Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Босар-тусарини билмаган» ким: депутатми ёки ИИБ ходимлари?

«Босар-тусарини билмаган» ким: депутатми ёки ИИБ ходимлари?

Фото: Kun.uz

Ички ишлар вазирлигининг интернет тармоғидаги расмий саҳифасида тарқатилган «босар-тусарини билмай қолган депутат» ҳақидаги видеолавҳа шундоғам кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди.

Наманган шаҳар кенгаши депутати Т.М. профилактика инспекторининг телефонини синдиргани, уни тинчлантирмоқчи бўлган бошқа ходимнинг погони ва хизмат кўкрак нишонини юлиб олгани ҳақида ҳикоя қилувчи лавҳа кўпроқ халқ вакиллари (депутатлари)да жиддий эътироз уйғотгани ҳам бор гап. Негаки, беш дақиқалик лавҳада суддан аввал «айбдор»га чиқариб қўйилган шахс «депутат» эканига қайта-қайта урғу берилади. Иккинчидан, лавҳанинг бундай оҳанг ва шаклда тайёрланиб, жамоатчилик эътиборига ҳавола этилиши айбсизлик презумпциясига зид эканига таъкид ортиқча.

Лавҳа ниҳоясида ҳолат бўйича 2020 йил 16 апрель куни Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳам маълум қилинади.

Воқеаларнинг кейинги ривожи шуки, Наманган шаҳар прокурори Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашига тақдимнома киритиб, депутат Т.М. жиноий жавобгарликка тортиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга розилик сўрайди. Ўз навбатида шаҳар кенгаши депутатнинг эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинишига розилик бериш масаласини рад этилиб, уни жиноий жавобгарликка тортишга розилик беради (2020 йил, 16 апрель).

Бироқ бугун «депутат иши»да кутилмаган ўзгариш юз берди.

Телеграмдаги «Файзбоғ» каналида тарқатилган хабар ва унга илова қилган ҳужжатга кўра, кеча (19 апрель) Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтади. Унда шаҳар прокурорнинг тақдимномаси яна бир бор кўрилиб, кенгашнинг депутат Т.М.ни жиноий жавобгарликка тортишга розилик бериш ҳақидаги қарори (16 апрель) бекор қилинади. Ва бунга бутунлай тескари –  Т.М.ни жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб этиш ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга розилик бериш сўралган прокурор тақдимномасини тамоман рад этиш ҳақида янги мазмунда қарор қабул қилинади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши айни қарори билан Наманган шаҳар прокурорига (уч кун ичида) шаҳар ИИОВ ФМБ-сонли профилактика катта инспектори И. Абдураҳмонов, ИИБ ЙҲХБ испектори Х. Зиёвиддинов ва воқеада иштирок этган бошқа ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва белгиланган тартибда қонуний чора кўриш вазифаси ҳам топширади.

Бундай кутилмаган бурилиш детутатнинг «босар-тусарини билмай қолгани» ҳақидаги иддаоларга шубҳа уйғотади. Бундай шубҳа эса яна бир саволни кўндаланг қўяди: депутатнинг «ўзидан кетгани» катта сўроқ остида экан, уни «олабўжи» қилиб кўрсатишга шошилиш ҳам «ўзидан кетиш»нинг бир кўриниши эмасми?!

Хуллас, саволлар кўп. Уларга фақат прокуратура аниқлик киритиши мумкин.

Кутамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг