Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ажратилган пулдан тўғри фойдаланилса, ўқитувчиларни жамоат ишларига жалб этишга ҳожат қолмайди

Ажратилган пулдан тўғри фойдаланилса, ўқитувчиларни жамоат ишларига жалб этишга ҳожат қолмайди

Фото: «Sof.uz»

Кейинги вақтларда оммавий ахборот воситалари, жумладан, ижтимоий тармоқларда ўқитувчилар билан боғлиқ масалалар тез-тез муҳокама қилинмоқда. Айниқса, ўқитувчиларнинг жамиятимиздаги нуфузини тиклаш юзасидан билдирилаётган фикрлар жуда ҳам ўринли деб ўйлайман.

Ҳақиқатан ҳам, ўқитувчилик энг улуғ, энг мўътабар касб эканлигига қарамасдан, бошқалар у ёқда турсин, ҳатто айрим муаллимларнинг ўзлари ёки яқинларининг «мен бир оддий ўқитувчиман», «менинг ота-онам оддий ўқитувчи» деган сўзлари бугунги кунда уларнинг касби тўғрисида маълумот беришдан кўра кўпроқ ўзларининг жамиятнинг энг хокисор, энг ожиз қатлами вакиллари эканлигининг изҳорига айланиб қолмоқда.

Бундай бўлишига бугунги кунгача сақланиб келаётган бир қатор омиллар сабаб бўлаяпти. Энг кенг тарқалган ва кўпчилик эътироф этадиган ҳолатлардан бири муаллимларнинг юқори ташкилот вакиллари, юқори лавозим эгалари томонидан педагогик фаолиятга мутлақо боғлиқ бўлмаган ишларга, жумладан ҳудудларни тозалаш, ободонлаштириш, макулатура ва металлом йиғиш, пахта териш каби ишларга «ихтиёрий-мажбурий» равишда очиқдан-очиқ жалб этилишидир.

Энг ачинарлиси бугунги кунда юқоридаги каби ишларни амалга оширишнинг қонуний ва молиявий томонлари ҳал этилган бўлишига қарамасдан, ушбу имкониятдан тўлиқ фойдаланилмаётганлигидир.

Ҳақиқатан ҳам президент фармонига кўра ишсиз шахсларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига кенг жалб этиш асосида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилган. 2018 йил бўйича ушбу жамғарманинг маблағи 714 миллиард сўмга яқин этиб белгиланган. Хўш, бу маблағдан кимлар қандай ишлар учун ҳамда қанча миқдорда фойдаланиши мумкин?

Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларини ишчи кучи билан таъминлаш мақсадида ишсизлар энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробари(860 минг сўм)дан ортиқ бўлмаган миқдорда ойлик иш ҳақи тайинланган ҳолда жамоат ишларига жалб қилинади. Бунда бюджет ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ташкил қилинган жамоат ишларида иш ҳақи бўйича тўловлар 100 фоиз, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари буюртмалари асосида ташкил қилинган жамоат ишларида эса иш ҳақи бўйича тўловларнинг 50 фоизи жамғарма ҳисобидан қопланади.

Жамоат ишларига аҳоли пунктлари, маҳаллалар ва бошқа ҳудудларни ободонлаштириш (кўкаламзорлаштириш, тозалаш, оқлаш, маданий объектлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ва ариқларни тозалаш кабилар); уй-жой коммунал ва бошқа инфратузилма объектларини таъмирлаш; кўчалар, йўллар ва йўлакларни таъмирлаш; мавсумий қишлоқ хўжалик ишлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, ирригация ва мелиорация тармоқларини таъмирлаш; ногиронлар, кексалар, беморлар ва бошқаларни парваришлаш; саноат тармоқлари ва хизматлар кўрсатиш соҳаси ташкилотларидаги ишлар; объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари киради. Шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда жамоат ишларининг бошқа турлари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Кўриб турганингиздек, бугун ўқитувчилар бажараётган жамоат ишларини иш қидириб юрган бошқа шахсларга иш ҳақи тўлаган ҳолда амалга ошириш имконияти мавжуд. Бироқ жойларда ушбу имкониятдан етарлича фойдаланилмаяпти. Мисол учун, ўрганиш ташкил этилган туман бўйича 2018 йил учун 3,2 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу ҳар бир ой учун ўртача 266 миллион сўмга тўғри келади. Бу пулга 860 минг сўм иш ҳақи тўланадиган 300 нафардан ортиқ ишчини ёки 430 минг сўм иш ҳақи тўланадиган 600 дан кўпроқ ишчини жамоат ишлари билан таъминлаш мумкин. Бироқ ушбу туманда январь-февраль ойларида атиги 150 нафарга яқин ишчи учун 80 миллион сўмдан жамғарма маблағи ўзлаштирилган холос.

Энди ўзингиз хулоса қилишингиз мумкин: битта туманда 12 ой давомида 600 дан кўпроқ ишчи жамоат ишларини бажарса, ўқитувчиларни жамоат ишларига жалб этишга эҳтиёж қоладими?!

Жамиятимизда шаклланиб қолган нотўғри тушунчалардан бири ўқувчи мактабга келмагани, уй вазифасини бажармагани, таълим муассасасига белгиланган формада келмагани, дарсда ўқитувчига қўполлик қилгани учун ота-оналар бир четда қолиб, ўқитувчининг ўзи айбдор бўлиб қолаётганидир. Бундай ҳолатлар учун ўқитувчи билан бирга ота-оналарнинг ҳам жавобгарлигини кучайтириш ўта зарур деб ўйлайман. Таълим-тарбияда ота-оналар ва ўқитувчилар ҳамкорлиги ниҳоятда муҳим!

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, мен ҳам бир оддий ўқитувчиман ва бундан фахрланаман!

Абдурашид Абдуқодиров,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг