Давлат хавфсизлик хизматининг мажбуриятлари нималардан иборат?
Хабар берганимиздек, кеча Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунига имзо чекди. Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятини тартибга солиш мақсадида қабул қилинган қонун 9 боб, 48 моддадан иборат. Қонуннинг тўлиқ матни «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинди.
Қонуннинг 4-боб 24-моддасида Давлат хавфсизлик хизматининг мажбуриятлари акс эттирилган
Давлат хавфсизлик хизмати давлат хавфсизлигини таъминлаш бўйича зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда:
Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ва бошқа давлат манфаатларини ташқи ҳамда ички таҳдидлардан ҳимоялаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича барча зарур чораларни кўриши;
Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятининг асосий принципларига оғишмай риоя этилишини таъминлаши;
Ўзбекистон Республикаси Президентини давлат хавфсизлигига таҳдидлар ҳақида хабардор қилиши;
Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг қўриқланиши ва ҳимоя қилинишини таъминлаши;
давлат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиши;
давлат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат органларининг ва ташкилотларнинг ахборот-таҳлил бўлинмалари билан ҳамкорликни ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга ошириши;
давлат органларида ва ташкилотларда махфийлик режимини таъминлаш устидан назоратни ташкил этиши;
давлат хавфсизлигини таъминлаш муаммолари юзасидан илмий-тадқиқот ва ташкилий-услубий фаолиятни амалга ошириши;
жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мурожаатлар ҳамда маълумотларни рўйхатдан ўтказиши, улар юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз вақтида чоралар кўриши;
Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг турар жойларига ҳамда бошқа объектларига мулкдорларнинг ва улар вакилларининг розилигисиз ёки улар йўқлигида кирилганлигига доир барча ҳоллар тўғрисида прокурорни йигирма тўрт соат ичида ёзма шаклда хабардор қилиши;
ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг содир этилишига имкон яратган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриши;
ўз хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриши шарт.
Давлат хавфсизлик хизматининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter