Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Энергетика вазирлиги мурожаат билан чиқди

Энергетика вазирлиги мурожаат билан чиқди

Мурожаатда мамлакатимизда ҳукм сураётган совуқ об-ҳаво туфайли аҳоли томонидан газ ва энергияга бўлган эҳтиёж ортиши ҳамда кўрилаётган чораларга тўхталиб ўтилди. 

Қайд этилишича, республикамизда совуқ ҳароратининг кескин тушиб кетиши натижасида электр энергия ва табиий газга бўлган талаб ошмоқда. Ушбу талабни қондириш учун табиий газ ва электр энергияси импорти ҳажмини тезкор кўрилган чоралар ва келишувлар асосида максимум даражага ошириш ҳисобига кунлик табиий газ истеъмолининг 10 фоизи ҳамда электр энергиясининг 8 фоизи айнан қўшимча импорт ёрдамида таъминланиб келмоқда.

– Бугунги кундаги максимум талабни қондириш учун газ қувурлари ва магистрал электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти етарли бўлса-да, ресурслар етарли эмаслиги ҳисобига истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлашда муаммолар кузатилмоқда. Хусусан, аномал совуқ туфайли 12 январда қўшни мамлакатнинг табиий газ қазиб чиқариш конларида юзага келган авариявий ҳолат табиий газ импортининг тўлиқ тўхташига ва боз устига электр энергияси импортининг 20 фоизга қисқаришига сабаб бўлди. Энергия ресурслари тақчиллиги кузатилаётган пайтда ушбу ресурсларни биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш учун электр энергияси экспорти тўхтатилди. Бундан ташқари, йирик саноат корхоналарига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳажми ўртача 70–80 фоизга қисқартирилди. Шу кўрилган чораларга қарамасдан, мамлакатимизда электр энергияси истеъмоли энг баланд кўрсаткичга, яъни 250 миллион киловатт соатга чиқди. Шунингдек, табиий газга бўлган кунлик талаб қазиб чиқаришга нисбатан юқорилигича сақланиб қолмоқда, – деди О.Дилмуродов.

Шунингдек, брифингда 2022 йил 31 декабрь куни чеклов киритилмаган ва кунлик электр энергияси истеъмоли 220 миллион киловатт соатни ташкил этгани ва шу кунларда бу кўрсаткич янада ошиб кетгани таъкидланди.

Табиий газ ва электр энергияга бўлган эҳтиёжнинг ортиши қурилмаларда носозликларни юзага келтирмоқда. Биргина Тошкент шаҳрида 13 январь куни электр энергияси истеъмоли 32 миллион киловатт соатдан ортиб, турли сабабларга (авариявий ҳолатлар ва чекловлар) кўра 1 миллион киловатт соат электр энергияси истеъмолчиларга етказиб берилмади. Табиий газни аҳолига йўналтириш учун иссиқлик электр станцияларида табиий газ ёқиш ҳажми камайтирилиб, захирадаги мазут ёқилғиси режага нисбатан 3 баробарга кўп ёқилаётгани ҳақида брифингда маълум қилинди.

Вазирлик мутахассисининг сўзига кўра, табиий газ танқислиги кузатилаётган шу кунларда истеъмолчилар хонадонларни иситиш учун электр қурилмаларидан кенг фойдаланмоқда. Натижада биргина Тошкент шаҳрида бугунги кун давомида тармоқларда юкламаларнинг ортиши ҳисобига 1000 дан ортиқ носозликлар юзага келди.

– Носозликларни бартараф этиш ишларни жадаллаштириш мақсадида республика бўйлаб барча ҳудудий электр тармоқлари корхоналаридан қўшимча бригадалар Тошкентга жалб қилинди. Албатта, биз ушбу вазиятни ўнглаш, носозликларни бартараф этиш учун барча зарурий чораларни кўрмоқдамиз. Мана шундай оғир пайтда барчамиз бирлашиб ҳаракат қилсак бу муаммоларни енгамиз. Бунда энергия ресурсларидан оқилона ва имкон қадар тежамкорлик билан фойдаланиш энг муҳим омил ҳисобланади. Бунинг учун имкон қадар хонадонларда биттадан ортиқ электрда ишлайдиган иситиш қурилмаларидан фойдаланмаслик, корхоналар ва ташкилотлар ходимларини вақтинча онлайн иш режимига ўтказиш, ортиқча кўча чироқларини, реклама экранлари ва иллюминациялар, шу жумладан, қурилиши тугалланмаган бинолардаги чироқларни ўчириш лозим, – деди у.

Брифингда ноқонуний ҳолатлар таҳлилига эътибор қаратилиб, ўтказилган ўрганишлар натижасида истеъмолчилар томонидан жорий куз-қиш даврида табиий газдан 334 миллиард сўмлик 3 мингта, электр энергиясидан 135 миллиард сўмлик 2 минг 300 та ҳолатда ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқлангани таъкидланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг