Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ДХХ бир қатор мансабдорларни қўлга олди

ДХХ бир қатор мансабдорларни қўлга олди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда «Ўртачирчиқ тумангаз» газ таъминоти бош муҳандиси нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган бинони газ тармоғига улаб бериш, техник ҳужжатларни расмийлаштириш, ҳисоблагич ўрнатиш, газ қувурларини тортиш ва бошқа ишларни қилиб бериш эвазига 8500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

«Хазорасп эркин иқтисодий зона дирекцияси» давлат унитар корхонаси мутахассиси Қўшкўпир туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг ишончига кириб, уни ўзининг мансабдор танишлари орқали Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасига ишга киритиб қўйишини айтиб, эвазига 6 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Хизматнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ушбу мутахассис 3500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Савдо-саноат палатасининг Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси Боғот тумани бўлими мансабдор шахси юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Урганч шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаронинг ерга бўлган эгалик ҳуқуқини қайта тиклаб бериш эвазига 3 минг АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 400 АҚШ доллари ҳамда  1.200.000 сўм олган вақтида Хизматнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ва Департмент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси ўз мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда 2 нафар фуқарони мазкур бирлашмага ишга қабул қилиш эвазига 1500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса автотранспорт воситалари эхтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланувчи МЧЖнинг божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиси маҳаллий тадбиркор томонидан 2024 йилнинг июнь ойида Туркия давлатидан олиб келинган қиймати 850 млн. сўмлик товар моддий бойликлар учун тўланиши лозим бўлган давлат божларини божхона идораларидаги танишлари орқали тез ва арзон нархларда божхона юк декларациясини расмийлаштириб берганлиги эвазига 1300 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 1100 АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Шунингдек, мазкур ишга алоқадор бўлган, Самарқанд вилоят божхона бошқармасига қарашли божхона постларидан бирининг бошлиғи ҳам 200 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг