Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Бир-иккита муттаҳамни деб халқ жабр чекмаслиги керак!» Бош вазир жабрланувчилар билан учрашди (видео)

«Human хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ мансабдорларининг фирибгарлигидан жабр кўрган бир гуруҳ фуқаролар Бош вазир билан учрашиш талаби билан тўплангани ҳақида хабар берилганди. Эллик нафарга яқин фуқаро билан аввалига Бош вазир маслаҳатчиси, сўнг Бош вазир ўринбосари мулоқотда бўлди.

Ниҳоят, кечга бориб мамлакат ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов жабрланувчилар билан шахсан кўришиб, муаммони ҳал қилди. Яъниким, агентлик мансабдорлари фирибгарлигидан жабр кўрган 1080 нафардан ортиқ фуқаро фойдасига ундирилиши белгиланган 21 млрд. 192 минг сўмдан зиёд моддий зарар икки кунда қоплаб берилади!

Фото: «Xabar.uz»

Қандай қилиб?

Бош вазирга кўра, моддий зарар Меҳнат ва бандлик масалалари бўйича вазирлик ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан қопланади. Жамғарманинг айни масалага йўналтирилган маблағлари судланувчининг хатланган мол-мулклари сотувидан тушган пуллар ҳисобидан ўрнига қўйилади.

«Албатта, бу — мавжуд тартибга кўпам тўғри келавермайди, — деди Бош вазир. — Бироқ бу Президентимизнинг топшириғи! Яъни, муҳтарам Юртбошимиз истисно тариқасида рухсат бериб айтдики, бир-иккита муттаҳамни деб халқим жабр чекмаслиги керак!»

Фото: «Xabar.uz»

Шу жойнинг ўзида «Ипотекабанк» раҳбарига икки кун ичида барча жабрланувчилар номига банк пластик карточкаси очиб бериш вазифаси топширилди. Банк картаси очилиши ҳамоно 24 соат ичида тегишли маблағлар ҳисоб-рақамга тушиши кераклиги алоҳида уқтирилди.

Ҳукумат раҳбарининг айни гаплари жабрланувчилар томонидан давомли қарсак ва қувонч йиғилари билан қарши олинди.

Эслатиб ўтамиз, салкам бир ой бурун жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан «HUMAN» хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ раҳбари Шохнур Файзуллаев Жиноят кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик») 3-қисми «б», «в» бандлари, 189-моддаси («Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш») 1-қисми ва 243-моддасида («Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш») назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди. У агентликнинг жойларда ваколатхоналарини ташкил этиб, 2019 йил 13 сентябрга қадар фуқароларни Германия, Чехия, Япония, Корея Республикаси, Болгария ва Литва давлатларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, уларнинг ҳар биридан (таклиф этилган ишдан келиб чиққан ҳолда) 6 300 000 сўмдан 35 000 000 сўмгача пул олиб (амалда ҳеч кимни ҳеч қаерга юбормай), жуда кўп миқдордаги маблағга фирибгарлик йўли билан эга чиққанликда айбланган эди.

Ҳукмга кўра, Ш.Файзуллаевдан 1080 нафардан ортиқ жабрланувчилар фойдасига 21 млрд. 192 минг сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг