Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Алдаш осонми ёки алданиш?

Алдаш осонми ёки алданиш?

Фото: «Xabar.uz»

Сарлавҳага чиқарилган саволнинг жавоби қийинмас: кимга қанақа?! Одамлар бор — ойни бенарвон уради, унча-мунча одамнинг олдига похол солиб кетиш чўтмас ундайларга. Одамлар бор — етмишга чиқсаям соддалиги йўқолмаган, ҳатто ёш болага ҳам алданиши мумкин.

Бухоролик Умид Нарзуллаев-чи? Илгари фирибгарлик жинояти учун бир эмас, икки эмас, нақ олти марта (!) жавобгарликка тортилган одам ҳақида нимаям дейиш мумкин?! Олтинчи бор судлангандан кейин ҳаётини тўғри йўналишга солгандек бўлганди: «Luna sale plyus» масъулияти чекланган жамияти ташкил этиб, тадбикорликнинг бошидан тутди. Иши жудаям юришиб кетмади, шу баробарида бир жойда депсиниб қолмадиям.

Бироқ буларнинг ҳаммаси шунчаки ниқоб экани кейинроқ ойдинлашди. У корхона муҳридан ҳужжатларни қалбакилаштириш мақсадида фойдаланиб келган экан. Шуниси осон-да. Бирор киши билан мулкий муносабатларга киришилар экан, албатта шартнома тузилади, ҳужжатга имзо чекилиб, муҳр уриладики, шундан кейин эрта бир кун алданиб қолишига кимда шубҳа пайдо бўлиши мумкин?!

Ана, фуқаро Ф.Эргашев. Унга давлат ҳисобига мусодара этилиб, сотиш учун аукцион савдоларига чиқариладиган «Газель» автомашинасини арзон нархда олиб бериши мумкинлигини айтганди. Аввалига кўпам ишонқирамади. Бироқ «ҳаммаси қонуний» бўлишига ишонтирилгач, бир эмас иккита «Газель»га, бошланғич баҳосининг 50 фоиз миқдоридаги пулни тўлаворди. Қандоқ ишонмасин? Қўлига шартнома тутқазиб, муҳрни босиб берганидан ташқари тўланган 43 000 000 сўм маблағи учун «Luna sale plyus» МЧЖнинг 19-сонли кирим квитанциясини ҳам тутқазганди-да. Бечора бу ҳужжат сохта эканини қаёқданам билсин?!

Фуқаро А.Орипов ҳам шу тариқа чув туширилди: унга «Кобальт» русумли автомашина олиб беришни ваъда қилиб, 49 220 000 сўм пулларини қўлга киритди.

Югурган бузоқ сомонхонадан нарига ўтганми?

Умид Нарзуллаевнинг фирибгарлиги кўп ўтмай фош бўлди. Унга нисбатан жиноят иши очилиб, еттинчи бор суднинг қора курсига ўтқазилди. Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман судида Н.Жўраевнинг раислигида унинг «иши» кўриб чиқилиб, муқаддам олти маротаба фирибгарлик жиноятини содир қилганлиги учун судланганлиги, жабрланувчиларга етказилган зарар тўлиқ қопланмаганлиги инобатга олиниб, 6 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жабрланувчиларга етказилган зарар барибир ундирилади. Акс ҳолда, яқин келажакда озодликка чиқишдан умид қилмасаям бўлаверади...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг