Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бугуннинг яна бир қаҳрамони омонатини топширди

Бугуннинг яна бир қаҳрамони омонатини топширди

Кейинги пайтларда «хизмат вазифасини адо этаётган пайтда...» деган жумлага кўп кўз тушяпти. Одатда бу таъриф Ватан сарҳадларини қўриқлаётган ёки эл осойишталигини таъмин этаётган аскарларга нисбатан ишлатиларди. Бугун айни нисбат шифокорларга қўлланилаётир.

Жаҳонни забтига олган тожсимон вирус онгу шууримизни ўзгартириб юборди. Эндиликда шифокорлар айнан кўринмас ёвга биринчи қалқон вазифасини ўташмоқда. Улар ўз моли ёки мансабини эмас, балки азиз жонини гаровга қўйиб, беморларни ҳаётга қайтаришга кечаю кундуз уринмоқдалар. Таассуфки, уруш қурбонсиз бўлмайди. Кўринмас ёв билан бўлаётган муҳорабаларларда бугуннинг том маънодаги қаҳрамонлари — шифокорларимизни ҳам бериб қўймоқдамиз.

Куни кеча Хива ўз қаҳрамонларидан бирини Ҳақнинг ҳузурига кузатди: тажрибали ва фидойи шифокор Бахтиёр Қиличев 66 ёшида омонатини Эгасига топширди. Сабаб — ўша: коронавирус асоратлари!

Бахтиёр Қиличев ўз касбини таъна ва тамасиз севган инсон эди. Тошкент Тиббиёт институтининг даволаш факультетини тугатгач, иш фаолиятини Хива туман шифохонасида бошлади. Кейинчалик вилоят ИИБ тиббий хизмат врачлик амбулаторияси бошлиғи, Хоразм вилоят 1-сон клиник шифохонасида ишлади.

Ёши бир жойга бориб, битта набирасини елкасига, иккинчисини бўйнида миндириб, кексалик гаштини суриш палласи келганда пандемия бошланди. Бахтиёр Қиличев ортиқча ўйланиб ўтиргани йўқ: биринчилардан бўлиб шу дардга чалинган беморлар соғлигини тиклаш, уларни тўлақонли ҳаётга қайтаришдек хайрли ва мардона ишга шўнғиб кетди. Шу жараёнда ўзи ҳам вирусга чалинди, бироқ дарҳол кўрпа-тўшак қилиб ётиб олгани йўқ. Курашди, охиригача курашди... Ва кўксини балога қалқон қилганча Ўзининг ҳузурига ёруғ юз билан кетди, насиб...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг