Андижондаги нарколабораториядан 1 миллион долларлик “маҳсулот” чиқди
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент ва Андижон вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда Тошкент вилояти Божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида нарколабораторияларни аниқлаш ва улар фаолиятига чек қўйиш мақсадида комплекс тезкор тадбирлар амалга оширилди.
Тадбирлар давомида “Телеграм” мессенжери орқали фаолият юритувчи интернет-наркодўкон кураторлари томонидан белгиланган жойларга қолдириб кетилган, синтетик гиёҳвандлик моддаларини тайёрлашда фойдаланиладиган катта миқдордаги прекурсорлар аниқланиб, оператив кузатувга олинди.
Тезкор ҳаракатлар натижасида ушбу прекурсорларни олиш учун келган, Андижон шаҳрида яшовчи, 2002 йилда туғилган икки нафар фуқаро қўлга олинди. Тергов давомида улар Андижон шаҳрининг “Боғишамол” маҳалласида яширин нарколаборатория ташкил этгани маълум бўлди.
Ушбу манзилдан қора бозордаги умумий тахминий қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 26 килограмм “Мефедрон” синтетик наркотик моддаси мусодара қилинди. Шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини тайёрлашда қўлланилган прекурсорлар ва турли кимёвий моддалар, лаборатория жиҳозлари, 10–20 литрлик елим идишлар, контейнерлар, респираторлар, резина қўлқоплар ҳамда бошқа анжомлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Аниқланишича, гумонланувчилардан бири мазкур дала ҳовлини интернет-наркодўкон кураторидан юборилган 15,8 минг АҚШ доллари эвазига ўз номига расмийлаштирган. Лабораторияни жиҳозлаш учун эса яна 5 минг АҚШ доллари сарфлаган. Шунингдек, жорий йил январь ойида 11,7 килограмм “Мефедрон” тайёрлаб, куратор кўрсатмасига биноан уни хуфиёна жойга яширган ва локациясини буюртмачига юборгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, мазкур шахслар томонидан Чирчиқ шаҳрида ижарага олинган омборхонага 400 литр прекурсор яшириб қўйилгани ҳам фош этилди. Ушбу моддалар ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда уларга нисбатан Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter