Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ДХХ ўқишга киритиш ва сертификат учун пул олганларни ушлади

ДХХ ўқишга киритиш ва сертификат учун пул олганларни ушлади

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Қўштепа туманидаги мактаб ўқитувчиси Ёзёвон туманида яшовчи 3 нафар фуқарони Қирғиз давлат университетининг Қадамжой филиалига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 6600 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ИЖҚКДнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ўқитувчиси Амударё туманида яшовчи фуқарони  Урганч давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур ишга алоқадор бўлган унинг шериги – Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мутахассиси ҳам ушбу пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Термиз шаҳрида яшовчи, 1989 й.т. шахс ўзининг ҳамшаҳарига инглиз тили бўйича «С-1» даражадаги тил билиш сертификатини олиб бериш эвазига 2400 АҚШ доллари ва 1.250.000 сўм олган вақтида ушланди.

Ҳозирда ушбу шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг