Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эронлик олимлар шошилинч равишда махфий жойларга яширинди – сабаб маълум

Эронлик олимлар шошилинч равишда махфий жойларга яширинди – сабаб маълум

Фото: AFP

Эрон ҳукумати атом энергетикаси йўналишида изланишлар олиб бораётган олимларни зудлик билан махфий жойларга яширди. Исроил жорий йил июнь ойида Эронга қарши олиб борган 12 кунлик уруш мобайнида камида 14 нафар эронлик физик олимни ўлдирган эди.

Буюк Британиянинг “The Telegraph” газетаси ёзишича, Эрон ҳукумати тирик қолган физик олимлар ҳам Исроил нишонига айланмаслиги учун уларни яширган.

Қайд этилишича, 15 дан ортиқ физик олим оила аъзолари билан биргаликда пойтахт Теҳронга ёки мамлакатнинг шимолий ҳудудларидаги махфий бошпаналарга кўчирилган. Уларнинг ўз уйида яшаши, университетда дарс бериши ман этилган.

Исроил разведкасининг собиқ юқори мартабали ходими Дэнни Цитринович “The Telegraph” нашрига ядро қуролини яратишга ҳисса қўшадиган ҳар қандай эронлик олим Исроил томонидан йўқ қилинишини айтган.

Хабарларга қараганда, Исроил Теҳроннинг ядро дастурида қатнашиши мумкин бўлган 100 нафар эронлик олим рўйхатини тузган.

Исроил Эрон оммавий қирғин қуроли, яъни атом бомбасини ишлаш чиқаришга ҳозирлик кўраётганини айтиб келади. Ушбу иддао билан яҳудий давлати жорий йил июнь ойида Эронга қарши кенг қамровли авиаҳужумлар уюштирди.

Исроилнинг БМТ низомлари ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда уюштирган ҳужуми оқибатида бир қатор юқори мартабали ҳарбий мулозимлар ҳамда ядро соҳаси олимлари ўлдирилган. Ҳалок бўлганлар орасида ядро дастури устида тадқиқот олиб бораётган олимлар – Муҳаммад Маҳдий Теҳрончи ва Атом энергетикаси бўйича ташкилот раҳбари Фаридун Аббос Довоний ҳам бор.

16 июнь кунги ҳужумда ҳатто мамлакат президенти Масъуд Пезишкиён ҳам жароҳат олган.

Эроннинг Исроил ҳужумларидан хавотирланган ҳолда физик олимларни пана жойга яшираётгани бежиз эмас.

2020 йил 27 ноябрь куни Теҳрон шаҳри яқинидаги қасабада “Эрон ядро соҳасининг отаси” деб ҳам аталган таниқли олим Муҳсин Фахризодага қарши суиқасд уюштирилганди. Кейинроқ олим Исроил махсус хизмати – “Моссад” агентлари томонидан робот қотил ёрдамида ўлдирилгани маълум бўлди.

Айни пайтда Исроил Эронга яна ҳужум қилиши ҳақида тахминлар муҳокама қилинмоқда.

Жорий йил июль ойида Axios нашри Теҳрон ядровий дастурини қайта тиклашга уринса, Исроил Эронга қарши эҳтимолий ҳарбий ҳаракатларни бошлаши ҳақида ёзганди.

Исроил армияси бош штаби бошлиғи Эяль Замир ҳам Эронга қарши янги ҳамлаларни истисно этмаётир. Куни кеча ҳарбий базада чиқиш қилган Эяль Замир зарурат туғилса, Эронга ҳужум такрорланишини айтган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг