Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бош прокурор мамлакатимиз аҳолисига мурожаат билан чиқди

Бош прокурор мамлакатимиз аҳолисига мурожаат билан чиқди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев мамлакатимиз аҳолисига мурожаат қилди.

Қайд этилишича, таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг 45 фоиздан ортиғи бевосита маҳаллаларда содир этилган.

«Айни пайтда мамлакатимиз бўйича 1,7 мингга яқин маҳаллада криминоген вазиятни яхшилаш – кечиктириб бўлмайдиган вазифамиздир. Шу боис, ҳар бир ҳудудда маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, солиқ инспектори ва ижтимоий ходимдан иборат бўлган «маҳалла еттилиги»нинг фаолият самарадорлигини ошириш чораларини кўрамиз. Айниқса, уларнинг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги билим, кўникма ва маҳорати ҳамда энг асосийси, фаолият самарасини оширишга алоҳида эътибор қаратилади», дейилади мурожаатда.

Ҳозирги вақтда оғир ва ўта оғир жиноятлар нисбатан кўпроқ содир этилган 716 маҳаллага Бош прокуратура ва вилоят прокуратураларининг раҳбар ходимлари бириктирилиб, вазиятни ўнглаш бўйича манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Таъкидланишича, ёшлар тарбиясида оиланинг, ота-оналарнинг масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Бунда таълим муассасаларида, маҳаллаларда ота-оналар ва ёшлар иштирокида манзилли профилактик тадбирлар ўтказилади.

«Мактабни нафақат таълим, айни вақтда болаларимиз онгига одоб-ахлоқ, тартиб-интизом ва қонун-қоида асосларини сингдирадиган даргоҳга айлантира олсак, ёш авлодимизда жиноятчиликка қарши иммунитет ўқувчилик давридан бошлаб шаклланади», дейди Бош прокурор.

Шу нуқтаи назардан, келгусида таълим муассасаларида ўқувчиларнинг дарсга тўлиқ қатнаши таъминланиши, сабабсиз дарс қолдирувчилар ва уларнинг ота-оналари билан манзилли профилактик тадбирлар ўтказилиши қатъий назоратга олинади.

«Муайян тармоқ ва соҳаларга масъул бўлган идора ва ташкилотлар раҳбарлари ўз тизимида жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятида бевосита иштирок этиши ғоят муҳим ҳисобланади. Уларнинг иштироки жиноятларнинг сабаб ва омилларини бартараф этиш имкониятларини янада кенгайтириб, ўз соҳасида жиноятчиликни камайтириш, уни “коррупциясиз соҳага” айлантиришни жадаллаштиради», дейилади мурожаатда.

Шу боис, идора ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан ўз фаолият йўналишида содир этилаётган жиноятларни чуқур ўрганиб, уларга чек қўйиш масалалари ҳам республика даражасида, ҳам жойига чиққан ҳолда муҳокама қилинади, жараёнлар устидан қатъий назорат ўрнатилиб, содир этилаётган жиноятлар, айниқса, коррупция ҳолатларига барҳам бериш бўйича комплекс таҳлилий ва амалий ишлар тизимли равишда олиб борилади.

Бош прокурор бугунги шиддатли ахборот замонида жиноятчиликнинг янги турлари, жумладан, кибержиноятчилик кўпаяётганига эътиборни қаратган. Сўнгги уч йилда бундай жиноятлар қарийб 25 баробар ошган, фуқароларнинг катта миқдордаги пуллари онлайн тарзда ўғирланган.

Қўшимча қилинишича, назорати бевосита прокуратура органларига юклатилган ер ҳамда энергия ресурсларини талон-торож этиш, мансабни суиистеъмол қилиш ва коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда фош қилишга қаратилган тадбирлар изчил давом эттирилади.

Шу билан бирга, иқтисодий жиноятларга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатларига қарши курашиш, «хуфёна иқтисодиёт»ни шакллантиришнинг турли схема ва каналларини аниқлаш борасидаги ишлар жадаллаштирилиб, мамлакатимизнинг иқтисодий ривожига тўсқинлик қилувчи ҳолатларни бартараф этиш таъминланади.

«Терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов фаолияти устидан қатъий назорат ўрнатиш йўли билан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилади. Бу борада фуқароларнинг шахсий ва оилавий сири, турар жой ва мол-мулки дахлсизлигини таъминлашнинг барча чоралари кўрилади», таъкидланади мурожаатда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга доир фаолияти мувофиқлаштириб борилади. Аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятда йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан прокурор назорати кучайтирилиб, улар бартараф этилади.

Ниғматилла Йўлдошев ўз мурожаатида халқимиздан прокуратура тизимига ҳар томонлама таянч ва суянч бўлишини сўраган.

«Қонунбузарликларга қарши барчамиз биргаликда кураш олиб борсак, маҳаллаларимиз янада тинч ва обод бўлади.

Фуқароларимиздан ўз тақдирига, ҳаёти ва соғлиғига бепарво бўлмасликни, турли фирибгарларнинг найрангига учмасдан, ўз мулкини асраш чораларини кўришини сўраб қоламиз.

Қонунларда белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиш, ўзгалар ҳуқуқи, мол-мулкига дахл қилмаслик ҳам қонуний, ҳам инсоний бурчимиз эканини доимо ёдда тутишимиз зарур», дейилади мурожаатда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг