«Дунёдаги энг кичик шифокор»нинг катта ташвишлари (видео)
Мақсад йўлида тинмай ҳаракат қилинса, ҳар қандай тўсиқлар охири қулаши мумкинлигига ҳиндистонлик 23 ёшли Ганеш Барайянинг ҳаёт йўли яхши мисол бўлади. Кичик жуссаси туфайли ҳаётда катта босимга учрашига қарамай, у шифокор бўлиш орзусини рўёбга чиқара олди. Бу ҳақда Oddity Central ёзмоқда.
Гужарот штатининг Талажа Талука туманида таввалуд топган Ганеш Барайя болалигиданоқ муаммоларга рўбарў келди. Соғлом туғилган, аммо тўрт ёшлигида унинг боши танасига нисбатан катталашиб кетаётганидан ташвишланган ота-отаси шифокорга олиб боришади. Ташхис қўрқинчли эди: бедаво, ҳеч ким ёрдам беролмайди. Онаси қўрққанидан ҳатто ўғлининг бошига шлем кийгазиб қўядиган бўлди. Мактабда уни кўрган болалар кўпинча устидан кулишар, бироқ қўллаб-қувватловчи дўстлари ҳам етарли эди.
Кунлик топиши 200 рупий бўлган отаси Виттал Бхаига бир куни агар Ганешни циркка масхарабозликка топширишса, эвазига 100 минг рупий беришни айтишади. Таклиф отани шунчалик довдиратиб қўйдики, ўғлини ўғирлаб кетишларидан қўрқиб, мактабга ўзи кузатиб қўядиган бўлди.
Жуссаси кичиклигига қарамай, Ганешнинг ниятлари улкан эди. Болалигидан шифокорликка ҳавасманд, бор кучини ўқишга, юқори баҳолар олишга қаратарди. Мактабни битириб, тиббиёт бакалаври ва жарроҳлик бакалаври (MBBS) бўлиш учун ҳужжат топширди, лекин қабул қилишмади. Гарчи унинг тест натижалари яхши чиқса-да, бўйи пастлиги (91,4 см) учун, Ҳиндистон тиббиёт кенгаши фавқулодда вазиятларда у вазифасини уддалай олмайди, дея хулоса чиқарди.
Рад жавобидан кўнгли чўкса-да, Ганеш орзусидан воз кечолмади. Мактаб директори кўмагида штат таълим вазирига мурожаат қилди, кейин Гужарат олий судигача борди. Эшикма-эшик тентирашлардан бир кор чиқмади. Ва ниҳоят, иш Ҳиндистон Олий судига бориб етганидан сўнг, адолат тантана қилди!
2018 йилда мамлакатнинг Олий суд инстанцияси Ганешни ўзи хоҳлаган йўналиш (MBBS) бўйича таҳсил олишга ҳуқуқли деб топди. Ва у кейинги йили имтиҳондан ўтиб, талаба бўлди. Яқинда Ганеш Барайя шифокор дипломини қўлга киритди ва Бхавнагардаги Sir-T шифохонасига ишга кирди. Албатта, бу ерда ҳам унга осонмас. Сабаби ўша-ўша.
«Ҳозир мен болаликдаги орзуим йўлидаман. Ҳаммага ўхшамаслигимни яхши тушунаман, бироқ яхши яшашга ҳаққим бор деб ўйлайман. Худди бошқа одамлар каби, ота-онам мен билан фахрланишларини истайман», — деди дунёдаги энг кичик шифокор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter