Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Газ нархининг «водийча рақси» қачонгача давом этади?

Газ нархининг «водийча рақси» қачонгача давом этади?

Фото: «Xabar.uz»

Фарғона водийсида, хусусан, Наманган вилоятида ҳам табиий газ муаммоси қиш кунларига келиб долзарб масалага айланади. 2018 йил 16 ноябрдан автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида газни нархи 11 сўмга кўтарилганди. Шу ойда тизимдаги босим бироз пасайганда автомобилларга газ қуйиш шохобчаларининг айримлари белгиланган нархдан ошириб, 2100 сўмдан нарх қўйиб олинганди. Ўз вақтида кўрилган мониторинг натижаларида ушбу ҳолат икки кунда жойига тушди ва нархлар 1750-1900 сўм атрофида бўлиб турди.

Яъни, 2018 йил 24 ноябрь куни Молия Вазирлигининг “RUZ-68-2018”-сонли буйруғига асосан 2100 сўмга ошган газни нархини 1900 сўмга туширишга эришилган эди. Агарда газ нархини белгиланган нархдан ошириб сотиладиган газ қуйиш шохобчалари аниқланса, Молия вазирлигининг буйруғига кўра, санкциялар қўлланилиши ҳақида огоҳлантиришлар берилган эди.

— Бироқ 2019 йил 1 январь куни фуқаролар томонидан телеграмдаги каналимизга автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида газ нархи 2100 сўмга ошгани ҳақида мурожаатлар кела бошлади, — дейди “Хabar.uz” порталининг Наманган вилоятидаги мухбирига Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Наманган шаҳар ижро этувчи аппарати раҳбари Ҳусанбой Алиев. — Ушбу мурожаатга аниқлик киритиш мақсадида тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, Наманган шаҳрида фаолият юритаётган автомобилларга газ қуйиш шохобчаларда кузатув-ўрганиш ишлари олиб борилди.

Дарҳақиқат, ўрганиш давомида Наманган шаҳридаги 2 та (“Боғишамол обод” масъулияти чекланган жамияти ва “Gaz fueling station” масъулияти чекланган жамияти) газ заправкаларида ҳақиқатдан 1 м. куб газ нархи 2100 сўмдан сотилаётгани аниқланди. Шу куннинг ўзида респубикадаги етакчи сайтлар ва ижтимоий тармоқларда водийнинг бошқа вилоятларида, масалан, Фарғона вилоятининг Қува туманида 2300 сўм, Андижон вилоятида 2200 сўмга газ нархи ошгани, фақатгина Наманган вилоятида газни нархи 1900 сўмдан барқарорлиги сақлаб қолингани ҳақида хабарлар берилди.

Буни қарангки, Наманган шаҳрида фаолият юритаётган автомобилларга газ қуйиш шохобчаларининг раҳбарлари ҳам 2 январь куни кечки соат 21:00дан газ нархини кўтаришга қарор қилишди. Натижада Наманган шаҳрининг ўзида сиқилган метан газ нархи 3 хил кўринишга келди. 1750 сўмдан 2200 сўмгача. Гўёки АЁҚШлардаги 80-91-95 бензинга ўхшаб, газ заправкалар ҳам табақалашгандек туюлди.

Хўш, бу каби “ўйин”лардан кўзланган мақсад нима ўзи? Қолаверса, нархни кўтаришга ушбу шохобча раҳбарларининг қандай асоси бор? Унинг қонунийлигини ким назорат қилади? Бу каби саволлар кишини чуқур ўйга толдиради.

2019 йил 1 январдан газ заправкаларда солиқ нархи 55 сўмга ошгани бор гап. Лекин газ нархи ошмади-ку? 55 сўм учун 300 сўм кўтариб олиш қайси меъёрий ҳужжатларга тўғри келади?

Наманган шаҳрида фаолият юритаётган “Gaz fueling station” масъулияти чекланган жамияти (халқ тили билан айтганда Тешиктош) заправкаси Молия вазирлигининг қарорига бўйсунмаган ҳолда 2018 йил 5 декабрдан яна газ нархини 2100 сўмга, 2019 йил 2 январь куни эса 2200 сўмга асоссиз кўтариб олганига нима дейсиз?

— Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Наманган шаҳар ижро этувчи аппарати ўз олдига бундан кейин ҳам бу каби назорат ва амалий тадбирларни янада жонлантиришни асосий вазифа қилиб қўйган. Зеро, ҳар биримиз кундалик юриш туришимизда истеъмолчи ҳисобланамиз. Юртбошимиз томонидан олдимизга қўйилган вазифаларни ўз вақтида сифатли бажарилишида, аҳолимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, пировардида одамларни ҳаётидан рози қилишда бор куч ва имкониятларимизни сафарбар қиламиз, — дейди ташкилот раҳбари Ҳусанбой Алиев.

Оқилхон Дадабоев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг