Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Чилпиқ, Тупроққалъа ва Аязқалъаларни биласизми? (фото)

Чилпиқ, Тупроққалъа ва Аязқалъаларни биласизми? (фото)

Фото: Маданият вазирлиги матбуот хизмати

Қорақолпоғистон Республикасига ташкил этилган пресс-турнинг биринчи куни Амударё вилоятининг машҳур маданий мерос объекти «Чилпиқ» тепалигини ўрганишдан бошланди. Маданият вазирлиги матбуот хизмати ушбу саёҳат ҳақида репортаж тайёрлади.

Мазкур қадимги Зардуштийлик ёдгорлиги - Даҳмий Чилпиқ (Шилпиқ, Чилпиқ-қалъа) ёши 2200 йилдан ортиқ. Чилпиқ - бу 15 метр баландликдаги 65 метр диаметрга эга томсиз думалоқ минора бўлиб, Нукусдан 43 км масофадаги табиий ясси тепаликнинг чўққисида жойлашган. Мазкур тепалик Зардуштийлар даврида мурдаларни минора ичида ёввойи қушларга ем учун қолдириладиган жой бўлган. Кейинроқ, суяк қолдиқлари ерга кўмилган. Ушбу дафн этиш усули зардуштийлик фалсафаси билан боғлиқ бўлиб, жасад қолдиқлари билан ерни зарарлантиришни таҳқирлайди. Кейинчалик Хоразмшохлар даврида ушбу ёдгорлик минора сифатида фойдаланилган.

Бу ерларга арабларнинг келиши (VII аср) биланоқ, минора қайта қурилган, сўнгра, IX-X асрларда Қадимий Хоразмнинг гуллаган вақтларида яна таъмирланган. Бир қатор тадқиқотчи олимларнинг фикрича, хоразмликлар Чилпиқдан Хоразмшоҳлар давлатининг бошқа қалъалари билан бир қаторда хабар етказиш ва мудофаа минораси сифатида фойдаланишган. «Чилпиқ» Қорақалпоғистоннинг ёрқин ёдгорликларидан бири ҳисобланиб, ҳатто республика гербида ҳам унинг тасвири акс эттирилган.

Биласизми, ушбу ёдгорликнинг ҳозирги кундаги ҳолати ачинарли албатта, аммо у ўзига сайёҳларни жалб этувчи маскандир, чунки айнан зардўштийлар давридан сақланиб қолган ушбу тепаликни кўриш ва юқоридан ҳудудни томоша қилиб, унинг тарихини эшитишга кўпчилик ошнодир. Биз пресс-тур иштирокчилари ушбу тепаликка чиқаётганимизда, ҳақиқатдан ҳам у ерда қандайдир сир-синоатлар борлигига амин бўлдик, тор йўлак бўйлаб тепаликни забт этдик. Табиат ходисаларидан ўша даврдан лой-пахсалардан қурилган ёдгорликнинг тахминан 20-30 фоизи сақланиб қолган. Қувонарлиси шу бўлдики, тепаликда бир қатор хорижлик сайёҳлар билан учрашиб, ушбу тепалик ҳақида савол берганимизда, бизга Ўзбекистонга илк бора сафар уюштиргани ва айнан Қорақалпоғистон ҳудудида жойлашган қалъаларни кўздан кечиришни ният қилгани ва барча қалъаларнинг тарихини ўрганишгани тўғрисида маълумот беришди.

Шу билан бирга, Амударё вилояти мутассади ходимлари бизга «Чилпиқ»нинг янги кўриниши борасидаги лойиҳа ҳужжатлари билан ўртоқлашишди. Туризмни ривожлантириш мақсадида яқинда «Чилпиқ» ёдгорлиги ёнида хунармандлар ўтовлари, автотураргоҳ жойи ва тепаликка чиқиш учун махсус зинапоялар барпо этилади.

Шундан сўнг Элликқалъа туманига йўл олдик, бу ерда биз «Тупроқ-қалъа» ёдгорлигини ўргандик. Тарихий ёдгорлик милоддан аввалги I-IV ва VI асрларга тегишли. «Тупроқ-қалъа» 1938 йил С.П.Толстов экспедицияси томонидан кашф этилган.

«Тупроқ-қалъа» тузилиши тўғри тўрт бурчак шаклида бўлиб, 17,5 га ер майдони тенг, унда 2000-2500 киши истиқомат қилган. Шаҳар гумбазсимон йўлакли ва буржли мудофаа девори билан ўралган. Шаҳарнинг ичида жойлашган хонадонларнинг орасидаги йўлаклар жуда тор бўлиб, ғиштларга туширилган тамғалар орқали яшаган жамоаларнинг қайси уруққа мансублигини аниқлаш мумкин бўлган. Ҳайратланарлиси шуки, ташқари деворларнинг қалинлиги 7-9 метрга тенг бўлган. Шаҳарни археологик қазиш жараёнида 100га яқин турар жой ва 8та сарой зали аниқланган. Заллар бўртма нақшлар ва рангли хайкаллар билан жихозланган.

«Тупроқ-қалъа» эрамизнинг I-IV асрларида Хораз давлатининг пойтахти ҳисобланган. Шаҳар тарихи то ҳозирги кунга қадар ўрганилмоқда. Археологик ёдгорликка чиқиш учун зинапоялар барпо этилган. Чунки, зиналардан аввал, лойсимон йўлаклар ноқулайликлар туғдирган.

Аммо ёдгорликни консервация қилиш даврида илмий кенгаш билан келишилмаган ҳолда иш олиб борилган ва оқибатда емирилиб бораётган деворларни ўрнатилган қоидаси бўйича таъмирланмаган. Бу масала оммавий ахборот воситаларида март-апрель ойларида кенг тус олган эди. Ҳозирда барча консервация ишлари тўхтатилган.

Куннинг иккинчи ярмида ОАВ вакиллари билан «Аязқалъа» маданий мерос объектига ташриф буюрдик. Маълумки, милодимизнинг I аср оҳири ва II асрларида Хоразм Кушонлар империяси таркибига кирган. «Аязқалъа» уч комплексдан иборат бўлган. «Аязқалъа-1» қўрғони 60 метр баланд тоғ қояси тепасида текисликда хом ғишт билан қурилган. С.П.Толстовнинг фикрига қараганда «Аязқалъа»да ҳаёт милодимизнинг III-IV асрларигача давом этган. Бу ерда археологик қазиш ишлари олиб борилганда II асрда зарб қилинган тангалар топилган.

«Аязқалъа-2» қўрғони эрамизнинг IV-VIII асрларида барпо бўлган ва қурилиш ишлари IX асрга қадар давом этган. Яъни, қалъа Султон Увайс тоғи ва Қизилқум томонларидан келган кўчманчи-босқинчиларидан ҳимоя қилиш мақсадида қурилган. Унинг пастки қисмида «Аязқалъа-3» қўрғони қурилган, унда топилган 2та тегирмон ҳозирда Элликқалъа туман тарих ва археология музейида сақланмоқда.

«Аязқалъа» қўрғонларини кўздан кечираётган вақтимизда хорижий сайёҳларнинг бири билан суҳбат уюштирдик. У Буюк Ипак Йўлида жойлашган барча маданий мерос объектлари харитасини шакллантираётганини айтди. Харитага киритилаётган ҳар бир объектни ўзи ўрганиб, уларнинг тарихи ва жойлашган жойини шахсан билиши лозимлигини айтиб ўтди.

Қўрғоннинг ёнида 20 та ўтовдан ташкил топган сайёҳлар учун махсус турар жойлар ташкил этилган. Барча хизмат турлари киритилган, айниқса табиат қўйнида дам олиш истаганларга бу маскан ёқиши аниқдир.

Хуллас, маданий мерос объектларимиз тарихи борасида кўплаб ривоятлар эшитдик. Буларни ўз кўзингиз билан кўришингиз ва хис этишингизни тавсия қиламиз.

М.Асқархўжаева
Маданият вазирлигининг матбуот котиби

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг