Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ФВВ: Ўзбекистонда 2 миллион нафар фуқаро ёнғин хавфсизлиги ойлигида иштирок этди

ФВВ: Ўзбекистонда 2 миллион нафар фуқаро ёнғин хавфсизлиги ойлигида иштирок этди

Фото: © Sputnik/Abdubakir Yunusov

15 сентябрдан 15 октябргача Ўзбекистон бўйлаб ёнғин хавфсизлигини ошириш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган «Ёнғиндан огоҳ бўл!» умуммиллий ойлиги ўтказилди.

Тадбирлар доирасида ФВВ ходимлари эҳтимолий ёнғинларнинг олдини олиш ва аҳолини хавфсиз ҳаракатланиш қоидаларига ўргатиш бўйича профилактик ишлар олиб бордилар.

Профилактик текширувлар ва учрашувлар деярли 800 мингта хонадонда, 2 мингга яқин талабалар ётоқхоналарида, 25 мингдан ортиқ ижара уйларда, 3 мингта қурилиш объектларида, шунингдек, тахминан 200 та меҳрибонлик ва саховат уйларида ўтказилди.

Жами 2 миллиондан ортиқ фуқаро иштирок этган 527 мингта учрашувда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидалари тушунтирилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январ–ноябр ойлари давомида мамлакатда рўй берган ёнғинлар сони 8 мингга яқинни ташкил этган. Ҳодисалар натижасида 91 киши жабрланган, 44 нафар фуқаро ҳалок бўлган. ФВВ мутахассислари қурилиш материалларини танлаш ёнғин хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.

Ноорганик материалларнинг мустаҳкамлиги, мослашувчанлиги ёки бошқа сифатларини ошириш мақсадида уларнинг таркибига кўп ҳолларда маълум миқдорда органик компонентлар қўшилади. Бундай қўшимчалар айрим жиҳатларни яхшилаши мумкин, аммо материалларни ёнишга нисбатан сезувчанроқ қилади. Бу ҳолат айниқса турар-жой ва тижорий биноларни қуришда жуда муҳим аҳамиятга эга.

ФВВ қуйидагиларни қатъий тавсия этади:

- Белгиланган ёнғин хавфсизлиги стандартларига мос келадиган материаллардан фойдаланиш.

- Материалларнинг техник ҳужжатлари ва сертификатларига алоҳида эътибор қаратиш.

- Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш.

Олиб борилган кампания натижалари аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидалари тўғрисидаги хабардорликни ошириш ва фавқулодда вазиятлар юз бериши хавфини камайтиришга хизмат қилди.

ФВВ ойликда фаол иштирок этган фуқаролар ҳамда ташаббусни қўллаб-қувватлаган ташкилотларга миннатдорлик изҳор этади.

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилинг — ўзингизни, яқинларингизни ва мулкингизни эҳтимолий таҳдидлардан ҳимоя қилинг. Саволлар ёки маслаҳат зарур бўлган ҳолларда ФВВнинг энг яқин бўлимларига мурожаат этинг ёки тезкор рақамларга қўнғироқ қилинг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг