатнинг айтишича, бугун (27 февраль) эрталаб ўзини Фарғона вилоят ИИБ бошлиғини ўринбосари, тергов департаменти бошлиғи Азаматжон Козимов деб таништирган шахс унга қўнғироқ қилиб, «Юзага келган муаммо юзасидан 4-сон милиция бўлими бошлиғи А.Йўлчиев билан ўзаро келишиб олганингиз ростми?» деб сўраган. Ваҳоланки, ўша воқеадан кейин адвокат 4-сон милиция бўлимига бормаган ва унга ички ишлар органидан умуман ҳеч қандай қўнғироқ бўлмаган экан...

Биз Фарғона вилоят ИИБ бошлиғини ўринбосари, тергов департаменти бошлиғи деб таништирган Азаматжон Козимов билан телефон орқали боғландик. Унинг ойдинлик киритишича, айни пайтда Фарғона шаҳри ИИОФМБ 4-сонли милиция бўлими бошлиғи А.Йўлчиевга нисбатан мазкур ҳолат бўйича хизмат текшируви бошланган. Хизмат текшируви муддати 10 кун бўлиб (вазиятга қараб яна чўзилиши эҳтимолиям бор), унинг натижаси асосида муайян тўхтамга келинади.

Мухбиримиз

(Мақола «Аdvokat» журнали ва «Xabar.uz» портали
қўшма лойиҳаси доирасида тайёрланди)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг