Ҳабибулло, Ҳафизулло, Абдулло ва Марям – 10 йил кутилган туҳфа
Самарқандда дунёга келган эгизакларга шундай исм берилди. Болаларнинг ота-оналари фарзандларини 10 йиллик интиқликдан сўнг Аллоҳнинг туҳфаси деб билишади.
«Биз уларни узоқ кутдик, — дейди самимият билан Муниса Бекмирзаева. — Ўн йил! Бу айтишга осон. Бу йиллар давомида қаерларда текширувлардан ўтмадик, қайси мутахассисларга мурожаат қилмадик. Биз турмуш ўртоғим билан, бир куни ота-она бўлиш бахтига етишимизга умидни йўқотмадик. Ҳомиладорлик кутилган ва режалаштирилган эди. Биз оилавий тарзда шифокорлар тавсиясига риоя қилдик, соғлом турмуш тарзида бўлдик, парҳез тутдик. Шукурлар бўлсин, Аллоҳ истагимизни зиёдаси билан инъом қилди».
Тўртлик эгизаклар туғилиши жуда камёб ҳолат. Самарқанд вилоятида сўнгги йилларда тўртлик чақалоқ туғилиши тўртинчи марта қайд қилинди. Туғуруқ жараёни ўзига хос бўлгани учун уларнинг барчаси, халқ орасида 4-туғуруқхона деб аталувчи, вилоят перинатал марказида дунёга келтирилган.
Мунисага ҳам кесерча кесиш, яъни жарроҳлик амалиёти билан болаларини дунёга келтирилиши олдиндан режалаштирилган. Жараён ҳомила 34 ҳафталигида амалга оширилган. Аёл жуда хавотирланганини яширмайди. Туғуруқ яхши ўтгани, барча болалари соғлом эканидан у хурсанд. Шифокорларга, атрофидаги унга хайрихоҳ бўлган ҳар бир инсонга раҳматлар айтади.
Туғуруқдан сўнг чақалоқлар реанимация бўлимига ётқизилган. Улар етарли вазн олмагунча шу ерда парвариш қилинади. Чунки, улар кичик вазнда туғилган. Энг каттаси 2 кило 300 грамм ва энг кичиги бир ярим килограмм. Энг муҳими, улар соғлом ва неонатолог шифокорлар назоратида.
Шифокорлар, вилоят перинотал марказида 500 граммдан бошланадиган экстреминал кичиқ вазндаги чақалоқларни парвариш қилиш учун барча техник шароитлар мавжудлигини айтишади. Ҳар йили бу ерда бир ярим минг атрофидаги чала туғилган гўдаклар етарли вазнга келтирилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter