Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«АрМИ-2022»: Вакилларимиздан дастлабки олтин медаллар

«АрМИ-2022»: Вакилларимиздан дастлабки олтин медаллар

Фото: Мудофаа вазирлиги

«АрМИ-2022» VIII Халқаро армия ўйинлари доирасида Қўқон шаҳри мезбонлик қилган «Йўл патрули» мусобақаси ҳам ўз якунига етди. Бу ҳақда Ўзбекистон мудофаа вазирлигининг ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Тўрт кун давом этган ушбу мусобақада Ўзбекистон, Россия, Эрон ҳамда Беларус ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоалар баҳслашган. Жами 2 та босқичда 6 та шарт бўйича ўзаро куч синашган жамоалар, индивидуал пойга, техник танаффус, экстремал тўхташ, параллел парковка, контравария, ҳарбий эстафета каби шартларни бажарган.

Мусобақа давомида давомида бирорта шартда устунликни бой бермаган Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоа якуний натижалар бўйича мусобақа ғолиби деб топилди. Россия — иккинчи, Беларус ва Эрон — учинчи бўлди.

Ушбу мусобақада юртимиз вакилларидан катта лейтенант Жамолиддин Эгамбердиев ҳамда кичик сержант Музаффар Тўлабоевлар «Энг яхши техник ёрдамчи», 3-даражали сержант Сиддиқ Аъзамов «Экстремал ҳайдовчи» ҳамда «Универсал мутахассис» номинациялари бўйича тенгсиз дея эътироф этилди.

Бугун, 21 август, кечки соат 19:00 да ҳунармандлар шаҳри Қўқонда халқаро армия ўйинлари доирасидаги «Йўл патрули» мусобақасининг тантанали ёпилиш маросими ўтказилди.

Учинчи ўринни қўлга киритган Эрон ҳамда Беларус жамоаси аъзоларига бронза, иккинчи ўринни эгаллаган Россия жамоасига кумуш медаллар топширилган. Мусобақанинг мутлақ ғолиби — Ўзбекистон жамоаси аъзолари олтин медаллар билан тақдирланишди. Шундан сўнг мудофаа вазирининг қуролланиш ва қуроллантириш бўйича ўринбосари полковник Алишер Норбоев юртимиз вакилларига армия ўйинлари кубогини ҳамда мусобақа бош соврини — «Chevrolet Gentra» автомашинасининг калитини тантанали равишда топширди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг