Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Байден Нетаняҳуни сўкди – ОАВ

Байден Нетаняҳуни сўкди – ОАВ

АҚШ президенти Жо Байден тор доирадаги мулоқотларда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни сўкиниш билан зикр қилди. Бу ҳақда Politico нашри шарҳловчиси Жонатан Мартиннинг мақоласида сўз боради.

«(Байден) ўз маъмурияти ходимлари ва барча демократлар каби Бинямин Нетаняҳуга шубҳа билан қарайди. Президент билан суҳбатлашган инсонларнинг гувоҳлик беришича, у тор доирада Исроил бош вазирини «*** ёмон йигит» деб атади», – деб ёзади Politico шарҳловчиси.

Оқ уй буни рад этган. Президент маъмурияти вакили Эндрю Бейтснинг фикрича, АҚШ президенти бундай сўзни тилга олмаган ва икки сиёсий етакчи ўртасида ҳурматга асосланган муносабат шаклланган.

Politico нашрига кўра, Исроил бош вазирининг Ғазода олиб бораётган, минглаб тинч аҳоли вакили ўлимига сабаб бўлаётган уруши сабаб Байден миллионлаб либерал сайловчилар овозини йўқотмоқда.  Айни чоқда, Оқ уй Нетаняҳу АҚШни Яқин Шарқдаги кенг кўламли урушга тортиб кетишидан хавотирда.

Сиёсий нашрнинг ёзишича, YouGov ўтказган сўнгги ижтимоий сўровда Байден сайловчиларининг 50 фоизи Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини «геноцид» деб атаган.

Исроил армияси 2023 йил 7 октябрдан буён ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан Ғазога қирғинбарот уруш олиб бормоқда. Ҳозирга қадар Ғазода 27365 нафар  фаластинлик, жумладан, 11500 нафар бола ҳалок бўлди.

Қўшма Штатлар урушнинг илк кунидан бошлаб Исроил армиясини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Сўнгги ойларда АҚШ Исроилга 230 та юк учоғи ва 20 та кемада қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва ҳарбий техника юборган.

Вашингтон Тель-Авивга ўнлаб учоқ ва кемаларда қурол-аслаҳа юбориш билан чекланмоқчи эмас. Оқ уй Исроилга 14,3 миллиард доллар миқдорида навбатдаги молиявий ёрдамни ҳам йўлламоқчи.

АҚШ матбуоти хабарига кўра, президент Байден Фаластин–Исроил зиддиятида яҳудий давлатини қўллаб-қувватлаб, Ғазода минглаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганидан кўз юмаётгани сабаб сиёсий доираларда, ҳатто унинг сайлов штабида ҳам норозилик кучаймоқда.

Ғазо шафқатсиз бомбардимон қилинишда давом этаркан, Оқ уй маъмуриятининг расмийлари орасида ҳам ўт очишни тўхтатишга чақираётганлар сони ортмоқда.

Бир неча ой аввал АҚШ давлат департаментининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бюроси директори Жош Пол Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий кўмакни ошириш ҳақидаги қарорига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан эди. 11 йил давомида масъул лавозимда ишлаб келган Ж.Пол ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини қоралагани ҳолда, ҳозирги вазиятда яҳудий давлати тутаётган сиёсат ва АҚШ уни қўллаб-қувватлаётгани хато эканини таъкидлаган.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Рашида Толиб ҳам Байденнинг Яқин Шарқ бўйича позициясини танқид қилган. Демократик партия вакилига кўра, амалдаги маъмурият Исроилни бир томонлама дастаклагани ҳолда, бомба ёмғири остида қолаётган оддий фаластинликлар тақдирига қайғурмаётир.

АҚШдаги таниқли сиёсатчилардан бири, сенатор Берни Сандерс Исроил Ғазода тинч аҳоли вакиллари ўлими сабабли дунё ҳамжамияти кўз ўнгида обрўсини йўқотмоқда деб ҳисоблайди. Шунга кўра у президент Байдендан Исроил раҳбариятига тинч аҳоли вакилларини ўлдирмаслик борасида шарт қўйишни талаб қилган.

«Конгресс (Исроил бош вазири Бинямин) Нетаняҳуга Қўшма Штатлар Фаластиндаги аёллар ва болаларни ўлдириш учун васиқа тутқазмаганини тушунтириши керак», – деган у.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг