Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Президент масъулият ва қатъийликни ўргатган» — Саида Мирзиёева катта интервю берди

«Президент масъулият ва қатъийликни ўргатган» — Саида Мирзиёева катта интервю берди

Фото: Alter Ego.

Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Alter Ego лойиҳасига ўзининг илк катта интервьюсини берди

Саида Мирзиёева илк катта интервюсида ўз фаолияти, давлат раҳбарининг иш услуби ҳамда администрация олдида турган устувор вазифалар ҳақида очиқ гапирди.

Унинг таъкидлашича, президент администрацияси асосан стратегик йўналишларни ишлаб чиқади ва ижро аппаратига аниқ йўналиш беради. Мирзиёева бугунги даврни «ислоҳотлар даври» деб атаб, тизимдаги ўзгаришлар узлуксиз назорат ва катта масъулият талаб қилишини айтди.

Интервюда Саида Мирзиёева президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий сифатлари ва раҳбарлик услубига тўхталиб, уни инсонни тинглайдиган, ҳурмат қиладиган ва жамоани «ўстира оладиган» раҳбар сифатида таърифлади. Мирзиёеванинг сўзларига кўра, давлат раҳбари жамоага ишониш, фикр алмашиш ва кадрларни ривожлантиришга катта эътибор беради. У ислоҳотлар «фақат қаттиққўллик» билан эмас, балки мослашувчанлик ва донолик орқали амалга ошишини қайд этди.

Саида Мирзиёева Президент администрацияси олдидаги беш устувор йўналишни санаб ўтди: сув, таълим, тиббиёт, бизнес ва суд-ҳуқуқ тизими. Унинг таъкидлашича, айниқса сув масаласи келажакдаги энг катта чақириқлардан бири бўлиб, аграр мамлакат учун бу йўналиш стратегик аҳамиятга эга. Таълим ва тиббиётдаги ўзгаришлар эса «узоқ муддатли» жараён бўлиб, натижани бир кунда кўриш қийинлигини айтди.

Саида Мирзиёева характерининг шаклланишида айнан отасининг ўрни катта бўлганини, уни масъулиятга ва қарор қабул қилишда қатъийликка ўргатганини таъкидлади. Оилада иерархияга риоя этиш ва катталарни ҳурмат қилиш қатъий қоида бўлган: унга синглиси Шаҳноза Мирзиёева ҳам «сиз» деб мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, бу оилада шаклланган муҳит ва тартиб-қоидаларнинг ифодаси бўлган.

«Дадам мени «Саида айтдими — тамом» деган руҳда шакллантирган. Ҳамма менга «сиз» деб мурожаат қиларди, ҳатто мендан бир ярим ёш кичик синглим ҳам. У мени доим «сиз»ларди… чунки тартиб шундай бўлганди. Ва мен англаб етдимки, ота-онамиз болалигимизданоқ бизни айнан шу иерархия, яъни «катта — бу бош, катта — бу муҳим» деган тартибда тарбиялаган экан. Айни дамда мен ўз ҳаётимни хизмат қилишга бағишлаяпман, десам бўлади. Мен шунчаки фойдам тегишини истайман. Ҳатто фарзандларимни ҳам айнан шу руҳда тарбиялаяпман», — деди у.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг