Андижонда туризм салоҳиятини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Андижон вилоятига амалий ташриф билан келиб, ҳудудларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, янги инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш ва хизматлар сифатини оширишга қаратилган ишлар билан яқиндан танишди. Ташриф давомида вилоятнинг қатор шаҳар ва туманларида амалга оширилаётган лойиҳалар кўздан кечирилиб, мутасаддиларга аниқ кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ташрифнинг дастлабки манзили Хонобод шаҳри бўлди. Бу ерда «Khanabad Pearl» туризм мажмуасининг қурилиш жараёни ўрганилиб, лойиҳа доирасида замонавий инфратузилма яратиш, дам олиш ва кўнгилочар хизматлар кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Хонтоғ дам олиш маскани фаолияти таҳлил қилиниб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, сервис сифатини ошириш ҳамда хорижий ва маҳаллий туристлар оқимини кўпайтириш бўйича тавсиялар берилди. Андижон вилояти божхона бошқармасига қарашли Хонобод чегара божхона пости фаолияти билан танишиш чоғида эса чегара ҳудудида сайёҳлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Шу куни «Кампирровот» маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган «Сунъий кўл» лойиҳаси ҳамда Хонтоғ адирликларида ташкил этилган саломатлик йўлаклари билан танишилди. Шунингдек, Жалақудуқ туманида «Қутайба ибн Муслим» зиёратгоҳи, Андижонсой сув бўйида дам олиш ҳудудларини ташкил қилиш лойиҳаси, Хўжаобод туманида «Имом ота» туризм масканида олиб борилаётган ишлар кўздан кечирилди.
Ташриф доирасида Булоқбоши туманига ҳам борилди. Туманнинг ташриф қоғози ҳисобланган «Ширмонбулоқ» туризм маскани ва унинг атрофидаги ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Андижон туманида ташкил этилаётган «Бобур» шаҳри лойиҳаси, Андижон шаҳридаги «Қалъа» мажмуаси ҳамда «Сарикуй» ва «Ўрикзор» кўчаларида йўлга қўйилган 24/7 туризм кўчалари фаолияти билан танишилди.
Бундан ташқари, Андижон шаҳрининг «Заҳириддин Муҳаммад Бобур» маҳалласида жойлашган «Торбозор» кўчаси — ҳунармандчилик этнографик зонаси кўздан кечирилди. Бўстон туманида Андижон ўрмон хўжалиги Бўстон ўрмон бўлими ҳудудида амалга оширилаётган экотуризм лойиҳалари билан танишилди. Марҳамат туманидаги «Мингтепа» археологик ёдгорлигини ривожлантириш ва туристик жозибадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Қўмита раиси инфратузилмани яхшилаш, йўллар ва муҳандислик тармоқларини ривожлантириш, меҳмонхоналар, айниқса, оилавий меҳмон уйлари фаолиятини кенгайтириш, сервис сифатини ошириш, инвестиция жалб қилиш ва янги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор кўрсатмалар берди. Ташриф якунида ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада ошириш ва инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқиш белгиланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter