Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Биринчи маротаба архив ҳужжатлари махфийликдан чиқарилди

Биринчи маротаба архив ҳужжатлари махфийликдан чиқарилди

Фото: Норма

Ўзбекистон Миллий архиви томонидан бугунги кунгача махфийлик режимида сақланган 1941-1945 йилларга оид архив ҳужжатларини ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқариш ишлари олиб борилди. Жумладан, 264 сақлов бирлигидаги архив ҳужжатлари (600 варақ), 2 дан ортиқ архив фондлари махфийликдан чиқарилди. Бу ҳақда «Ўзархив» агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур ҳужжатларда асосан 1941-1945 йилларда уруш  майдонларидаги аҳолини эвакуация қилиш жараёни, ишлаб чиқариш корхоналари, харбий, илмий, маданий муассасалар, болалар уйлари, госпиталлар ва бошқа тоифа ташкилотларни республикамизга кўчириб келтирилиши, ҳалқимизнинг уруш давридаги фронт орти меҳнатлари ва ҳалқимиз томонидан фронтга жўнатилган қурол-аслаҳалар, озиқ-овқатлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа кўплаб шу каби Ўзбекистон ҳалқининг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага қўшган ҳиссаси акс этган материаллар мавжуд.   

Амалиёт шуни кўрсатадики, архивларда ҳужжатларининг ўртача 30-35 фоизи «махфий» деб тушунилади, аммо тамға ҳужжат мазмунига эмас, балки ўша даврдаги партия иш юритиш қоидаларига биноан жойлаштирилган. Шахсий маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатларни ишлатишда муайян қийинчиликлар юзага келади.

Тадқиқотчилар, тарихчилар, ўлкашунослар, ўқитувчилар, талабалар, шунингдек манфаатдор муассасалар ва ташкилотлар орасида «махфий» тамғаси босилган ҳужжатларга қизиқиши ниҳоятда катта. Шундай экан, махфийликдан ҳужжатларни чиқарилиши тадқиқотчилар сонининг кўпайишига ёрдам беради. Ўзбекистон, Ўрта Осиё тарихига қизиқиш ортади.

Иккинчи жаҳон урушига оид махфийликдан чиқарилган ҳужжатлардан эса, ҳозирги кунда Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизнинг Олмазор туманида янги бунёд этилаётган «Ғалаба боғи» ҳудудидаги «Шон-шараф» музейи экспонатларини яратилишида  кенг  фойдаланилмоқда. Ғалаба боғи очилганида халқимиз бу ҳужжатлар билан яқинроқ танишиш имкониятига эга бўладилар. 

Бундан ташқари, тадқиқотчилар, талабалар ва бошқа қизиқувчилар учун карантин кунланганидан сўнг, давлат архиви ўқув залида мазкур ҳужжатлар билан танишиш учун барча шарт-шароитлар яратилади.

«Ўзархив» агентлиги махфийликдан чиқарилган баъзи ҳужжатларни илк маротаба расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги сахифалари орқали кенг оммага тақдим этишни режалаштирган.

Шундай қилиб, илгари тадқиқотчилар фойдалана олмайдиган улкан архив мажмуаларига киришнинг очилиши тарихий манбаларни илмий асослашга имкон яратди ва зарурат туғдирди, уларсиз ХХ асрнинг ички тарихини тушуниш мумкин эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг