Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ғалаба боғи» ҳайкалтарошлари учун қарийб 5 ярим млрд сўм гонорар тўлангани маълум қилинди

«Ғалаба боғи» ҳайкалтарошлари учун қарийб 5 ярим млрд сўм гонорар тўлангани маълум қилинди

Тошкент шаҳар Олмазор туманида барпо этилган «Ғалаба боғи» мажмуасида ижодий ишлар яратган ҳайкалтарошлар учун тўланган гонорарлар тўғрисида маълумот берилди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, 2019 йил сентябр ойида Тошкент шаҳар, Олмазор туманида «Ғалаба боғи» мажмуасининг қурилиш ишлари олиб борилган.

Бу борада хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш мақсадида, мажмуанинг бош пудратчиси ҳисобланган «Трест 12» акциядорлик жамияти томонидан ҳайкалтарошлар – Й. Боқиев, У. Асроров, Ж. Анназаров ва Б. Норбоевлар Хитойга малака ошириш учун юборилган.

Ҳайкалтарошлар томонидан мажмуада «Теракзор» фаввораси, «Шон-шараф гулчанбари» барельефи, «Ғалаба» композицияси, Иккинчи жаҳон уруши мавзусидаги барельеф, «Югураётган солдат», 101 фигурадан иборат «Концлагер», «Асраб олинган 200 000 болалар», 2 фигурали «Мусиқачи солдатлар», 5 фигурали «Югураётган болалар» фаввораси, «Окоп 1» ва «Окоп 2», «Фронт орти», «Учрашув», «Кузатиш», «Уруш» деб номланган барельефлар, «Иккинчи жаҳон урушининг 14 қаҳрамони», «Мевалар, нон, самолётлар» деб номланган барельефлар, «Зулфия Зокирова ва унинг келинлари» композицияси каби ижодий ишлар яратилган.

Жорий йилнинг 27 майида ҳукуматнинг тегишли фармойиши билан ташкил этилган баҳоловчи гуруҳ томонидан мажмуада яратилган ижодий ишлар ва бадиий ёдгорликларнинг 6 нафар муаллифига тўланадиган жами 5 млрд 459 млн сўм муаллифлик ҳақлари (гонорарлар) белгиланган ва 2020 йил 29 майда ҳайкалтарошлар Б.Норбоев 1 233,1 млн сўм ҳамда М. Бородинага 481,3 млн сўм муаллифлик ҳақи (гонорар) ва иш ҳақи тўлиқ тўлаб берилган.

М.Сафарян, Й. Боқиев, У. Асроров, Ж. Анназаровларга муаллифлик ҳақларини тўлаш учун ўз вақтида зарурий ҳужжатлар тақдим этилмаганлиги сабабли «Трест 12» жамияти томонидан ушбу гонорарларни тўлаш имконияти бўлмаган.

Коронавирус пандемияси даврида карантин жорий қилиниши муносабати билан барча ташкилотлар каби «Трест 12» жамиятида ҳам молиявий қийинчиликлар юзага келган.

Шуни инобатга олган ҳолда, 2020 йил 19 ноябрда Вазирлар Маҳкамаси раёсати мажлиси баёни тасдиқланиб, 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида мажмуада бажарилган ишлар учун «Трест 12» жамиятига қўшимча маблағлар ажратилди ва ушбу маблағлар ҳисобидан 2020 йил 20 ноябрь куни барча ҳужжатлар тақдим қилингандан сўнг ҳайкалтарошлар М. Сафарян, Й. Боқиев, У. Асроров, Ж. Анназаровларга жами 3 млрд 684 млн сўм муаллифлик ҳақлари (гонорар) тўлиқ тўлаб берилди. Бугунги кунда мажмуада амалга оширилган ишлар бўйича ҳайкалтарошлардан қарздорлик қолмади, дейилади «Трест 12» АЖ маъмурияти хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг