Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартиби янада такомиллаштирилади

Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартиби янада такомиллаштирилади

Фото:«Xabar.uz»

Давлат солиқ қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги «Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори доирасида амалга оширилиши белгиланган вазифаларга бағишланган видеоконференция ташкил этилди.

Тадбирда иштирок этган Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Мусаев фискал хотирали назорат-касса машиналари имкониятлари ва республикамиздаги ҳолат бўйича маъруза қилди.

«Мазкур турдаги назорат-касса машиналаридан фойдаланиш бўйича амалиётни такомиллаштирган ҳолда июлгача Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги, декабрь ойигача юртимиздаги барча тадбиркорлик муассасалари фискал хотирали назорат-касса машиналаридан фойдаланишини йўлга қўямиз», — деди у.

Фискал хотирали онлайн назорат-касса машиналарининг жорий қилиниши савдо қоидаларига риоя этилишини тартибга солиш билан бирга солиқ назорати жараёнини автоматлаштириш имконини беради.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини камайтириш, нақд пул тушумини яшириш мақсадида харидорларга назорат-касса машинаси чекини бермаслик, назорат-касса машинасини носоз ҳолатга келтириш, фискал хотирадаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, назорат-касса машиналарини йўқотиш орқали амалга оширилган товар айланмаси тўғрисидаги маълумотлар сохталаштирилишининг олдини олади.

Бу турдаги назорат-касса машиналарининг чекларида харид қилинган маҳсулот рўйхати, нархи, сони, чек ва касса аппарати рақами ва бошқа маълумотлар акс эттирилади ҳамда QR-код (инглизча «Quick Response Code») ёрдамида қоғоз чекидаги маълумотларни электрон маълумотлар билан солиштириш имконияти мавжуд бўлади.

Тадбир давомида техник хизмат кўрсатиш марказлари ва маҳаллий назорат-касса машиналари ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликда онлайн назорат-касса машиналарининг имкониятлари кўргазмали воситалар ёрдамида намойиш этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг