Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Британия разведка хизмати оёққа турди. Рус жосуслари фитна ҳозирлаётгани айтилмоқда

Британия разведка хизмати оёққа турди. Рус жосуслари фитна ҳозирлаётгани айтилмоқда

Буюк Британия махсус хизматининг бош қароргоҳи.

Фото: Claudio Divizia/Dreamstim

Буюк Британия ташқи разведка хизматининг 100 га яқин ходими Лондондан Шотландияга сафарбар қилинди. «Daily Express» нашри хабарига кўра, инглиз махсус хизмати Россия жосуслари фитна ҳозирлаётганидан хавотирда.

Британия ҳукумати Шотландия пойтахти Глазго шаҳрига 1500 га яқин давлат хизматчиларини йўллаган. Бундан кўзланган мақсад расман шотланд заминидаги ижтимоий масалаларни ҳал этишга кўмаклашиш экани айтилган. Аслида эса уларнинг 100 га яқин MI6 – ташқи разведка хизмати ходимлари саналади.

Расмий Лондонга кўра, Шотландияда рус жосусларининг фаоллашгани кузатилмоқда.

Гап шундаки, инглиз ҳукумати глобал таҳдид кучайиб бораётгани важидан ядро каллаклари сонини 180 тадан 260 тагача оширмоқчи. Шу сабаб Шотландия ҳудудида жойлашган Клайд (Фаслейн) ҳарбий-денгиз базасига рус жосусларининг қизиқиши кучайган.

Киберхавфсизлик ва разведка масалалари бўйича тадқиқотчи Дэнни Стид ҳозирги мураккаб шароитда разведкачилар гуруҳининг Глазгога сафарбар этилишини мантиқан тўғри қарор деб баҳолаган.

«Руслар кўпдан буён Шотландияда агентлар ёллашга ҳаракат қилиб келмоқда. Чунки у ерда (Британиянинг) муҳим ядро кучлари жойлашган. Глазгодан 80 км масофадаги Фаслейн базаси рус разведкасининг асосий нишонлари сирасига киради», – дейди Д.Стид.  

Қайд этилишича, Россия махсус хизмати ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда маҳаллий аҳоли орасидан хабаркашлар ёллашга уринмоқда.

Россия бўйича эксперт Жейд Макглиннга кўра, рус разведкаси Шотландиядаги мустақиллик учун уринишларни ҳам қўллаб-қувватламоқда. Ушбу мақсадда ижтимоий тармоқларда дезинформация тарқатишга зўр берилмоқда.

«Россия мавжуд зиддиятдан фойдаланиб Британияни заифлаштирмоқчи. Мазкур мамлакат гибрид урушнинг турли воситаларини истифода этган ҳолда, ихтилофни янада кучайтириш ва янги-янги зиддиятларни юзага келтиришга уринаётганидан хабардормиз. Мақсад аниқ: Британияни кучсизлантириш ва Москвага қарши курашиш салоҳиятидан маҳрум этиш», – дейди доктор Макглинн.

2020 йил июль ойида Буюк Британия парламентининг хавфсизлик ва разведка фаолияти бўйича қўмитаси Россияни қироллик ички сиёсатига аралашувда айблаб чиққан эди.

Қонунчилик идораси томонидан эълон қилинган ҳисоботда Россия Буюк Британияга барча жабҳаларда таҳдид солувчи рақиб деб аталган.

Инглиз депутатларига кўра, Россия Ғарбда биринчи навбатда Буюк Британияни асосий разведка нишони деб билади. Бу эса қиролликнинг АҚШ билан жуда яқин дўстона муносабатда экани ва Лондон аксилроссия марказларидан бирига айлангани билан изоҳланади. 

Аввал хабар берганимиздек, Буюк Британия ташқи ишлар вазирлигида масъул вазифани бажариб келган Ричард Мур ўтган йилнинг кузидан  махфий разведка хизматига (MI6) раҳбар этиб тайинланди. Жосуслик идорасининг янги бошлиғи зиммасига Россия ва Хитой таҳдидига қарши муносиб курашиш вазифаси ҳам юкланган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг