Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Банк тизимида кафолатланган омонат миқдорининг юқори чегараси белгиланяпти

Банк тизимида кафолатланган омонат миқдорининг юқори чегараси белгиланяпти

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банк тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун иқтисодий инқирозларнинг салбий оқибатларини минималлаштириш мақсадида кафолатланган омонат миқдорининг юқори чегараси (200 млн сўм) белгиланмоқда.

Бу борада Қуйи палата депутатлари «Банклардаги омонатларни ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқуллади.

Қайд этилишича, мазкур юқори чегарани белгилашда омонатларнинг амалдаги ҳолати тўлиқ таҳлил қилинди. Хусусан, ушбу миқдор бугунги кунда мамлакатимизда 99,7 фоиз омонатчиларнинг банклардаги маблағлари тўлиқ кафолатланишини таъминлайди.

Шунингдек, қонун ташаббускорларининг маълум қилишича, кафолатланган омонат миқдорининг чеклангани билан банклар фуқаровий жавобгарликдан озод этилмайди ва улар омонатчилари олдида ўзининг мол-мулки билан жавобгар бўлишади. Бу омонатчилар пул маблағларининг кафолатланган ҳажмдан ошган қисмини ҳам банкдан талаб қилиш ҳуқуқига эга, дегани.

Йиғилишда ташаббускорлар депутатларнинг эътиборини яна бир муҳим масалага қаратишди. Таъкидланишича, кафолатланган омонат миқдорининг юқори чегараси муайян шахснинг фақат битта банкдаги омонатига татбиқ этилади, яъни ушбу шахс бир вақтнинг ўзида бир нечта банкларда ўз омонатларига эга бўла туриб, мазкур банкларнинг барчаси тугатилган тақдирда ҳам қонун лойиҳаси билан яратилаётган тизим барча омонатларни бир хилда кафолатлайди.

Ушбу янги тартибни қабул қилишнинг зарурати сифатида эса мамлакатда омонатларни кафолатлаш тизими билан барча тижорат банклари қамраб олинмагани, бундан ташқари, банклардаги омонатлар Фуқароларнинг омонатларини кафолатлаш фонди томонидан тўлиқ ҳажмда кафолатлангани омонатчилар томонидан банкнинг молиявий ҳолати ва фаолият таваккалчилиги билан қизиқмасдан ўз маблағларини юқори фоизли омонатларга жойлаштирилишига сабаб бўлаётгани ҳамда Жаҳон банки экспертлари томонидан республикадаги банкларда бу борада айрим зид қоидалар мавжудлиги аниқлангани кўрсатиб ўтилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг