«Авиасозлар» бозори бузиладими? Пойтахт ҳокимлиги баёноти
Тармоқда «Авиасозлар» бозори бузилиши ҳақида хабар тарқалди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги мазкур масала юзасидан баёнот берди.
Айтилишича, халқ тилида Кадишев бозори деб номланувчи «Авиасозлар» бозорининг, шунингдек, савдо расталари ва дўконларининг бузилиши ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Бозор одатдаги тартибда ишламоқда. Олиб борилаётган ишлар қонуний асосда фаолият юритаётган савдо расталари ва объектларига дахл қилмайди. Гап узоқ вақт давомида тартибсиз, ўзбошимчалик билан ташкил этилган савдо мавжуд бўлган бозорга туташ ҳудудда тартиб ўрнатиш ҳақида кетмоқда, дейилади ҳокимлик хабарида.
Ушбу ҳудудда айрим фуқаролар мева, сабзавотлар, гўшт маҳсулотлари ва калла-почаларни рухсат берувчи ҳужжатларсиз, жумладан, санитария-эпидемиология талабларини бузган ҳолда сотган. Зарур санитария шароитлари ва маҳсулот сифати назоратининг йўқлиги озиқ-овқат хавфсизлиги учун хавф туғдирарди.
Бундан ташқари, тартибсиз савдо пиёдаларнинг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилар, транспорт ҳаракатига халақит берар, тирбандликлар, одамларнинг тўпланиши, тартибсиз автотураргоҳлар ва аҳоли, харидорлар ҳамда бозорга ташриф буюрувчилар учун ноқулайликлар туғдирарди.
Ушбу ҳудудда савдо қилган шахсларга бозор ҳудудидан муқобил, махсус ажратилган ва қонуний жойлар таклиф этилмоқда. Бу жойлар тадбиркорлар учун ҳам, харидорлар учун ҳам янада тартибли ва қулай шароитларни назарда тутади.
«Ушбу ҳудудда ишлар якунлангач, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, шунингдек, автомобиллар учун тураргоҳ ташкил этиш режалаштирилган. Бу тартибсиз автотураргоҳларни камайтириш, ҳудудга киришни оптималлаштириш ва хавфсиз қилиш, шахсий транспортда ҳаракатланиш учун қулайроқ шароитлар яратиш ҳамда яқин атрофдаги кўчалардаги юкламани камайтириш имконини беради», дейилади хабарда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter