Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бундай ҳодиса XXI асрда рўй берганига ишонгингиз келмайди – эксперт

Бундай ҳодиса XXI асрда рўй берганига ишонгингиз келмайди – эксперт

Бомбардимонда оёғидан айрилган ғазолик Муҳаммад Ҳасан.

Фото: БМТ Янгиликлар хизмати

Одамзоднинг яқин тарихи мобайнида кўплаб қатлиомлар, хунрезликлар содир этилган, аммо инсон ҳуқуқлари кафолатига доир халқаро ҳужжатлар амалда бўлган XXI асрда оммавий ўлимларнинг рўй бериши ақлга сиғмайди. Инсон ҳуқуқлари бўйича эксперт Ҳурие Йилдиз Кантарўғлу 2023 йил 7 октябрдан кейин Ғазо секторида рўй берган фожиани ана шундай изоҳлаган.

Эксперт Ғазо секторида минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилгани, хусусан, кўп сонли болалар ва аёллар қўл-оёғидан айрилгани, майиб-мажруҳ бўлиб қолганига эътибор қаратган.

“Барча урушлар ҳам одамларнинг ўлими, жароҳатланиши ва ногирон бўлиб қолишига олиб келади. Аммо Ғазода икки йилдан буён давом этаётган тизимли геноцид оқибатида тана аъзолари ампутация қилинган (кесиб ташланган) одамлар сони жуда кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг аниқ сони маълум эмас. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотга қараганда, 2023-2025 йиллар мобайнида 4500 кишининг қуйи ва юқори тана аъзолари ампутация қилинган. Уларнинг асосий қисмини хотин-қизлар ва болалар ташкил этади”, – деб ёзади инсон ҳуқуқлари эксперти.

Ғазода майиб-мажруҳлар сони кескин ортгани сабаблари талайгина, деб ҳисоблайди Ҳурие Йилдиз Кантарўғлу.

Аввало, уруш мобайнида Исроил армияси шифохоналар, тиббий шохобчаларни бомбардимон қилган ҳолда Ғазо соғлиқни сақлаш тизимини фалажлантирди. Бунинг устига, дори-дармон ва тиббий ходимлар етишмаслиги оқибатида оддий жароҳатлар ҳам пировардида жиддийлашди ва қорасон кўрсаткичи ортиб кетди.

Эксперт фикрича, ҳарбий ҳаракатлар давомида Исроил армияси томонидан халқаро ҳуқуққа зид саналган ўқ-дори ва қуроллардан фойдаланилгани ҳам тинч аҳоли вакиллари орасида мажруҳларнинг кўпайишига олиб келди.

“Ғазода ампутация кўрсаткичининг юқори экани ҳам геноцид кўламига шоҳидлик беради. Қурбонлар орасида аёллар ва болаларнинг кўп экани тинч аҳоли вакиллари нишонга олинганини тасдиқлайди. Ўт очиш тўхтатилиб, қамал бекор қилинган тақдирда ҳам майиб-мажруҳга айланган одамлар ва уларнинг яқинлари учун урушнинг руҳий, ижтимоий оқибатлари давом этади”, – дейди Ҳурие Йилдиз Кантарўғлу.

Аввал хабар берганимиздек, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Ғазодаги вазиятни “даҳшатли ва ҳалокатомуз” деб баҳолаган эди.

“Айни пайтда соғлиқни сақлаш тизими бутунлай яксон бўлган Ғазо сектори ампутация қилинган болалар сони бўйича дунёда биринчи ўринда турибди. Кўплаб болалар (тана аъзоларини кесиш) амалиётларини ҳатто анестезиясиз ўтказмоқда. Биз кўриб турган воқелик оғир халқаро жиноят деб малакаланиши мумкин”, – деган эди БМТ бош котиби.

Расмий рақамларга қараганда, Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён давом этаётган нотенг урушда 67938 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 170169 киши жароҳатланди. Яна минглаб жасадлар вайроналар остида қолмоқда.

ЮНИСЕФга кўра, Ғазода сўнгги 22 ой ичида ҳалок бўлган болалар сони 18 мингдан ортиб кетган.

Аввалроқ Лондон университети ҳузуридаги Ҳоллоуэй қироллик коллежи олимлари Исроил томонидан Ғазо секторида олиб борилаётган урушда ҳудуд аҳолисининг 4 фоизи ёки 80 мингдан зиёди ўлдирилганини маълум қилганди. Экспертлар “XXI асрдаги бошқа бирор урушда бундай ҳолат кузатилмаган” деган хулосага келган.

Жорий йил сентябрь ойи БМТ комиссияси Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб тан олди.

Мисрда жорий йил 10 октябрь куни имзоланган битимга мувофиқ Ғазода ўт очиш тўхтатилди. Аммо таҳлилчилар оташкесим тартиби омонат экани, исталган вақт ҳарбий тўқнашув қайта бошланиши мумкинлигини айтмоқда.

Сўнгги таҳлилларга қараганда, буткул вайрон этилган Ғазо секторини қайта қуришга тахминан 70 миллиард доллар маблағ керак бўлади. Тиклаш ишлари ўнлаб йилларга чўзилиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг