Фоҳиша миллионли жаримани «қандай» тўлайди?!
Шу кунларда турли оммавий ахборот воситаларида рейдлар ташкил этилаётгани натижасида фоҳишалик билан шуғулланаётганлар аниқлангани ҳақида хабарларга кўзимиз тушмоқда. Албатта, ҳеч бир қонунбузарлик жазосиз қолмайди. Ягона қоида – барча қонун олдида баробар. Бу каби хабарлар орасида фаҳш ишлар билан шуғулланаётганлар ҳақидаги мақолалар ҳам кўп учраб турибди.
Жумладан 23 апрелда «Хабар.уз» сайтида «Гулистонда фоҳишалик билан шуғулланаётган фуқаролар аниқланди» номли Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизматининг мақоласи эълон қилинди.
Минг афсуски, унда фоҳишаларнинг манзили, туғилган йили, қўлга тушган қиз ва йигитларнинг расмларигача эълон қилинган. Тўғри, расмларда юз қиёфаси ҳамда исми-шарифи яширилган тарзда берилган. Лекин, бу хабарни ўқиган уларнинг яқинлари расмдагиларни таниб олишлари муқаррар.
«Мазкур ҳолат юзасидан Гулистон шаҳар ИИО ФМБ ҲПБ томонидан фуқаро Я.Н.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-модда 2-қисми, 190-модда 2-қисми асосида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар Гулистон шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилди. Суд ҳукми билан ҳуқуқбузар Я.Н.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 2-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 (йигирма) баробари, яъни 4.460.000 сўм миқдорида жарима, 190-моддаси 2-қисми билан 5 (беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани» ёзилади.
Муқаддас динимиз асоси Қуръони Каримнинг Исро сураси, 32-оятида шундай баён қилинган: «Зинога яқинлашманглар! Чунки бу бузуқлик ва энг ёмон йўлдир». Роббимиз ҳам биз бандаларига фаҳш ишлардан сақланишни қатьий буюрган.
Ўзбекистон Республикаси тегишли кодексларида жавобгарлик масаласи аниқ-тиниқ қилиб белгилаб қўйилган. Аммо менинг эътиборимни бошқа нарса тортди. Назаримда, бундай мазмундаги хабарларни тарқатишдан олдин чуқурроқ мушоҳада қилиш лозим.
Мақолани ўқигандан кейин ўтказилаётган рейдлардан асосий мақсад гўёки улардан маълум миқдордаги жарима ундириш-у бир неча суткага қамоқ билан жазолашмикан, деган хаёл ўтади.
Жазо билан бу муаммо ечим топадими, қолаверса, улар ҳақидаги маълумотлар бу қадар очиқ-ошкор берилиши уларнинг аҳлоқу одобига қайтганга салбий таъсир кўрсатмайдими? Ота-онаси-ку майли, айбнинг бир қисми зиммасида, лекин яқин қариндошлар, бегуноҳ фарзандлар ва қариндошлар, қўни-қўшнилар қай аҳволда қолади? Уларнинг бир умрлик руҳий тушкунликка солиб қўймаймизми?
Бу ўринда биз оиласини боқа олмаган, карантин пайтида ҳатто мардикор бўлиб ишлашга ҳам иложсиз аёлнинг қонуний йўл билан пул топиш имкониятини яратиш ҳақида уйлашимиз керак эмасми?
Хўш, баднафсини қондириш учун аёлнинг уйига қадам қўйган ёки уйига чорлаган «эр йигитлар»ни ким деб аташ мумкин? Йигитларнинг оила олдидаги масъулияти, ор-номуси ва ғурури қани? Аслида бунақа «капалаклар» кўпайишига белида белбоғи бўлмаган эркакларнинг ўзи сабабчи эмасми? Аёлларимиз нима сабабдан чет элларга чиқа бошлади? Оиласидаги етишмовчикдан, фарзандининг оч қолганидан эмасми?
Муқаддас рўзаи рамазон ойида бу каби аёлларни фаҳш йўлдан қайтариб, уларни фойдали меҳнатга жалб этиш, агар бу ноқонуний ҳаракати иложсизлик ортидан келиб чиққан бўлса, саховат кўрсатиб, рўзғорини таъминлашга кўмаклашиш тўғрироқ бўлмасмиди.
Бир манбада келтирилишича, қизлар она қорнидан енгилтак ёки тарбияли бўлиб туғилмас экан. Уларнинг одоби ва хулқи оилада, ундан кейин жамиятда камол топиб боради. Бу каби саёқлар оилада савоб-гуноҳ нималигини билмай катта бўлгандир.
Эҳтимол, рейд қурбонлари орасида биринчи маротаба йўлдан адашиб, «бу ишга» бош суққанлар ҳам бордир. Ўзи мушкул вазиятда қолган бўлса, бунинг устига оламга жар солиб, шарманда қилинса, пул топиш душвор бўлиб қолган пайтда, 4-5 миллион жарима «бўйнига илинса» кимга фойда-кимга зарар. Агар иқтисодий имконсиз бўлса, бу жаримани тўлаш учун яна «нималар қилмайди» дейсиз.
Албатта, мен жинсий хизматлар савдоси, қўшмачиликни оқлаш позициясида эмасман.
Ахир ўзбек аёли энг қийин вазиятда ҳам, йилларга чўзилган уруш даврларида ҳам ўз виждонини, ор-номусини, шарм-ҳаёсини ва иффатини сақлаган, опа-сингилларимиз ва оналаримиз ўзларининг мислсиз сабр-бардоши ва садоқати билан ҳам ҳурматли ва қадрли бўлиб келганлар.
Шундай синовли кунларда маҳаллий тадбиркорларимиз ўз ихтиёрлари ила кўпгина хонадонларни маълум муддатга озиқ-овқат маҳсулотлари билан, кейинчалик иш ўринлари билан таъминлашлари бўйича ташаббус билан чиқишди. Буни ҳам савобли ишлар қаторидаги энг яхшиси, деб аташимиз мумкин.
Айнан фоҳишалик билан шуғулланган, йўлдан адашган, асл мақсади бошқа бўлган хотин-қизларни тўғри йўлга бошлаш, уларга психологик кўмак бериш, муаммосига жўяли ечим топиб, гуноҳлардан қайтариш йўллари ҳақида кўпроқ бош қотиришимиз керак назаримда.
Манижа Баҳриева
журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter