Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аппеляцион суд вайнер Фарҳод Манноповни операция қилган шифокорни оқлади

Аппеляцион суд вайнер Фарҳод Манноповни операция қилган шифокорни оқлади

2023 йилнинг март ойида Тошкент шаҳридаги «Star Med Centr» хусусий клиникасида операция ўтказган вайнер Фарҳод Маннопов комадан чиқаолмай вафот этгани ва мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган эди.

Олий суд матбуот хизмати мазкур жиноят ишида оториноларинголог А. Хисамовнинг Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ҳукми билан оқланганлигини маълум қилди.

А. Хисамов Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг 2024 йил 29 ноябрь кунидаги ҳукмига кўра Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 2 йил давомида тиббиёт соҳасида оториноларинголог вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган эди.

А. Хисамов ва унинг ҳимоячилари томонидан берилган шикоятга асосан мазкур жиноят ишини апелляция инстанцияси судида кўриб чиқиш жараёнида ишда тўпланган далиллар таҳлил қилинганда ҳукмда баён қилинган ҳақиқий ҳолатларига тўғри келмаслиги, А. Хисамовни айблаш учун ишончли объектив далиллар мавжуд эмаслиги аниқланган.

Хусусан, Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисмида, шахснинг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги эҳтиётсизлик орқасида одам ўлишига сабаб бўлиши учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлсада, А. Хисамовнинг нафақат касби юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, балки айнан унинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида блогер Ф. Маннопов ўлишига сабаб бўлганлиги ҳолати ҳам аниқланмаган.

 Жумладан, иш бўйича аниқланган ҳолатга кўра марҳум Ф. Манноповга нисбатан хусусий клиникада стандартларга мос равишда шифокорлар кўриги, инструментал текширувлар ўтказилганлиги аниқланган.

Шунингдек, мазкур жиноят иши бўйича ўтказилган экспертиза хулосалари, отоларингология ихтисослиги бўйича ёзма равишда тақдим қилинган ва сўроқ қилинган кўплаб мутахассислар, шу жумладан олий тоифали шифокорларнинг фикрига кўра бемор Ф. Манноповда “бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, бош мия лат ейиши, калла ичи гематомалари” аниқланмаган, яъни бемор Ф. Манноповда кузатилган ўлим ҳолати ўтказилган риносептопластика жарроҳлик амалиёти сабаб бўла олмаслиги ва унга ўтказилган диагностика ва даволаш муолажалари тўғри ўтказилганлиги кўрсатилган.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган иккита хизмат текшируви далолатномаларига кўра А. Хисамовнинг бемор Ф. Манноповга нисбатан бурун соҳасини даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш жараёнида ўлимига олиб келишига сабаб бўладиган хатоликларга йўл қўйган ҳолатлари аниқланмаган.

Юқоридаги хизмат текширувларига жалб қилинган эксперт-мутахассислар тергов жараёнида сўроқ қилинганда ҳам ўз хулосаларини тасдиқлаб, асослантириб берган бўлишига қарамасдан, тергов органи ва биринчи инстанция суди томонидан асоссиз равишда инобатга олинмаган.

Шу тариқа Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 22 июлдаги оқлов ҳукмига кўра жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди томонидан чиқарилган ҳукмнинг А. Хисамовга оид қисми бекор қилиниб, А. Хисамов эълон қилинган айблов бўйича Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят юзасидан қилмишида жиноят аломатлари бўлмаганлиги ҳамда Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятга дахли бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига (реабилитация учун асослар) асосан айбсиз деб топилиб, оқланди.

Ўз навбатида, мазкур ҳукмдан норози тарафлар Жиноят–процессуал кодексининг 510-моддаси (тафтиш тартибида қайта кўрилиши мумкин бўлган суд ҳукмлари, ажримлари) талабларига мувофиқ Тошкент шаҳар судига тафтиш тартибида шикоят беришга ёки протест билдиришга ҳақлилиги маълум қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг