Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Андижон. Журналист ҳокимнинг «панжасига панжа» урди. Кейин-чи?..

Андижон. Журналист ҳокимнинг «панжасига панжа» урди. Кейин-чи?..

Иллюстратив фото

«Андижоннома» газетасининг 2019 йил 2 март сонида таниқли журналист Қобилжон Асқаров қаламига мансуб «Ўзи хон, кўланкаси майдонми?» сарлавҳали танқидий мақола чоп этилганди.

Мақола Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг шахси ва раҳбарлик салоҳиятига ўзига хос «чизги бўлиб», пишиқ-пухта, таҳлилларга бойлиги, энг муҳими, танқидий мақола ёзишга ишқибоз ҳамкасблар учун намуна қилгудек даражада экани сабаб уни эълон қилгандик.

Танқид  кимга ёқибдики, «раҳмат», дея муаллифнинг пешонасидан чўлпиллатиб ўпса?! Хуллас, воқеалар ривожи кутилганидек бўлди. Ҳоким журналистга қўшиб, таҳририятни ҳам судга берди.

Фуқаролик ишлари бўйича (ФИБ) Андижон туманлараро судида ҳокимнинг «Мақолани қонун талабларига зид деб топиш ва (таҳририятга) раддия чоп этиш мажбуриятини юклаш ҳақида»ги ўн тўққиз (!) банддан иборат даъвоси узо-оқ кўрилди. Натижада даъво қисман қаноатлантирилиб, «Андижоннома» газетаси таҳририятига раддия чоп этиш мажбурияти юклаш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилди.

Турган гап: асаблар қақшади, силлалар қуриди, бироқ ортга чекинилгани йўқ: ҳал қилув қарорига нисбатан тегишли тартибда шикоят берилди.

Бугун, 9 январь куни мазкур фуқаролик иши бўйича чиқарилган ҳал қилув қарори ФИБ Андижон вилоят судида кассация тартибида кўриб чиқилди. Натижа чаккимас: судлов ҳайъати ўн тўққиз банддан иборат даъвонинг ўн сакккизтасини (!) асоссиз, деб топди! Бу — журналист мақолани осмондан олиб ёзмагани, ўзи қаламга олган ҳолатларни исботлаб берганини англатади.

Ғалаба!

Зеро, ҳокимларнинг айтгани — айтган, дегани — деган бўлиб, ҳатто  журналистми-блогерми — фарқи йўқ, «жанозасини ўқиш»гача «фатво» беришаётган бугунги кунда мухбир ёки таҳририятнинг судда амалдорни ютиб чиқиши ҳазилакам гап эмас. Яна денг, «Ўзи хон, кўланкаси майдон» ҳоким устидан...

Дарвоқе, мақолада «ўзининг исми-шарифини ошкор этмаган фахрийлардан бири»га таянилиб, туман ҳокими У.Исомиддинов  «озодалик, соғлом турмуш тарзи»га қаттиқ риоя этиши боис кўришмоқчи бўлган кишига: «Қўлингни торт! Қачон ювгансан? Совунни биласанми?» дея сўроққа тутиши» изтеҳзо билан қайд этилганди. Судда айни ҳолатни исботлаш имконияти бўлмади. Бунинг учун ўша «ўз исми-шарифини ошкор этмаган фахрий»ни судга чақириш талаб этилардики, муаллиф нуронийнинг номини ошкор қилишдан кўра, сукутни раво кўрди.

Сирасини айтсак, ёши бир жойга борган одамни судма-суд судрашдан уни ортиқча безовта қилмасликни маъқул кўриш ёмон хислат эмас, аслида. Қолаверса, амалдорнинг «озодалик, соғлом турмуш тарзига қаттиқ риоя этиши» — унинг шахсий хусусияти.

Мақолада эса асосий гап ҳокимнинг раҳбарлик фаолиятида ҳақида борганини эслатиш ортиқчалик қилмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг