Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Банкадаги пул банкка эмас чиқиндихонага «қўйилди» ёхуд музхонада «музлатилган» бойлик тақдири

Банкадаги пул банкка эмас чиқиндихонага «қўйилди» ёхуд музхонада «музлатилган» бойлик  тақдири

фото:carnot69.livejournal.com

Кўпчилик жамғармасини уйда сақлашни афзал кўради. Агар омонат ишончли жойда, оила-аъзолар гувоҳлигида сақланаётган бўлса-ку бунинг муаммоли жойи йўқ, аммо...

Афсуски бундай «депозит»нинг барча афзалликларини ҳисобга олган ҳолда, яқинларидан пул яширадиганлар бойлиги ахлат қутисига ташланиши хавфи ҳақида ўйламайди. Янгиликларни кузатсангиз пулни яшириб йиғишни яхши кўрадиган одамларнинг кўпчилиги кулгили вазиятларга тушиб қолишади – ё пулини оила-аъзолари топиб олишади ёки билмасдан ахлат қутисига ташлаб юборишади.

Эшик ортидаги сир...

Яқинда ижтимоий тармоқда бир аёл эрининг яширган пулини топиб олганини жойлади – у эрининг омонатини мутлақо кутилмаган жойдан топди. Маълум бўлишича, аёл ҳожатхона эшигининг ғалати кўринишини, оғирлашиб қолганини пайқади ва уни очиб, пул «шаршараси»га дуч келди. Яъни йиғилган танга пуллар шаршарадек ҳар ёққа сочилди.

фото:120su

Ушбу ғалати воқеа жуда кўп ҳазил изоҳларга сабаб бўлди, кўпчилик ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари пулни бу тарзда сақлаш жуда аҳмоқона эканлигини ҳам таъкидлашди. Энг қизиғи йиғилган танга пуллар синдирилган эшикни янгисига алмаштириш учун етарлими?

Кўрпа ичидаги бойлик...

Чиқиндихонадан эски кўрпача топиб олган хитойлик Анхуй унинг орасига яширилган   20 000 долларни нима қилишни билмай боши қотди.

Ахир бу пул қандайдир жиноят билан боғлиқ бўлиши мумкинда. Шундай қилиб, эркак пулни полицияга олиб борди, шундан сўнг тергов бошланди. Тез орада маълум бўлдики, пуллар тасодифан ахлат қутисига тушиб қолган. Уларни кекса отаси бир кун аввал касалхонага ётқизилган ўғил улоқтириб юборган. Яъни отаси эски ва кир кўрпасини қанчалик яхши кўрмасин, ўғил ундан эгаси йўқ пайтида қутулгиси келди. Касалхонадаги чол бу воқеадан хабар топгач, шу қадар ҳаяжонга тушдики бойлигини сақлаб қолиш илинжида ўрнидан сакраб туриб кетди. Аммо кекса беморни тинчлантиришди. Полиция унга тезроқ тузалишини ва кейинчалик бемалол келиб пулларини олиб кетиши мумкинлигини айтди.

   

Фото: иллюстратив

Музхона ва банкада сақланган бойлик...

Американинг Огайо штатида яшовчи оила аъзолар суюкли бувисининг уйини тозалаб беришга қарор қилишди.  Иш тугагач, буви бирдан таҳликага тушиб қолди: у музлатгичнинг музхонасидаги сабзавотларни ташлаб юбормаганликларини суриштирди, чунки у ерда 25 минг доллар солинган конверт яширинган эди.

«Аммо биз уни ахлатга ташлаб юбордик буви», – деб жавоб берди ҳайратда қолган невараси.

Шундан сўнг улар тезда чиқиндиларни саралаш корхонасига қўнғироқ қилишди. Гарчи ходимлар дарҳол ёрдам беришга отланишганини айтишсада, омонат эгалари оғриқли дақиқаларни бошдан кечиришлари керак эди. Ходимнинг айтишича, агар машина аллақачон чиқиндихонага етиб келган бўлса, демак, бувининг пули топилмайди. Гап шундаки, у ерда булдозерлар дарҳол ахлатни ер билан текислашни бошлайдилар ва йўл давомида уни майдалашади. Аммо, хайриятки, вақтида улгуришди.

Музлатиш камерасидаги озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кетаётган чиқинди машинаси ярим йўлда чиқиндихонага олиб келинди ва Оберлиндаги қайта ишлаш марказига йўналтирилди. У ерда олти тонна чиқинди махсус майдончага ташланган, шундан сўнг корхонанинг ўн нафар ходими пул солинган конвертни қидира бошлаган. Ходимлардан бири – Ден Шоу керакли сумкани атиги ўн дақиқада чиқинди тоғидан топди. Унинг сўзларига кўра, америкалик кекса аёлнинг қариндошлари қимматбаҳо топилмани қўлларига олишганда жуда миннатдор бўлишган ва ҳатто хурсандлигидан йиғлаганлар.    

Шунга ўхшаш воқеа Шотландиянинг Рентон қишлоғида содир бўлган. 80 ёшли кампирнинг қариндошлари бувини қариялар уйига жўнатганидан кейин унинг уйини тозалашга киришган – ошхонадаги бешта банка соусни ахлатга ташлашди. Аммо кейин маълум бўлишича, кампир банкалар ичида жуда катта миқдорда – 20 минг фунт стерлинг сақлаган.

Пул йўқотилганидан хафа бўлган оила маҳаллий чиқиндиларни йиғиш марказига югурди ва у ерда қутиларни топишга умид қилишди. Аммо у ерда ахлат аллақачон кўмилиш учун полигонга юборилганлигини айтишди. Ва ҳали кеч эмас эди, энг муҳими, икки нафар жуда масъулиятли ходим икки соат ҳеч қандай шикоятларсиз қаттиқ ишлашди. Охир-оқибат улар банкаларни топиб, йўқолган 20 000 фунт стерлингни қайтариб олишди. Пулни қайтариб олган онахоннинг қизи қувончдан йиғлаб юборди.

Унутилган ёстиқ

Баъзида шундай ҳолатлар бўладики, оила-аъзолар сақлаётган пулларининг жойини унутиб қўяди.Омсклик ёш эр-хотин ҳам шундай нохуш вазиятни бошидан кечиришди. Улар эски болалар ёстиғида ер участкаси сотиб олиш учун 800 минг рублни сақлашаётганди.

Хотин уйни тозалаш вақтида бебаҳо ёстиқни ташқарига олиб, кираверишда қолдирди ва у ерда бир ҳафта ётди. Охир-оқибат, фаррош уни чиқинди қутисига ташлади. Аммо бахтли тасодиф туфайли, айнан шу куни эр-хотин йиққан пулларини ёстиқ ичида сақлаётганини эслаб қолдилар. Қанчалик даҳшатли хатога йўл қўйганликларини англаб, маҳаллий ахлатхона операторининг рақамини тердилар. У ерда сунъий йўлдош кузатув тизимидан фойдаланиб, керакли транспорт воситаси Киров чиқиндиларни саралаш заводига кетаётганини тезда аниқладилар. Эр ва хотин у ерга югуришди ва чиқинди машинаси билан деярли бир вақтда етиб келишди. Чиқиндиларни тушириш пайтида улар биринчи ифлос қоплар билан бирга машина бункеридан юмалоқланган латта тушиб кетганини кўрдилар. Эгалари ёстиқни кўтарганларида, эски жилд йиртилгани сабабли, ундан беш минг рубллик пуллар тўкила бошлади...

Машинага аталган пуллар чиқинди машинасида...

Aммо Нижний Новгородда яшовчи эркакнинг пул билан боғлиқ ҳикояси жуда ғайритабиий. У иккита бир хил елим халтанинг бирини ахлат қутисига улоқтиради, иккинчисини эса машина сотиб олиниши керак бўлган жамғарма бор деган ўйда олиб қолади. Аммо у айнан пул бор халтани чиқиндига ташлаб юборганини пайқайди. У тезда чиқинди полигони оператори билан боғланди.

Ахлат юк машиналари сунъий йўлдош тизими билан жиҳозланганлиги вазиятни яхшилади. Мутахассислар чиқиндиларни олиб чиқиш мониторинги дастуридан фойдаланиб, контейнерни аниқладилар. Охир-оқибат, машинани бўшатишдан олдин ушлаб турилди, бу пулни шикастламаслик учун операцияни сезиларли даражада соддалаштирди. Бойлик бор халта ташқи кўринишининг батафсил тавсифи туфайли жуда тез топилди.

Пул эгаси ниҳоятда хурсанд бўлди ва деярли кўз ёшлари билан хизматчиларга оилавий бюджетни тежашга ёрдам бергани учун миннатдорчилик билдирди.  

Сир очилмади...

Ушбу ҳикоялардан сўнг, одамда тасодифан ахлатга ташланган барча пуллар кейинчалик топиларкан-да, деган таассурот пайдо бўлиши мумкин. Aммо, ҳар доим ҳам ундай эмас. Сочидаги ушбу воқеа жиноят билан боғлиқ деб малакалангани учун оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортди. Ҳаммаси уяли телефонлар дўконининг сотувчиси томонидан полицияга 261 минг ортиқ рубл камомад аниқлангач, яъни пул йўқолганлиги ҳақидаги хабардан бошланди.  

У ерда савдо бўйича маслаҳатчи лавозимига ишга кирмоқчи бўлган 33 ёшли амалиётчи шубҳа остига олинган. Синов давридаги барча топшириқларни астойдил бажариб келаётган амалиётчи иш куни охирида бўш картон қутиларни ахлатга ташлайди. Маълум бўлишича, бошқа ходимлар даромадни ўша қутига солиб қўйишган, амалиётчи эса уни бошқа бўш қутилар билан бирга ташлаб юборган.

Полиция синовдаги ишчини маълумотлар базасидан текширди ва у ҳеч қачон қонун билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаганига ишонч ҳосил қилди. Қолаверса,  унинг пул йўқолган кунидаги ҳар бир қадами кузатув камералари томонидан ёзиб олинган. Видеолардан бирида йигит ҳақиқатда ўша картон қутини ахлат қутисига ташлаб, қуруқ қўл билан қайтиб келгани аниқ кўрсатилган. Аммо қутини ҳам, ичида сақланган пулни ҳам топишнинг имкони бўлмади...

                                                                     Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг