Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бемор аёлнинг бевақт ўлимига сабаб бўлган ҳамширага ҳукм ўқилди

Бемор аёлнинг бевақт ўлимига сабаб бўлган ҳамширага ҳукм ўқилди

Бухорода беморнинг ўлимига сабаб бўлган ҳамшира жазога тортилди. Қоракўл тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиниканинг “Тинчлик” филиали патронаж ҳамшираси Н.Ж. қамоқ жазосига ҳукм этилди

У суд ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик)нинг тегишли бандлари билан 3 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, 45-модда (Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш)га асосан, 1 йилу 6 ой тиббиёт соҳасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси берилган.

Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди раиси Бобораҳим Очиловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, патронаж ҳамшира ўз касбига бепарво ва инсофсизларча ёндошгани боис, 3 нафар фарзанди бор ёш аёлнинг бевақт вафотига сабаб бўлган.

50 ёшли потранаж ҳамшира Н.Ж. Қоракўл тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли КТМП «Тинчлик» филиалига ўз соғлигидан шикоят қилиб келган фуқаро С.С.га «Цефтиракцион» дори воситасидан тайёрланган синамаларни нотўғри қўллаган. Ҳамшира беморнинг ўзи муолажа учун олиб келган цефтриакцион дори воситасини новакаин билан эритиб, шприцга тортиб, аралаштириб тайёрлаган. Эритилган воситани беморнинг ўнг билак соҳасига ўтказган ва унинг аҳволини 20 минут кузатиб турган. Бемор танасида бирор-бир ўзгаришлар юзага келмагач, муолажа хонасида эритмани ўтказган. Орадан 1-2 дақиқа ўтиб, С.С.нинг аҳволида ўзгаришлар кузатила бошлаган. Бемор қўли ва оёқлари қичишиб, оёқлари увишаётгани, нафаси қисаётганини билдирган.

Зудлик билан реанимация шифокорларига хабар берилган, беморга тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш бошланган. Шунга қарамасдан, беморда анафилактик шок кузатилиб, ўткир нафас ва юрак-қон томир фаолияти етишмовчилиги юзага келган. Ва шунинг натижасида С.С. вафот этган.

«Қоракўл туман суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра, “С.С.нинг ўлими дори воситаси таъсирида организмнинг индивидуал реакцияси натижасида ўткир нафас ва юрак-қон томир фаолияти етишмовчилигидан юзага келган. Эксперт ўз касбига нисбатан бепарво ва инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги натижасида одам ўлимига сабабчи бўлганини кўрсатган. 2024 йилнинг август ойида содир бўлган ҳолатга оид суд ишлари жорий йилнинг июль ойида якунланди. Ва суд ҳукмига кўра, потранаж ҳамширага нисбатан муқаррар жазо қўлланилди»,-деди суд раиси Бобораҳим Очилов. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг