Акром Малик «Спарк» соҳиби бўлди

Адиблар хиёбонида «Катта адабиёт байрами» ҳафталиги доирасида «Илҳом» мукофоти республика танловининг совриндорларини аниқлаш ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Танлов шоир ва ёзувчилар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш каби маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда энг юқори натижаларга эришаётган ёшларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ОТМда таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ёшлар ўртасида ўтказилди.
Танловда 1-ўринга Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 2-босқич магистранти Акром Маликов муносиб топилди. У «Spark» енгил автомобили билан тақдирланди.
Навоийшунос олим, шоир ва ёзувчи Акром Малик 2016 йилнинг июль ойида МХХ томонидан қамоққа олинган, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси («Конституцион тузумга тажовуз») ҳамда 244-моддаси («Жамоат хавфсизлигига таҳдид») билан айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. У 2020 йил 27 август куни озодликка чиққани ҳақида хабар берилган.
2-ўринга Тошкент давлат шарқшунослик университети жамоаси лойиқ кўрилиб, 30 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
3-ўринни Фарғона давлат университети талабаси Қобилжон Шерматов ҳамда Қорақалпоқ давлат университети таянч докторанти Малика Палимбетова қўлга киритди. Улар 15 миллион сўм пул мукофотлари билан тақдирланди.
Мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов ҳамда Бош вазир ўринбосари Б.Мусаев топширди.
Танлов ғолибларига махсус диплом ва статуэткалар топширилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter