Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Футбол томоша қилиш юрак хуружига сабаб бўлиши мумкин

Футбол томоша қилиш юрак хуружига сабаб бўлиши мумкин

Фото:«Dreamstime.com»

Миллионлаб футбол мухлислари учун ўйинларни кузатиш, ҳатто телевизор қаршисида бўлса ҳам, ҳаяжонли, шу билан бирга асабий дамларни тақдим этади. Жаҳон чемпионати ўйинлари эса ҳеч бир триллердан қолишмайди. Айримлар ўз саломатлигига футбол томошаси жиддий зарар етказиши мумкин, ҳатто бу машғулот ўлимгача олиб келиши ҳеч гап эмас. Олимлар шундай тўхтамга келишгани ҳақида «Berliner Kurier» хабар бермоқда.

Мухлисларга қандай хавф таҳдид солади?

Статистика кўрсатишича, катта футбол мусобақалари пайтида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш билан боғлиқ уруш-жанжаллар, йўл-транспорт ҳодисалари ва жиноятлар сони ошишидан ташқари, инфаркт ҳолатлари ҳам кўп кузатилмоқда. Гап шундаки, эмоционал стресс қон босими ва пульс ошишига олиб келади. Албатта, юраги соғлом инсон ўйин кўриб ўтириб дабдурустдан юрак хуружидан ўлиб қолмайди. Аммо юрак-қон томир касалликларидан азият чекаётган инсонларнинг ҳаётига эмоционал стресс хавф солиши мумкин.

Хавф қанчалик юқори?

Буни Людвиг Максимилиан номидаги Мюнхен университети олимлари 2006 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати чоғида ўтказган тадқиқот натижалари яққол кўрсатиб бера олади. Тадқиқот давомида улар тез ёрдам шифокорларининг эмоционал стресс одамларнинг ҳолатига қанчалик таъсир кўрсатишига доир ҳисоботларини ўрганиб чиқишди. Аниқланишича, Германия терма жамоаси ўйнаган кунларда жаҳон чемпионатининг бошқа кунларига нисбатан уч барвар кўп одам ўткир юрак бузилишлари билан касалхоналарга тушган. Юрак ишемик касалликларидан азият чекувчиларга шу кунларда тўрт барвар кўп шошилинч ёрдам кўрсатишга тўғри келган. Британияликлар олимлар эса қуйидаги хулосаларга келишди: 1998 йилда Англия терма жамоаси аргентиналикларга ютқазиб қўйган куни инглизлар орасида инфаркт ҳолати 25 фоизга кўпайган.

Мухлислар ўзларини юрак хуружидан қандай ҳимоялашлари мумкин?

Кимнинг юрагида маммоси бўлса ё мазаси қочаётган бўлса ташхис олиш учун шифокорга мурожаат қилиши шарт. Агарда унда гипертония аниқланса, қон босимини пасайтирувчи дори-дармонлар буюрилади. Юрак-қон томир хасталикларининг оғирроқ формаларини бошларидан ўтказаётганларга эса футбол ўйинининг энг асабий дақиқаларида телевизор қаршисидан узоқлашиш тавсия этилади. Унутмаслик керак, кучли ҳаяжонга сабаб бўлувчи ёки жаҳлни чиқарувчи исталган омил инфаркт хавфини юзага келтиради. Қон босимини пасайтириш учун бўшашиш, ётиш, тинч ва бир текис нафас олиш лозим. Бу жараён то ўзингизни яна енгил ҳис эта бошлаганингизни сезгунингизча давом этиши лозим. Ёдда тутинг: алкогол ичимликлар ҳам қон босимини ошириб юбориши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг