Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Болаларни бирга асрайлик — онко-гематология соҳасида вазият қандай?

Болаларни бирга асрайлик — онко-гематология соҳасида вазият қандай?

Болалар саломатлиги – мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимининг энг устувор йўналиши. Бунинг учун ихтисослашган тиббиёт марказлари, замонавий клиникалар ташкил этилиб, оналар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифати оширилмоқда.

Хусусан, ўтган йили Тошкент шаҳрида очилган Болалар миллий тиббиёт марказида йилига 1500 дан зиёд мураккаб амалиётни бажариш имконияти яратилган. Бу шифохона онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган.

Албатта, ота-оналарни энг ташвишга соладигани болалардаги гематологик ва онкологик касалликлардир. Бугунги кунда 12 мингдан зиёд фуқаролар оқ қон ва оғир ирсий гематологик касалликдан азият чекмоқда.

Шу боис жорий йилда онко-гематология соҳаси ҳамда даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича мураккаб диагностика ва тиббий амалиётлар учун бюджетдан 250 миллиард сўм ажратилди.

Пандемия билан боғлиқ мураккаб шароитга қарамай, ўтган йили ҳам давлат бюджетидан онкологик дори-дармонлар учун 5,5 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратилиб, даволаниш жараёнидаги ўта хавфли бўлган узилишларга йўл қўйилмади. Шифохоналарни кимёвий дори воситалари билан таъминлаш кўрсаткичи аввал 10-15 фоиз бўлган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 85 фоизга етган.

Нафақат моддий таъминот, балки илмий ёндашувларга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, болалардаги ўткир лейкозларда халқаро даволаш протоколлари татбиқ этилмоқда. Натижада болалар орасидаги ўткир лимфобласт лейкозларда ҳаёт сифатининг яхшиланиши 75 фоизни, ўткир миелобласт лейкозларда 45 фоизни ташкил этмоқда. Бемор болалар имкон қадар соғлом ҳаётга қайтарилиб, юзлаб оилаларга қувонч улашмоқда.

Шу ўринда эслаш ўринлики, илгари онкология ва гематология диспансерларидаги аҳвол жуда ачинарли эди. Охирги йилларда бу йўналишларга катта маблағлар ажратилиб, моддий-техник база янгиланди. Албатта, ҳамма шифохоналарни бирдан қайта қуриб бўлмайди. Лекин вазият ўзгаргани, шароитлар яхшиланаётганини одамлар ўз ҳаётида ҳис қилмоқда.

Даволаш методикаси жаҳон стандартларига мос бўлиши учун чет эл тажрибаси ўрганиб борилмоқда. Охирги тўрт йилда бу соҳадаги мутахассислар Германия, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Россия, Австрия, Финляндия, Беларусь каби давлатларда малака ошириб келди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Текшириш ва даволаш стандартлари» халқаро ESMO, NCCN, RUSSCO ташкилотлари стандартлари асосида тайёрланган ва доим янгилаб борилади.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг болалар онкологияси бўлимида беморларга ташхис қўйишда рақамли рентген ускунаси, доплер ультратовуш, эндоскопик жамланмалар, МСКТ каби энг замонавий диагностик ускуналар асосида клиник-биокимёвий лаборатор текширишлар ўтказилади. Бундан ташқари, ўсмаларнинг морфологик диагностикаси учун марказда цитологик, гистологик ва иммуногистохимик текширувлар мавжуд.

Улар қаторига йирик бўғимларни эндопротезлаш, қорин парда орти гигант ўсмаларини олиб ташлаш, ён аъзоларга ўсган ўсмаларда симультант, ўсмаларни лапароскопик олиб ташлаш амалиётлари, буйрак резекциялари, умуртқа поғонаси ўсмаларида реконструктив амалиётлар, суяк аутопластик амалиётларини киритиш мумкин. Бундай амалиётлар Марказий Осиёда фақатгина мамлакатимизда бажарилади.

Жаҳонда гематология ва онкология бўйича даволаш-диагностика имкониятлари кенгаяётгани бу соҳалардаги ислоҳотларни давом эттиришни талаб қилмоқда. Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 августдаги қарори билан 2020-2022 йилларда болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янги босқичга кўтаришга йўналтирилган чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Унинг 14-бандида ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларда умумлаштирилган бўлимлар жорий этиш, «Болалар гематологияси» ва «Болалар онкологияси» соҳаларини умумлаштириб, дунё стандартларига мос равишда «Болалар ва ўсмирлар гематология ва онкологияси» номли соҳани татбиқ қилиш белгиланган. Бу тизим ҳозирда Болалар миллий тиббиёт марказида йўлга қўйилган. Бошқа ҳудудлардаги кўп тармоқли марказларда ҳам жорий этилмоқда.

Ўзбекистонда болалар онкология ва гематологияси соҳасида, тиббиёт тили билан айтганда, мультидисциплинар ёндашув белгиланмоқда. Популяцион ва госпитал канцер-регистрларини шакллантириш, даволаш протоколларида замонавий молекуляр, цитогенетик текширув ва илик трансплантациясини қўллаш, ўзак хужайралари банкини шакллантириш бўйича изланишлар олиб борилмоқда.

Болалар гематологияси ва онкологияси соҳасини такомиллаштириш мақсадида Республикa ихтисослaштирилгaн онкология вa рaдиология илмий-aмaлий тиббиёт мaркaзи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, нодавлат нотижорат ташкилотлар, халқаро жамғарма ва илмий марказлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мутахассисларимиз касалликларни эрта аниқлаш ва уларни самарали даволашга доир халқаро тажрибани ўрганиш бўйича доимий изланишда.

Тўғри, жаҳон тажрибасида бўлганидек, болалар гематологияси ва онкологиясида давлат тиббиёт муассасалари билан бир қаторда нодавлат ташкилотларнинг ҳам аҳамиятини инкор этиб бўлмайди. Шундай экан, мақсад ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, иложи борича кўпроқ инсонларнинг, айниқса, юртимиз келажаги бўлмиш болажонларнинг саломатлигини асраш учун ҳамкорликда ҳаракат қилиш зарур.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг