Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Баъзи шифокорлар беморга ҳаддан ортиқ кўп дори ёзиб беради» — Президент

«Баъзи шифокорлар беморга ҳаддан ортиқ кўп дори ёзиб беради» — Президент

Фото: Президент матбуот хизмати

Янги 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб, Андижон давлат тиббиёт институтида «Саноат фармацияси» таълим йўналиши бўйича бакалавр тайёрлаш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Андижон вилоят фаоллар йиғилишида маълум қилиб ўтди.

Шунингдек соғлиқни сақлаш тизимида мураккаб операцияларга муҳтож, эҳтиёжманд аҳолига ёрдам бериш бўйича вилоятда махсус жамғарма ташкил этилади. Президент ўз нутқида соғлиқни сақлаш тизимига алоҳида эътибор қаратди ва шифокорлар орасида ўз касбига масъулиятсизлик билан қарайдиганлари ҳам борлигини айтиб ўтди.

- Баъзи шифокорлар беморга ҳаддан ортиқ кўп дори ёзиб беради. Бунга қанақа эҳтиёж бор? Буларнинг ҳаммаси билимсизликдан.

Сал ҳисоб-китоб қилсак докторлар ёзиб бераётган дориларнинг камида 50 фоизи бесамар эканини кўрамиз. Сал нарсага ҳам антибиотиклар тайинлашади.

Албатта коронавирус пандемияси вақтида фидойилик кўрсатган шифокорларга раҳмат айтамиз, Сиз коронавирусга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатдингиз. Аммо биз одамларимиз соғлигини дастлабки босқичдаёқ асрашимиз лозим, - деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилиш давомида тегишли мутасаддиларга Андижон вилоятида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси қўйилди.

- бу йил Андижон вилоятида 4 та оилавий поликлиника ва 9 та оилавий шифокорлик пункти фаолияти йўлга қўйилади;
- жорий йилда вилоятда 1 миллион 500 минг аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, жумладан 300 мингдан ортиқ аёлларни маммографик ва ультратовуш текширувларидан ўтказиш таъминланади;
- Андижон давлат тиббиёт институтининг кафедра мудирлари туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари фаолиятига амалий ёрдам бериш учун масъул сифатида бириктирилади;
- икки ой муддатда Андижон давлат тиббиёт институти клиникасида «Ангиограф» аппарати ўрнатилиб, юрак-қон томир тизимида ўтказиладиган жарроҳлик операцияларининг тури ва сони кўпайтирилади;
- Қўрғонтепа ва Шаҳрихон туманлари учун жароҳатларни ва ўткир қон-томир касалликларини даволайдиган марказлар фаолияти ҳамда гемодиализ хизмати йил охиригача йўлга қўйилади;
- жорий йил якунигача буйрак кўчириш операциясини амалга оширадиган мутахассисларни тайёрлаш чоралари кўрилади ва 2022 йилдан бошлаб, буйрак трансплантацияси бўйича жарроҳлик вилоятда жорий этилади.

Андижон вилоятидаги ижтимоий ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилашга Янги Андижон инфратузилмаси учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан 200 миллиард сўм йўналтирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг