Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бош прокуратура аҳолига яна бир мурожаат билан чиқди

Бош прокуратура аҳолига яна бир мурожаат билан чиқди

Фото: Xabar.uz

Азиз ватандошлар!

Бутун инсоният ХХI асрда мисли кўрилмаган катта ва оғир синовга дуч келди.

Коронавирус инфекцияси аксарият мамлакатлар ҳаётини карахт аҳволга солди.

Бор куч ва имкониятлар ҳали - ҳамон инфекция тарқалишини тўхтатишга, унинг шиддатини оз бўлса-да, пасайтиришга жалб этилмоқда.

Мазкур офатнинг иқтисодий, ижтимоий оқибатларини, уларнинг кўламини ва инфекция юзага келтирган инқироздан чиқиш учун қанча вақт ва ресурс талаб этилишини эса, ҳозир ҳеч ким аниқ айта олмайди.

Ана шундай мураккаб ва таҳликали шароитда ҳар томонлама оқилона иш тутаётган, ўз халқи билан ҳамжиҳатликда зарур чораларни кўраётган давлатларгина пандемиянинг таъсирини юмшатишга, жамиятда барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни сақлашга, фуқароларнинг хавф - хатарлар билан яккама - якка қолмаслигига мушарраф бўлмоқда.

Бундай давлатлар қаторида Ўзбекистоннинг ҳам борлиги оғир кунларда барчамизга таскин бермоқда ва ҳаловатли кунларнинг яқинлигига қатъий ишонч уйғотмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармон ва қарорлари ҳамда бевосита кўрсатмалари асосида амалга оширилаётган қатъий чора-тадбирлар,улар ижросининг олий даражадаги мунтазам муҳокамаси пандемия хуружига қўйилган тўсиқ сифатида унинг мудҳиш оқибатларининг олдини олмоқда.

Ўз навбатида, касалликка чалинган ҳар бир фуқаро шахсан муҳтарам Президентимизнинг назорати ва ғамхўрлигида даволанмоқда. Бугун аксарият мамлакатларда беморлар дуч келаётган моддий ва ижтимоий муаммолар Ўзбекистонда даволанаётганлар учун долзарблик касб этаётгани йўқ.

Энг асосийси, аксарият фуқароларимиз амалга оширилаётган тадбирлар, хусусан карантин чораларини тўғри тушуниш ва хайрихоҳлик билан қабул қилмоқда, масъулларнинг қонуний талабларига риоя этмоқда.

Бироқ, ҳозирги шароитдаги сусткашлик, лоқайдлик, бепарволик, ортиқча хотиржамликка берилиш, ташаббускорлик ва фидойиликни унутиш эл-юртга хиёнат билан баробардир.

Айниқса, давлат органлари ва уларнинг масъуллари коронавирус инфекциясининг мамлакатимизда кенг тарқалишининг олдини олиш, унинг давлат ва жамият ҳаётига, ҳар бир фуқаронинг кундалик турмуш тарзига салбий таъсирини камайтириш борасидаги ўзига хос курашнинг олдинги сафларида бўлиши тақозо этилмоқда.

Бинобарин, Бош прокуратура тегишли ваколат ҳамда мажбуриятлар доирасида глобал инқироз ва пандемия шароитида прокуратура органлари томонидан амалга оширилиши шарт бўлган қўшимча вазифаларни белгилаб олди.

Жумладан, бугунги мураккаб вазиятда прокуратура органлари томонидан қуйидаги вазифалар ижросига устувор аҳамият қаратилади:

Биринчидан, карантин муносабати билан жорий этилган чекловларда оғир вазиятга тушиб қолган оилалар, шунингдек вақтинчалик даромад манбаини йўқотган фуқароларимизни ижтимоий қўллаб - қувватлаш чораларини алоҳида назоратга оламиз. Прокурор секторларида ана шундай вазиятдаги 5 мингта оилагакарантин даврида бевосита прокуратура органлари томонидан белгиланган миқдорларда моддий ёрдам кўрсатилади;

Иккинчидан, иш ҳақи,пенсия ва нафақа тўловларининг тўлиқлиги ва узлуксизлиги устидан қатъий назорат олиб борилади. Бу жараёнда ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашнинг барча зарур чоралари кўрилади;

Учинчидан, карантин даврида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий буюмлар билан узлуксиз таъминлаш, нарх - навони барқарор сақлаш чоралари кўрилади. «Даладан дастурхонга» тамойили асосида қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилардан бевосита истеъмолчиларга, асосийси, маҳаллаларда кўчма савдони ташкил этиш орқали фуқароларимизга энг яқин ва қулай ҳудудларга етказиб берилади;

Тўртинчидан, коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга таъсирини юмшатишборасидаги чора-тадбирлар доирасида:

— тадбиркорларни қўллаб - қувватлаш, карантин чеклов-лари, санитария ва гигиена талабларига риоя этган ҳолда уларнинг фаолияти тўхтаб қолишига йўл қўймасликнинг барча зарур чораларикўрилади;
 — тадбиркорларга солиқ тўловлари, банк кредитлари ҳамда коммунал тўловлар бўйича берилган имтиёзларнинг тўлиқ қўлланилишиустидан назорат олиб борилади;
— экспортёрларни қўллаб - қувватлаш, экспорт прогнози бажарилишини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилади. Бунда 3.379 нафар экспортёрнинг ҳар бирига ходимларимиз бириктирилиб, юзага келаётган муаммолар биргаликда ҳал этилади ва уларга зарур амалий ёрдамкўрсатилади.

Мазкур амалиёт 30 дан ортиқ иш ўрнига эга, йирик озиқ - овқат ишлаб чиқарувчилари билан ҳам йўлга қўйилади;

– юк ташишда турли тўсиқ ва муаммолар вужудга келишининг олдини олиш юзасидан зарур чоралар кўриб борилади. Мавжуд 516 та карантин постларига бириктирилган ходимларимиз бу борада алоҳида иш олиб боради;
– давлат ҳамда ҳудудийинвестиция дастурлари ижроси устидан назорат янада кучайтирилади;
– бюджет тушуми ижросини таъминлаш ва янги тушум манбаларини аниқлашга фаол кўмаклашилади;

Бешинчидан, озиқ - овқат хавфсизлигини таъминлаш чоралари доирасида прокурор секторларида ғалла парвариши, чигит экилиши, шунингдек аҳоли томорқаларида эртаки экинлар тўлиқ экилишини таъминлаш чоралари кўрилади;

Олтинчидан, карантин чекловлари давридаҳуқуқ-бузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишишлари бир зум ҳам тўхтатилмайди.

Бунда фуқароларнинг карантин қоидаларига сўзсиз риоя этишларини таъминлаш, шунингдек, коронавирус пандемияси ҳақида асоссиз хабарлар тарқатиш, аҳолиорасида саросима ва ваҳима келтириб чиқаришга уринишлар нинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади;

Еттинчидан, коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган фуқароларни аниқлаш ва уларнинг саломатлигини назоратга олишдапрокуратура терговчилари санитария - эпидемиология назорати хизмат-ларига яқиндан кўмаклашиб боради.

Азиз ватандошлар!

Ишончимиз комилки, кўпни кўрган, машаққатли даврларда тобланган халқимиз коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ ҳозирги синовдан ҳам ёруғ юз билан албатта ўтади.

Бунинг учун, муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, халқимиздан ҳушёрлик ва огоҳликни кескин кучайтириш, карантин билан боғлиқ жорий этилган барчатартиб - қоидаларга сўзсиз ва қатъий амал қилиш талаб этилади.

Сабр-қаноат, ирода, метиндек мустаҳкам тартиб-интизом бизни ёруғ кунларга тезроқ яқинлаштиради. Прокуратура органлари, уларнинг ҳар бир ходими эса, зиммасидаги вазифаларни сўзсиз бажариш баробарида ҳар қандай ёрдам ва кўмакка муҳтож фуқароларга елкадош бўлишни ўзи учун шараф деб билади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг