Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рустам Жабборов

Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл! (Жалолиддин Румий)

Биз қандай яшаяпмиз?

Биз қандай яшаяпмиз?

Бугун ўзбекистонлик мухожирлар фақатгина уй қуриб, қоровуллик қилиб, кўча супуриб юргани йўқ.

Фото: «profile.ru»

Гоҳида сал аввалроқ чиққан турли газета тахламларига кўз ташлайман. Мозийга қайтмоқ учун айрим мақолаларни такрор ўқийман. Деярли барча газеталаримизда бир хил манзара: юртимизда тинчлик, осойишталик ҳукм сурмоқда. Халқимиз фаровонлиги кун сайин ошиб бораётир. Иқтисодий кўрсаткичлар ҳам тобора юксалмоқда. Янги мактаб, коллеж, лицей, шифохоналар қад кўтараяпти. Юз минглаб иш ўринлари яратилмоқда. Дунё иқтисодий инқироз ёқасида турган бир пайтда ялпи ички маҳсулот ҳар йили ошиб бораяпти. Ҳамма ўз ҳаётидан хурсанд. Нохуш ҳодисалар, қотиллик, жиноят... йўқ ҳисоби...

Энди-чи, бугун турли интернет сайтларини «варақлаб» даҳшатга тушамиз. Бир-биридан совуқ янгиликлар:

  • Қозоғистонда ўзбек муҳожирлари кетаётган автобус ёниб кетди...
  • Самарқандда мажбурий меҳнатга жалб қилинган ўқитувчи «КамАЗ»нинг тагида қолди.
  • Андижонлик 23 ёшли аёл ўз боласини бўғиб ўлдирди.
  • Тошкентда коллеж ўқувчиси ўзини осди.
  • Бухорода боғча мудири 600 минг сўм билан қўлга тушди.
  • Россияда ўзбеистонлик муҳожирни уриб ўлдиришди.
  • Ўзбекистонлик йигит Швецияда теракт содир этди....

Нега шундай? Икки-уч йилда ҳаётимиз шу қадар ёмон тарафга ўзгариб кетдими?

Асло! Ҳаммамиз ўз кўзларимиз билан кўраяпмиз. Ҳаёт яхши томонга ўзгармоқда. Йиллар давомида жамиятимизнинг томирини кемириб келаётган юҳолар ўз жазосини олаяпти. Қўшни давлатлар билан муносабатлар изга тушаяпти. Қанча-қанча муаммолар ўз ечимини топаяпти.

Унда нега ҳамма ёқни «шумхабарлар» босиб кетди? Нима, бунақа нохушликлар икки-уч йил илгари юз бермасмиди? Афсуски, уч йил, беш йил, ўн йил ё йигирма йил аввал ҳам шундай воқеалар такрор ва такрор юз берган. Биз булар ҳақида узунқулоқ гаплар, мишмишлар, «нохолис хорижий нашрлар ва радиоканаллар» орқали эшитиб қолардик. Кўзимиз билан кўрсак ишонардик, эшитганларимиз қулоғимизнинг ёнидан зинғиллаб ўтаверарди.

Энди ҳамма соҳада бўлганидек, журналистика ҳам тубдан ўзгармоқда. «тақиқ»қа учраган мавзуларга ҳам кенг йўл очилди. Танқидий-таҳлилий матералларга йўл очилди.

Лекин гап бу ҳақда эмас.

Айнан эркинлик туфайли бутун матбуотимиз, интернет сайтларимиз, радио ва телеканалларимизни жунбушга солаётган муаммолар ва уларнинг туб илдизлари ҳақида...

Хўш, бундай нохуш ҳодисалар – хориждаги автоҳалокатлар, мажбурий меҳнат қурбонлари, ўз яқинларининг ҳаётига суиқасд, худкушлик, ёшларимиз турли оқимлар таъсирига тушиб қолаётганининг сабаби нимада? Қайси бирини таҳлил қилиб кўрманг, алалоқибат битта муаммо бўй кўрсатади: етишмовчилик! Ҳа, айнан етишмовчилик туфайли ёшларимиз хорижга иш излаб кетади, етишмовчилик сабаб оилалар бузилади. Етишмовчилик сабаб жигарлар бир-бирига душман бўлади, мушт, ҳатто қурол кўтариш даражасига етади.

Албатта. Бу саволларга жавоб излаб Америка кашф қилаётганим йўқ. Лекин яна бир карра шу ҳақдаги мулоҳазаларимни сиз билан баҳам кўрсам...

Ҳа, афсуски, ҳаётимиз шу пайтгача биз ўйлаган, биз ишонгандан кўра бошқачароқ эканини кун сайин англаб етаяпмиз. Билмаганларимиз билганларимиздан кўпроқ эканини тушунаяпмиз.

«Нимадан нолияпсан, сенга нима етишмаяпти?», — дея мени ношукурликда айблашга ошиқманг. Шу пайтгача биз ҳаётимизни ўзимиздан кўра ёмонроқ аҳволдагилар билан солиштириб келдик. Сурияда, Ироқда, Афғонистонда аҳвол қанақа-ю, бизда қанақа? Африкада минглаб одамлар сувга, нонга зор, биз қандай яшаяпмиз?

Ҳа, дарвоқе, биз қандай яшаяпмиз? Тўғри, Мозамбик, Чад, Сомали, Сурия ё Ироқдагиларга қараганда ҳаётимизни жаннатга қиёсласак арзийди. Минг марта шукур! Лекин биздан яхши яшаётганлар ҳам жуда кўп. Акс ҳолда, ҳар йили минглаб ватандошларимиз кўпроқ пул топиш ва яхшироқ яшаш умидида хорижга йўл олмаган бўларди.

Хўш, ўзи биз қандай яшаяпмиз? Тўғрироғи, қандай яшашни истаймиз?

Агар мамлакат бўйича шундай сўров ўтказилса, кўпчилик бир хил жавоб берган бўларди:   

— Уй-жойим бўлса, ўғлимни уйлантирсам, қизимни чиқарсам, машина олсам (ёки янгиласам), қорним тўқ, устим бут бўлса, шунинг ўзи бас...

Бироқ, вазият шуни кўрсатмоқдаки, кўпчиликнинг ана шу орзуларини амалга оширишга биздаги имкониятлар етарли эмасга ўхшаяпти.

Халқаро меҳнат ташкилотининг 2017 йилги ойлик даромад рейтингига биноан Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида 235 АҚШ доллари миқдоридаги ўртача ойлик иш ҳақи билан 118-ўринда туради (http://investorschool.ru/srednyaya-zarplata-po-stranam-mira-2017). Рўйхатнинг бошида турган мамлакатлардаги ўртача иш ҳақини кўриб оғзимизнинг суви оқиши табиий. Чунончи, бу рақам Швейцарияда 3855, Норвегияда 3781, Люксембургда 3565 долларни ташкил қилади.

Тўғри, сайёрамизда 200 га яқин мамлакат бор-ку, демак биз ўртароқда эканмиз-да деб ўзимизни юпатишга шошилмайлик. Бутун дунё мамлакатлари аҳолисининг ўртача иш ҳақи 1500 АҚШ долларига яқин экан. Демак, биз ҳали ўртача кўрсаткичга ҳам етганимиз йўқ.

Шунинг учун ҳам йиллар давомида «Ўзбекистондаги шарт-шароитлар, яратилаётган иш ўринлари, тўқлик ва фаровонлик» ҳақида бонг урмайлик, барибир одамларимиз биздагидан кўра кўпроқ ҳақ тўланадиган ўлкаларга кетаверишди. Бу жараён ҳозир ҳам тўхтагани йўқ. Фақат биз энди бу ҳолат ва унга мажбур қилаётган сабабларни очиқ-ошкор тан олаяпмиз холос.

Эътибор қилсак, хорижга кетаётганларнинг асосий қисми 18-42 ёшдагилар ташкил этади. Яъни инсон умрининг куч-қувватга тўлган, ишлаб пул топа оладиган палласи. Кузатишларга кўра хорижда иш таклиф қилаётган фирма ва компаниялар асосан 18-39 ёшдагилар керак. Тўғри-да, ёши ўтиб, белидан қуввати-ю кўзидан нури кетганларни чет элликлар нима қилади? Демак, бугунги кунда юз минглаб ана шундай қўлидан иш келадиган ҳамюртларимиз хорижда юришибди. Айтиш жоизки, улар нафақат ўз чўнтагига, балки хорижий мамлакатлар иқтисодиётига ҳам фойда келтираяпти. Ўзбекистондан борган муҳожирлар хорижий иш берувчилар учун арзон ишчи кучи ҳисобланади.

Лекин тан олиш керак, бугун ўзбекистонлик мухожирлар фақатгина уй қуриб, қоровуллик қилиб, кўча супуриб юргани йўқ. Улар орасида олий маълумотли педагоглар, шифокорлар, олимлар, иқтисодчилар, хуллас, турли соҳа вакиллари бор.

Баъзида эшитиб қоламиз: ўзбек олими Америкада буюк кашфиётлар қилмоқда. Нима, бизга илм-фан кашфиётининг кераги йўқми? Ўзбек шифокорлари АҚШда, Европада, Яқин Шарқда, ҳатто Африка давлатларида ишламоқда. Нима, бизда ҳеч ким касал бўлмайдими? Ўзбек қурувчилари Россияда, Қозоғистонда ҳар йили юзлаб, минглаб, замонавий иморатлар, гўзал биноларни қуриб беришаяпти. Нима, бизда бундай иморатларга эҳтиёж йўқми?

(Майли бизникилар ҳам хорижга бориб ишласин. Лекин оддий қора ишчи сифатида, арзимаган 700-800 доллар эвазига эмас. Бизнинг ватандошларимизни худди Одил Аҳмедов, Равшан Эрматов сингари кучли мутахассислар сифатида, юз минглаб доллар эвазига ишга чақиришсин. Зотан, улар туфайли мамлакатимизга валюта оқиб киради.)

Навқирон ишчи кучлари, малакали мутахассисларимиз ўзимизда, оиласи, яқинлари олдида ишлашни истайди. Аммо қўлидан иш келган пайтида кўпроқ пул топгиси келади. Бизда эса ҳозирча айрим хорижий давлатлардагидек шароитлар етарли эмас.

Тўғри, бугунги кунда Президент бошчилигида мамлакат иқтисодитётини кўтариш, аҳолининг турмушини яхшилаш, ишлаб чиқариш корхоналарини ва иш ўринларини кўпайтириш бўйича кенг қамровли ишлар бажарилмоқда. Бу ҳаракатлар ўз самарасини беради албатта. Аммо бир кишининг изланишлари, ўзини ўтга-чўққа ургани кифоя қилмайди.

Бунинг учун ҳар биримиз ўзимизни, қарашларимизни, интилишларимизни, фикрларимизни ўзгартиришимиз керак. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «...Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунча, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас...» («Раъд» сураси 11-оят). Бу ояти кариманинг мазмуни халқимизнинг «Сендан ҳаракат – мендан баракат» нақлида ҳам соддароқ тарзда ифодаланган.

Фақат бугунни ўйлаб яшайдиган бўлсак, ҳея нарса ўзгармайди. Ҳаммаси бугунгидек давом этаверади. Бугунги кун бир нави ўтиши учун шароитларимиз етарли. Лекин эртанги кун янада фаровон, янада тўкис бўлиши учун кўпроқ ўйлашимиз, ўқишимиз, изланишимиз керак.

Бунинг учун энг аввало ўз фарзандларимизга жиддийроқ эътибор қаратайлик. Хўш, фарзандларимиз бугун нима қилаяпти? Албатта, мен турли мусобақаларда кучи, билими, иқтидорини намоён этаётган фарзандларимизнинг ютуқларини камситмоқчи эмасман. Барака топишсин. Лекин бошқалар-чи? Юқори натижаларга эришаётган ёшларимиз нари борса минг, икки минг, боринг ана ўн минг нафар чиқар. Қолганлар-чи? Ахир мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини 18 га тўлмаганлар ташкил этади-ку? Бу 16 миллиондан кўпроқ одам дегани. Улар нима билан машғул? Миллионлаб ёшларимиз билим олиш ўрнига сериал томоша қилиш, ижтимоий тармоқларга сурат жойлаш, кимлар биландир ярим кечасигача ёзишиш, турли электрон ўйинлар билан шуғулланмаяптими?

Катталар-чи? Уларни нималар ўйлантираяпти? Фақат ўғил уйлантириш, қиз чиқариш, уй қуриш, яхши кийиниш, яхши кийинтириш ҳақида бошқа қотирмаяптими?

Катта-кичик амал курсисидаги «каттаконларимиз»-чи? Уларнинг ҳаммаси бирдек юрт ривожини, халқ фаровонлигини, ўзидан бирор яхшироқ иш қолдиришни ўйлармикин? Мансабни шахсий тирикчилик манбаига айлантириб олганлар ҳамон учрамаяптими? Кенг ҳужрада, юмшоқ курсига ястаниб, жамиятнинг томирини кемириб ётган «жониворлар»нинг қанчаси жазосини олди. Уларнинг ўрнини эгаллаётганлар «аввалгиларга ўхшамас»микин?

Тирикчилик, янада яхшироқ ҳаёт кечириши илинжида хорижга ошиқаётган ҳамюртларимиздан гинамиз йўқ эмас. Шошилманг, биродар. Умрингизни, кучингизни, билимингизни ёт ўлкаларга сарфлашга ошиқманг. Тўғри, бизда Европа ёки Америкадагидек пул тополмайсиз. Аммо юртимизда ўзгаришлар шу тахлит шиддат билан ривожланаверса, бизда ҳам иш ҳақи, яшаш шароитлари сезиларли даражада ортади. Бунинг учун сизнинг ҳам ёрдамингиз керак!

Албатта инсон орзу-ҳавас билан тирик. Буларсиз ҳаёт рангни йўқотар балки. Лекин биз бундан ҳам яхшироқ яшашимиз мумкин. Ойига 700-800, 1000 доллар эмас, ундан бир неча баравар кўпроқ пул топишимиз, ўзимиз орзу қилганимиздан кўра яхшироқ яшашимиз мумкин.

Бунинг учун ичимизда озроқ миллий ғурур, ватанпарварлик бўлиши керак. Биз жуда боймиз. Бизнинг 33 миллионга яқин кучимиз бор. 447,8 минг квадрат километр еримиз бор. Ерости ва ерусти бойликларимизнинг ҳисоби йўқ. Бизчалик табиий ва инсоний ресурсларга эга мамлакатлар кам. Лекин ана шу бойликлардан тўғри фойдаланиш, уларни кўпайтириш, ҳаётимизни янада гуллатиш учун ақл, куч, интилиш керак бўлади.

Иккинчи жаҳон урушидан қашшоқлик гирдобига ботиб чиққан Корея, Япония сингари мамлакатлар ҳам табиий бойликлари эмас, ўз халқининг кучи, билими ва салоҳияти туфайли барча машаққатларни енгиб, юксак марраларга эришди. Биз бунга қодир эмасмизми?

Мен дунёнинг ўнлаб мамлакатларини кезган инсон сифатида айтаман: фақат ўзимизни, ҳаёт тарзимизни, қарашларимизни ўзгартиришиз керак.

Ўзимизни ўзгартирайлик, Яратган ҳам бизни ўзгартиради.

Ҳаракат қилайлик, барака топамиз.

Фақат кундалик майда-чуйда ташвишлар билан эмас, келажак ҳақида, фарзандларимиз бугунгидан кўра бахтлирок, комилроқ, тўкисроқ яшаши учун ҳаракат қилайлик.

Фарзандларимизни ҳам кўпроқ ўқишга, интилишга ундайлик.

Қўлига телефон эмас, китоб олиб берайлик.

Ўғлимиз ё қизимизга машина олиб бериш учун сарфлайдиган пулимизни уни ўқитишга, репетитор ёллашга, истеъдодини юзага чиқаришга сарфлайлик. Зотан, энг яхши сармоя фарзандлар келажаги учун тикилган сармоядир.

Болаларимиз вақтини интернет ёки виртуал ўйинлар учун эмас, билим олиш, китоб ўқиш, изланиш учун сарфласин.

Жамиятдаги ҳар бир инсон фақат ўзи учун эмас, халқ учун, ватаннинг юксалиши учун меҳнат қилмас экан, интилишларимиз самара бермайди.

Амалдорларимиз ўзлари масъул бўлган соҳа ривожини эмас, курсининг кучи билан «иномарка» олиш, уч қаватли иморат қуриш, дача тиклаш ҳақида ўйлар экан, ҳаётимизда ўзгариш бўлмайди.

Фарзандларимиз вақтини беҳуда, ўйин-кулги учун сарфлар экан, келажакка умид билан боқиб бўлмайди.

Тан олишдан уялмайлик: аҳволимиз ҳавас қиладиган даражада эмас.

Бу ачинарли ҳолатдан бизни фақат билим ва меҳнатгина қутқара олади.

Бугун ҳар биримиз изланишимиз, ўз вазифамизни виждонан бажаришимиз, фарзандларимиз таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратишимиз керак.

Биродар, кўзингизни очинг, ёнингиздагиларни ҳам туртиб қўйинг.

Бир лаҳза ҳам бефарқликка берилишга, лоқайдликка, атрофимиздаги муаммоларни кўриб кўрмасликка олишга ҳаққимиз йўқ.

Тасаввур қилинг, биз ҳаммамиз битта кемадамиз. Ҳаммамизнинг жонимиз, манзилимиз, муддаомиз бир. Кимдир бу кеманинг бир четини теша бошлар экан, 33 миллион йўловчининг ҳаёти хавф остида қолади.

Огоҳ бўлайлик, кўзимизни каттароқ очайлик, изланайлик, излайлик, ўқийлик, ўқитайлик, меҳнат қилайлик.

Токи ҳамюртларимиз ёт ўлкаларда автобусларда, машиналарда тириклай ёниб кетмасин!

Токи кўздек болаларимиз иш излаб кетиб, террорчилар сафида «жиҳод қиламан» деб ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ҳалок этмасин. Миллатни ёмонотлиқ қилмасин!

Токи гулдек қизларимиз, жувонларимиз кўра-била туриб, нафс ва ҳирс бандаларининг қўлидаги қўғирчоққа айланмасин!

Токи «ўзбек» деганда баъзи «оқсуяк» оғаларимизнинг кўз ўнгида тил билмас, гап уқмас «гастарбайтерлар» жонланмасин!

Токи ота-онаси хорижга пул топгани кетган болалар тарбиясиз улғаймасин, жиноятга, бебошликка қўл урмасин!

Ўзбекистон дунёнинг энг фаровон, тўқ ва обод давлатлари, ўзбекистонликлар ер юзидаги энг бахтли халқлар рейтингида энг юқори ўринларни эгалласин!

Ё гапларимга қўшилмайсизми?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг