Фарғонада МИБ ходими 2 минг доллар пора билан ушланди
Мажбурий ижро бюросининг Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бўлими давлат ижрочиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, иш юритувидаги ижро иши юзасидан гидропоника технологияси асосида иссиқхона ташкил этган фермер хўжалигининг электр энергиясидан бўлган қарздорлиги бўйича ижро ҳаракатларини тугатиб беришини айтиб, эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан 22 январь куни ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс сўралган пулни олган вақтида ушланди.
Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани архитектура бўлимининг собиқ ходими маҳаллий фуқарога Сирдарё тумани «Адолат» МФЙ ҳудудидан 12 сотих ер майдонини ажратиш тўғрисида туман хокими қарорининг чиқарилиши учун керак бўладиган ҳужжатларни расмийлаштиришда ва ушбу ер майдонида қурилиши режалаштирилаётган ёрдамчи хўжалик биносининг эскиз лойиҳаси ҳужжатларини тайёрлашда ёрдам беришини айтиб, эвазига 1200 АҚШ доллари сўрайди.
Аввалига у 200 АҚШ доллари эквиваленти ҳисобида 2 млн 100 минг сўм олади, кейинроқ эса 900 АҚШ долларини олган вақтида ДХХ ва Департаментнинг вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида, у 900 АҚШ долларининг маълум бир қисмини Сирдарё туман қурилиш бўлими бошлиғига беришини айтади. Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу мансабдор шахс қурилиши режалаштирилаётган ёрдамчи хўжалик биносининг эскиз лойиҳаси ҳужжатларини тасдиқлаб бериш ҳамда ушбу ерга эгалик қилиш ҳуқуқи бўйича туман хокимининг қарори чиқарилиши учун лозим бўлган ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 400 АҚШ долларини ўз хизмат хонасида олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter