Фанлар академияси институтида миллий Радонометр ихтиро қилинди
2021 йилнинг апрел ойида Ўзбекистон Фанлар академияси Физика-техника институтида ишлаб чиқилган миллий Радонометрга «Ўзстандарт» агентлигининг сертификати олинди.
Бу институтнинг мустақиллик йилларидаги тарихида миллий ўлчов воситасига олинган илк сертификати бўлди.
Ушбу Радонометр RR-4M ўлчаш воситаси ҳаво, сув ҳамда тупроқда радон газларининг ҳажмий фаоллигини ўлчашга мўлжалланган. Бундай ўлчов воситаси соғлиқни сақлаш, экология, тоғ-кон металлургия ҳамда радиацион назоратни баҳолаш соҳаларида кенг қўлланилади.
– Миллий Радонометримизнинг битта нусхаси хўжалик шартномаси доирасида Навоий кон-металлургия комбинатига (НКМК) етказиб берилиб, ҳозирда мамлакатимизнинг энг йирик корхонасида шахта ва бошқа объектларнинг радиацион назоратини амалга оширишда муваффақиятли татбиқ этиляпти, – дейди ЎзФА Физика-техника институти директори, физика-математика фанлари доктори, профессор Хусниддин Олимов. – «Ўзстандарт» агентлигининг сертификати институтга НКМК ва мамлакатимизнинг бошқа корхоналарига йиллик талабномалар бўйича тижорат шартномалари асосида Радонометрларни ишлаб чиқиш ва етказиб бериш имкониятини тақдим қилди. Ишлаб чиқилган миллий Радонометр эксплуатацияда осон бўлиб, Россия ҳамда ҳорижий Радонометр аналогларидан камида 5-6 баробар арзон ва техник характеристикалари бўйича улардан қолишмайди.
Шу йилнинг март ойида Физика-техника институти ҳамда Олмалиқ кон-металлургия комбинати ўртасида институтда такомиллашган Радонометр, материалларда алфа ҳамда гамма нурланишларининг кичик фаолликларини ўлчашга мўлжалланган Алфаметр ва Гаммаметр ўлчов воситаларини ишлаб чиқиш бўйича хўжалик шартномаси имзоланди. Такомиллашган Радонометр, Алфаметр ҳамда Гаммаметр кичик ўлчовли (компакт) ҳамда онлайн тартибда ишлайдиган бўлиб, комбинатга жорий йилнинг ноябр ойигача етказиб берилади.
Институтда ўлчов воситаларини ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 мартдаги “Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5032-қарорига мувофиқ олиб борилмоқда. Ушбу қарорда, жумладан, Физика-техника институтида илм-фан улуши кўп бўлган маҳсулот намуналарини тайёрлаш, лаборатория ва тажриба синовларини ўтказишга мўлжалланган тажриба-экспериментал участкасини ташкиллаштириш белгиланган.
Усмонжон Йўлдошев,
«Xabar» мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter